Флешмоб фожиаси
Миллатни йўқ қилишнинг янги технологияси ҳақида
АҚШлик назариётчи олимлардан бири Ноам Хомский турли медиавоситалар орқали инсон онгини бошқаришнинг синалган усулларини санар экан, жумладан шундай ёзади: «Одамларнинг тафаккури, ҳиссиётларига эга чиқмоқчимисиз? Ишни энг аввало уларнинг онгига «жоҳиллик», «беҳаёлик» ва «тарбиясизлик» гўёки урф экани тўғрисидаги тушунчани сингдиришдан бошланг!».
Бугун парда, тўғрироғи интернет ортидаги мавҳум кучлар миллат маънавияти, руҳиятини ўққа тутишда Хомский эътироф этган усулдан жуда кенг ва самарали фойдаланаяпти. Масалан, ҳозир жинсни алмаштириш, бесоқолбозлик, нудизм (жамоатчилик олдида қип яланғоч кўриниш), эвтаназия (ўз жонига қасд қилиш), терисига шайтоний тасвирлар чиздириш, баданнинг турли аъзоларига темир-терсак илиб юриш ва шу каби ғайриахлоқий иллатлар айрим мамлакатларда модага, таъбир жоиз бўлса «замонавийлик» рамзига айланаяпти.
Тўғри, ҳали ахлоқий қадриятлари, эътиқоди, бир сўз билан айтганда — ўзлигидан воз кечмаган, юқоридаги «олий маданият кўринишлари»га қарши имкон қадар курашаётган миллатлар, мамлакатлар кўп. Аммо ҳақиқат шуки, озгина хотиржамлик ҳам уларни янгидан-янги маънавий-руҳий хуружлар, масалан, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали ҳаракатга келтирилаётган «флешмоб акциялар» кўринишидаги таҳдидларга рўпара қилади...
Порохсиз террор
2003 йил 17 июнь. АҚШнинг Нью-Йорк штатида юзлаб оломон аввалдан келишиб қўйилган жой — шаҳардаги энг йирик савдо марказининг мебель бўлимига бир вақтда ёпирилади. Қўрқув ва ҳайратдан титраётган сотувчи қиздан эса ҳе йўқ-бе йўқ «севги тўшаги» топиб беришни талаб қилишади. Энг қизиғи, унинг жавобини кутмасданоқ, тезда яна ҳаммаси ҳар томонга тарқалади. Гўё ҳеч нарса содир бўлмагандек, барчаси табиийдек...
Дастлабки флешмоб, яъни аввалдан режалаштирилган оммавий акция мана шундай, кўнгилхушлик, бекорчи вақтни «мазмунли» ўтказиш учун ташкил этилган. Унинг қоидаси жуда оддий: ижтимоий тармоқларда «дўстлашган» бир гуруҳ оломон жамоат жойида тўпланади, олдиндан ўйланган «сценарий»ни ижро этади ва тарқалади. Илк бор 2002 йилда америкалик социолог Ҳовард Рейнголднинг «Ақлли оломон: навбатдаги ижтимоий инқилоб» асарида қайд этилган «флешмоб» сўзи ўзбек тилида ҳам — «бир лаҳзали бирлашув», «оний оломон» деган маъноларни англатади.
АҚШнинг Дюка университети профессори Марк Лирининг эътироф этишича, флешмоб акцияларда асосан — умумахлоқий меъёрлардан воз кечиб, лаҳзалик кўнгилхушликка берилиш, ҳиссий қувват олиш, шунингдек муайян вақт мобайнида ичидаги ёввойи истаклар, ваҳшатларни «чиқариб ташлаш» истагида бўлган ўсмир-ёшлар фаоллик кўрсатади.
«Одамларнинг ижтимоий тармоқлар орқали оломон бўлиб бирлашиши уларда ўз-ўзидан ҳеч нарсадан қайтмаслик туйғусини уйғотади. Яъни, оломоннинг ажралмас қисми сифатида кўпчиликка қўшилган одам онгсиз равишда ахлоқан ва ақлан тубанлашади. Шу даражада тубанлашадики, у энди ақл-идрок остонасида туради ва доимо, ҳар қандай дақиқада оломон томонидан ҳаракатга келтирилиши мумкин бўлади», — дейди профессор.
Шундан бўлса керак, айрим тадқиқотчилар флешмоб акцияларни «порохсиз террор»га қиёсласа, бошқа бир гуруҳ олимлар уларнинг инсон онгига таъсири наркотик-психотроп моддалардан кам эмаслигини таъкидлаб келади.
Айниқса, кейинги вақтларда флешмобнинг «полит-моб» (оломондан сиёсий мақсадлар йўлида фойдаланиш), «фаршинг» (ҳар қандай ижтимоий-ахлоқий, этик қоидаларни назар-писанд қилмаслик. Мисол сифатида бугун айрим ғарб давлатларида оммавийлашган «метрода иштонсиз юриш», «нудистлар — яланғочлар намойиши», «зомбилар ҳужуми» каби оммавий фаршинг акцияларни кўрсатиш мумкин), «флеш-роб» (оммавий талончилик, ўғирлик, безорилик каби жиноий хатти-ҳаракатларни амалга ошириш) каби «замонавий» кўринишларининг пайдо бўлаётгани, энг ёмони, флешмоб нафақат ахлоқий қадриятларни парчалаш, балки одамларни жисман маҳв этиш воситасига ҳам айланиб қолаётганидан англаш мумкинки, хавотирлар бежиз эмас.
«Флешмоб суиқасд»
2015 йил 8 декабрь. «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида рус тилида юритиладиган гуруҳларнинг бирида шу номдаги виртуал акция ўтказилади. Шартга кўра гуруҳ аъзолари турли усуллар билан ўз жонига қасд қилиши ва бу жараённи тўғридан-тўғри, яъни интернет орқали онлайн шаклда гуруҳнинг бошқа вакилларига ҳам намойиш этиши ёки ўлимини «тасдиқловчи» фотосуратларни ўз шахсий саҳифасига жойлаштириши лозим эди.
— Гуруҳ администраторлари бошқаларни ҳам ишонтириш учун «жасадини» юборган иштирокчилардан маълум муддат ижтимоий тармоқларда кўриниш бермасликни сўрайди, — дейди ушбу жиноят ишини тафтиш қилган россиялик журналист Галина Мурсалиева. — Афсуски, улар ёвуз мақсадларига эришади. Бу найрангга чув тушган айрим иродаси бўш, тушкунликда юрган ўнга яқин ўсмир ҳақиқатан ўз жонига қасд қилади ва ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини суратга олиб, тармоққа жойлаштиришга улгуради.
Умуман, бу мурғак қалблар руҳиятини боши берк кўчага етаклайдиган ягона усул эмас. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлардаги «ўлим гуруҳлари» томонидан оммалаштирилган «Кўк кит», «Еттинчи осмон», «Космик ковбой», «Югур ёки жон бер» каби флешмоб-акциялар ёки флешмоб-суиқасдлар ҳам ўнлаб, балки юзлаб ота-оналарни азиз фарзанларидан жудо қилаяпти. Биргина Россияда 2015 йилнинг ноябридан 2016 йилнинг апрелигача «ўлим гуруҳлари»га аъзо 130 нафар боланинг ҳаётдан кўз юмиши жуда катта фожиа...
Шундан бўлса керак, яқинда мамлакат тергов қўмитаси ота-оналарни «замонавий идеологлар ҳамда хорижий разведка психиатрлари» томонидан ишлаб чиқилган «Интернетда нейролингвистик дастурлаш орқали муайян миллатни йўқ қилишнинг янги технологияси» ҳақида огоҳлантирди. Хусусан, терговчиларнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда «ўз жонига қасд қилувчилар гуруҳи» таъсирига тушиб қолган болаларда қуйидаги белги-ишоралар пайдо бўлади:
«белгиланган» шоирларнинг ижодига қизиқиш уйғониши (мисол тариқасида Сергей Есенин ва Иософ Бродский номи келтирилган);
китлар, медузалар, мушуклар, капалаклар ва яккашох каби ҳайвонлар суратини сақлаш (расмларга, масалан, «ўлим яккашохда жаҳаннамга кетаяпти» қабилида ном бериш);
эрталаб барвақт уйғониш;
қўлнинг турли қисмларига «сайёралар, сионист ва масонларнинг белгилари, хочнинг тескари шакли, иблис қиёфаси акс этган юлдузлар» тасвирини тушириш;
расмларда сўфи бармоқ, яъни жимжилоқ ёнидаги бармоқни намойиш этиш;
«Nike», «Marlboro» ва «Winston» брендлари рамзий ишораларидан фойдаланиш;
сочни оч яшил ҳамда қизил рангларга бўяш...
— 10-12 ёшли болада ўлим нима эканлиги ҳақида тўлиқ тушунча бўлмайди, — дейди Болалар муаммолари бўйича психология-педагогика жамоатчилик институти директори Татяна Волосовец. — Улар қизил чироқдан ҳеч бир ҳадиксиз ўтиб кетиши ёки жарликдан дарёга қўрқувсиз сакраши мумкин. Бизнинг тадқиқотларимизга кўра болаларнинг фақат 10 фоизи интернетдан ўқиб-ўрганиш, таълим олиш учун фойдаланади, қолган 90 фоизи ўз вақтини асосан ижтимоий тармоқларда ўтказади. Шунинг учун ҳам энг аввало ота-оналар фарзандларининг тармоқдан нима мақсадда фойдаланаётганини назорат қилиб боришлари шарт!
«Онажон, мени қутқар!»
2015 йил 23 ноябрь. «Ўлим гуруҳи» таъсирига тушиб қолган Рина хатосини англаб етганида кеч эди. Гуруҳ администратори ундан «ўйин»нинг сўнгги шартини бажаришни талаб қилади. Агар буйруқ адо этилмаса, оила аъзоларидан бирини ўлдириш билан қўрқитади. Қизалоқ эндигина ўн олти ёшга тўлганди. Чорасиз эди. Қўлига телефонини олиб, онасига энг охирги хабарини қолдиради ва ...пўлат изларга секингина бош қўяди. Унда шундай сўзлар ёзилган эди: «Онажон, мени қутқар!».
Мазкур фожиа бутун дунёни, кенг жамоатчиликни ларзага солди. Россия парламенти Федерация кенгашининг Оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси зудлик билан таълим муассасалари, хусусан мактабларда ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик онги, ўсмирлар тафаккури, ҳиссиётларини манипуляция қилишга қарши дарслар, машғулотлар ташкил қилиш лозимлиги тўғрисида таклиф киритди...
Мен отаман. Сиз — она. Юқоридаги фожиалар биздан узоқда деб ўйлашга, хотиржам бўлишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Аксинча, улар шундоқ кўз ўнгимизда, ёнгинамизда юз бераяпти. Иллат интернет, телефон ёки ижтимоий тармоқда эмас. Уларни эзгу мақсадларга ҳам йўналтириш мумкин. Ҳамма гап эътиборсизлик, бепарволик, лоқайдликда. Ишонинг, флешмобга ўхшаган турли балоларни ёғдириб, миллатларни маҳв этишга тайёр кучлар сиз билан мендан фақат шуни кутади.
Агар кўзимизни эртароқ очмасак — «Фарзандимиз қаерда юрибди?», «Ким билан гаплашаяпти?», «Интернетда нима билан машғул?», «Боламнинг виртуал дўстлари қандай одамлар?» каби саволларга ўз вақтида жавоб топмасак, Ринанинг ота-онаси бошига тушган кулфат сизни ҳам, мени ҳам четлаб ўтишига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
P/S. Яқинда ўзбек ахборот сайтларидан бири Тошкент вилоятида саккиз ёшли боланинг бир йўла иккита — «iPhone» ва «Samsung» русумли қимматбаҳо телефонларини тортиб олган безорилар ҳақида хабар эълон қилди. Айтилишича, жиноятчилар фош этилибди. Матоҳлар кичик эгасига қайтарилибди. Аммо материалнинг мазмунидан ҳам кўра унга қўйилган сарлавҳа эътиборимни тортди — «Тошкентда 2-синф ўқувчисининг «iPhone» ва «Samsung» телефонларини тортиб олган талончилар қўлга олинди». Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ҳақиқий талончи ким?
Хулоса ўзингиздан.
Дилшод Нуруллоҳ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter