Финляндиядаги докторант: «Давлат имижи ва амалиёти ўртасида катта фарқ бор»
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши Финляндиянинг нуфузли Ҳелсинки университети докторантура босқичи талабаси Мирзоҳид Қаршиев бўлди. Қаҳрамонимиз 1983 йили Сурхондарё вилоятида туғилган.
Айни пайтда сиёсий, ижтимоий ва минтақавий ўзгаришлар мавзуларида докторлик тадқиқотини олиб бормоқда.
Финляндияга келишни аввалдан режа қилмаганман
Ўзбекистондаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро муносабатлар йўналишида бакалавр ва магистратура, Буюк Британиядаги Манчестер университетида халқаро сиёсат (халқаро сиёсий иқтисод) йўналиши бўйича магистратурани тамомлаганман. Ўзбекистонда давлат, хўжалик, халқаро ва тадқиқот ташкилотларида ишлаганман. Бирмунча вақт Лондондаги Қироллик коллежида (King’s College London) тадқиқот олиб борганман. Беш йилдан ортиқ муддат давомида Ўзбекистонда давлат бошқаруви, хусусан маҳаллий бошқарув соҳасига кўмаклашувчи лойиҳаларда иштирок эттим.
2019 йил эса менда яна доктoрантурада ўқиш истаги пайдо бўлди. Докторантура учун Финляндиядаги Ҳелсинки университетига топширишни аввалдан режа қилмаганман. Ўзбекистондаги фаолиятим давомида ҳам илмий тадқиқотлардан узоқлашиб кетмаганман. Имкон борича, Ўзбекистондаги ва хориждаги малака ошириш курсларида қатнашиб борганман. Умуман, фаолиятимда амалиёт ва назарияни омухта қилишга ҳаракат ўз соҳамдаги илмий янгиликлар билан танишиб боришга ундаган. Шунингдек, турли илмий конференция ва семинарларда қатнашиш, университетларда ва бошқа тадқиқот масканларида фаолият юритаётган дўстларим ва танишларим билан мулоқот туфайли академик ҳаётдан бутунлай узилганим ҳам йўқ. Айнан Финляндия эканлигига келсак, ҳозир Ҳелсинки (Финляндия) ва Лунд (Швеция) университетларида ишлаётган юртдошларимиз Шерзод Эралиев ва Рустам Ўринбоевларнинг ҳиссаларини қайд этаман.
Шерзод Япониядаги Цукуба университети докторантурасини битириб, Ҳелсинки университетига ишга кетиш олдидан Тошкентда бўлган ва у билан келгуси илмий фаолият тўғрисида узоқ гаплашгандик. Кейинчалик у Ҳелсинки университетидаги докторантура бўйича маълумотлар билан бўлишди, менинг илмий мавзуим эса шу университетнинг Россия, Шарқий Европа ва Евросиё тадқиқотлари маркази — Алексантери институти профессор-ўқитувчилари Рустамжон Ўринбоев ва Анна-Лииса Хеусалани қизиқтирди. Айни кунда, улар менинг илмий раҳбарларим ҳисобланишади.
Шунингдек, университетда докторантлар учун яратилган шароитлар, шунингдек Финляндиянинг нафақат тадқиқот, балки оилавий ҳаёт учун қулайлиги мен ва оилам учун маъқул келди.
1640 йилда асос солинган
Ҳельсинки университети мамлакатнинг бош ва энг қадимий университети ҳисобланади. 1640 йилда ташкил этилган Обо (Турку) қироллик академияси кейинчалик (Финляндия-Швеция империясидан чиқиб, Чор Россиясига қўшиб олинган) янги пойтахт Ҳелсинкига кўчиб ўтган. Айни пайтда университетнинг 40 мингга яқин талаба ва ходимлари 11 факультет ва 4 та кампусга ёйилган. Олийгоҳимиз дунё университетлари рейтингларида TOP-100ликка киради. Шунинг учун, университетга кириш анча қийин.
Университетда ўқиш ва иш фин, швед (давлатнинг расмий тиллари) ва инглиз тилида олиб борилади. Ўқиш тили, босқичи (бакалавриат, магистратура, досторантура), дастуридан келиб чиқиб қўйиладиган талаблар ўзгариб боради. Охирги йиллар университетда дарслар тўлиқ инглиз тилида ўтиладиган халқаро магистрлик ва бакалаврлик дастурлари кўпайиб бормоқда. Масалан, ушбу 37 дастурларга ҳужжат топшириш шу йил январь ойида якунланди, айтишларича, уларга 7000 дан ортиқ одам ҳужжат топширган.
Давлат хизматчиларининг кундалик ҳаётини ўрганяпман
Илмий ишим пост-совет давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда маҳаллий даражадаги давлат хизматчиларининг кундалик ҳаётини ўрганишга бағишланган. Илмий ишим асосланаётган назарияга кўра, фуқароларнинг давлат ҳақида тушунчалари ОАВ, давлат юқори ташкилотлари раҳбарлари нутқлари, қабул қилаётган қарорлари орқали (имиж) ҳамда кундалик давлат номидан иш кўрувчи расмийлар (ҳокимлик мутасаддиси, ички ишлар ходими, ўқитувчи, шифокор, ва ҳакозолар) билан бевосита мулоқот орқали (амалиёт) шаклланиб боради.
Кўпчилик давлат имижи ва амалиёти ўртасида катта фарқ борлигини айтиб, кўп ҳолларда бунга қуйи бўғинларда ишлаётган давлат хизматчиларининг нўноқлиги, шахсий манфаатларини кўзлаши ва бошқа сабабларни кўрсатишади. Уларнинг хулқ-атворини назорат қилишга ҳаракат давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг негизини ташкил этсада, уларнинг ҳаммасини ҳам муваффақиятли деб бўлмайди. Илмий ишим, назарий жиҳатдан, пост-совет жамиятларида шаклланаётган давлат тушунчасини кенгроқ тушунишга ҳаракат қилади, амалий жиҳатдан, маҳаллий бошқарув тизимини ислоҳ қилишда эътибордан четда қолаётган факторларни аниқлашга ва шу орқали бу соҳада сифатлироқ сиёсат олиб боришга хизмат қилади, деб умид қиламан.
Иқлим чидам ва меҳнаткашликни шакллантирган
Финляндияда беш ярим миллиондан кўпроқ одам яшайди, уларнинг ҳаёт тажрибаларини, кундалик ўй-хаёлларини, икки жумлага умумлаштириш қийин. Аммо буларга таъсир қиладиган баъзи бир омилларни келтириб ўтишим мумкин. Финляндия, бизнинг ўлчовимиз билан қараганда, совуқ мамлакат. Апрелда ҳам кўчаларда қор туради, сентябрдан совуқ тушишни бошлайди. Бу иқлим чидам ва меҳнаткашликни шакллантирган, қийинчиликлар олдида эгилмасдан, олдинга ҳаракат қилиш фин жамиятида юксак қадрланади, ҳатто бунинг учун махсус сўзлари (sisu) ҳам бор.
Шунингдек, Финляндиянинг янги тарихида мустақиллик, миллий ўзликни англаш ва мамлакат яхлитлиги учун кураш катта ўрин тутган. 1809 йилга қадар бир неча аср давомида ҳозирги Финляндия ҳудуди Швецияга бўйсунган, ундан кейин бир асрдан кўпроқ Чор Россияси таркибида бўлган. 1917 йилги революциядан кейин мустақилликка эришган жамият ўзаро низолардан, кейинроқ эса (1939–1944 йилларда) бир неча бор Совет иттифоқи билан урушган ва натижада давлатнинг бир қисмини бой берган.
Бу каби воқеалар мамлакатда консенсусга асосланган, ижтимоий демократия тамойиллари мос давлат шаклланишига сабаб бўлган. Фуқаролар ва давлат ўртасида ишонч даражалари юқори, натижада қонун устуворлиги юқори даражада. Қонунга ихтиёрий амал қилиш юқорилиги сабаб, уни таъминлаш учун давлат катта харажатларга бормайди. Кўчада полиция ходимлари кўп учратмайсиз, коррупция даражаси. Солиқлар пропорционал ва юқори бўлишига қарамасдан, ундан қочиш кам. Ҳар йили давлат солиқ хизмати Финляндияда яшовчи барча резидентларнинг қанча солиқ тўлагани (шу орқали қанча даромад топгани) тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.
Финлар, менинг кўзимга, камгап ва иш ва бошқа ижтимоий вазиятларда масофа сақлайдигандай кўринади. Масалан, ҳамкасблар бир-бирини уйларига таклиф қилишавермайди, умуман, шахсий ва профессионал ҳаёт Ўзбекистондагидан аниқроқ ва кўпроқ ажратилган. Финляндияда Ўзбекистонга нисбатан ёлғиз яшайдиганлар анча кўп ва бунга нормал қаралади.
Финляндияга эмиграция Европадаги кўплаб давлатларга нисбатан анча кеч бошланган, давлат ва жамиятнинг бу борадаги тажрибалари камроқ. Шунга қарамасдан, Ҳелсинки, Турку ва Тампере каби шаҳарларда катта мигрант жамоалари бор. Аҳолининг табиий ўсиш даражалари тушиб кетганлиги учун, давлат малакали ишчи кучини жалб этиш устида ишлаяпти.
Эркинроқ ва танқидийроқ бўла олиши керак
Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, бу жуда катта мавзу. Ўзбекистонда сиёсатшунослик, давлат ва маҳаллий бошқарув, бошқарув социологияси, ижтимоий антропология ва умуман, ижтимоий фанлар, эркинроқ ва танқидийроқ бўла олиши керак. Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур гапларини қўллайдиган бўлсак, бу соҳаларни фақатгина қисқа-муддатли, сиёсий конъюктура мақсадларига йўналтириш «ўтин ёриш»дай гап. Масалан, фикримча, жамиятимизда умумий ишонч даражаси, давлат ва фуқаро, фуқаро ва фуқаро ўртасида ишонч даражаси анча паст, ва бунинг давлат бошқарувига, иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига таъсири юқори. Ёки турли хил ижтимоий нормалар, ёзилмаган қоидалар, урф-одатлар ва давлат қонунлари ўртасида муносабатлар етарлича таҳлил қилинмаган. Масалан, нега тумандаги мулозим учун қонун талабларидан кўра юқоридаги раҳбарининг талаблари муҳимроқ аҳамият касб этади?
Алдовнинг узоқ муддатли оқибатларини ўйлаш лозим
Албатта, қаерга бориш каби ким бўлиб ва нима мақсад билан бориш ҳам муҳим. Мамлакат ҳақида умумий билимлар, давлат қонунчилиги ва урф-одатлари ҳақида ўрганиш ҳеч қачон зарар қилмайди. Агар Финляндия узоқ муддатга яшаш ва ишлаш мақсад қилинса, фин тилини ўрганишга тўғри келади. Албатта, бугунги кунда Финляндияда ҳам фақат инглиз тили билан иш топиш мумкин, аммо у ҳолда ижтимоий алоқаларингизни иш ва кичик экспат жамоаси билан чегаралашга тўғри келади. Давлат секторида ишлар, шу жумладан, мактаб ва боғчалар, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳаларида, фин тилини билиш муҳим.
Ўзбекистонликлар учун иқлимга кўникиш бироз вақт ва матонат талаб қилиши ҳам мумкин. Қолаверса, Финляндияда ёз анча қисқа, қиш эса беш-олти ойга чўзилиши мумкин.
Шунингдек, кўпчилик янги келганлар учун қонунни четлаб ўтиш осон кўринади. Кўп ҳолларда, давлат ва хусусий ташкилотлар қайсидир масалада сизнинг сўзингизга ишониши ва исботловчи ҳужжат талаб қилмаслиги, ёки уни текшириб ўтирмаслиги ҳам мумкин. Бу каби ҳолларда ўз нафсини тия билиш ва алдовнинг узоқ муддатли оқибатларини ўйлаган ҳолда иш тутган маъқул кўринади.
Икки хонали уй учун ижара 1000 евро атрофида
Харажатлар тўғрисида умумий гап айтиш қийин. Уй ижараси харажатлари анчагина юқори. Ҳелсинки, Эспоо ва Вантаа шаҳарларида икки хонали уй учун 1000 евро атрофида ижара пули тўлашга тўғри келиши мумкин, қолган жойларда бирмунча арзон. Коммунал хизматлар нархи ҳам паст эмас, аммо иситиш, чиқиндилар, ва баъзи ҳолларда иссиқ ва совуқ сув учун тўлов уй ижараси ичида бирга ҳисобланади. Айтгандай, Финляндияга газ плиталари деярли йўқ.
Мамлакатда қонуний белгиланган минимал ойлик йўқ, аммо, билишимча, ойликлар соатига 10 евродан паст эмас. Қурилиш, сервис соҳасида ишлайдиганлар 15-20 евро ва ундан ҳам кўп олиши мумкин. Statistics Finland маълумотларига кўра, 2019 йилда медиан ойлик 3217 евро бўлган.
Аҳоли табиатга яқин бўлиши муҳим аҳамият касб этади
Бўш вақтларимда кўпроқ болаларим билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан. Финляндия шаҳарсозлик анъаналарига кўра, аҳоли табиатга яқин бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун қаерда яшашингиздан қатъий назар сизга яқин жойда парклар, ўрмонлар, кўллар бор. Ҳар бир маҳалланинг ўз кичик спорткомплекси бор, бу бир ёки бир нечта футбол ва баскетбол, теннис, қишда конки учиш майдонлари ва болалар ўйин майдончалари қамраб олади. Улардан фойдаланиш аҳоли учун бепул. Мен, шунингдек, маҳаллий футбол клубида болалар мураббийи сифатида беғараз ишлайман. Ўтган йили уйимизга яқин, шаҳар ҳокимиятидан ижарага олинган бир сотих ерда деҳқончилик билан шуғулланиб кўрдик, «urban farming» деб аталадиган бу оммавий ҳаракат Ҳелсинкида машҳур.
Шунингдек, бўш вақтларимда турли китоблар ва даврий матбуотни ўқишни хуш кўраман. Ҳелсинки шаҳар кутубхоналари тармоғига 100 дан ортиқ кутубхона бирлашган, уларнинг нашрий ва электрон фондларида нафақат фин, балки инглиз, рус, турк, араб ва бошқа турли тиллардаги манбалар билан танишиш имкони бор. Бу дегани уйингиздан нари борса 10 дақиқа яёв масофада кутубхона мавжуд.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter