«Фарзандини боғчага жойлайман деб қийналиб кетди»
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Тинчлик шаҳарчасидаги 35 ва 37-боғчаларда болаларни навбатга қўйишда инсон омили кузатилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Zed News» каналига келиб тушган мурожаатда айтилган.
«Ассалому алайкум. Бир илтимосим бор, танишим 7-8 ойдан буён фарзандини боғчага жойлайман деб қийналиб кетди. Қишлоқдаги боғча. Ўз ҳудудига олишмаяпти. Давлат хизматлари маркази орқали навбатга қўйилган, аммо навбат ҳалигача келмаяпти. Танишимнинг қўшниси фарзандини у билан бир кунда навбатга қўйган ва унинг боласини олишган», дейилади мурожаатда.
Мурожаатчига кўра, 5 ёшга қараб кетаётган бола қаровсиз қолган, оилада ҳамма ишлайди, бобоси нафақада, яқинда касалхонадан чиққан. Айни пайтда болани қўшни уйга ташлаб, ишга кетишаётгани айтилган.
«Мен бир неча бор Шин хонимга (Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин назарда тутиляпти — таҳр.) ёздим, лекин фақат маълумот учун раҳмат дейишди. Вазирлик ишонч телефони (сайтда 71 239-33-79 кўрсатилган — таҳр.) жавоб бермаяпти», деб куюниб ёзган мурожаатчи.
Каналга кўра, МТВ ишонч телефони ишламаяпти. Сайтда кўрсатилган бошқа рақамлар билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмаган.
ДХМлар орқали болани давлат МТМга жойлаштириш хизмати илк бор 2018 йил 1 апрелдан жорий этилган эди. 2019 йилнинг ёзида эса онлайн навбатларда бир қатор камчилик ва муаммолар юзага келган.
Кейинроқ бу бартараф этилиб, вазирлик расмий баёнот берганди: «Энди таниш-билиш, дўст-биродар қидириб, болани боғчага жойлашга «қинғир» йўл қидирманг! Барчасини ҳалолликдан бошланг!»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter