Фарғона. «Сеул» ресторанидаги жанжал очиқланди, уч гумондор қамоққа олинган
Фарғона шаҳридаги «Сеул» ресторанида содир бўлгани айтилаётган жанжал тафсилотлари очиқланди.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, воқелик 19 февраль куни кеч соат 23:30 атрофида, ресторан ичкарисида эмас, балки остонасида содир бўлган.
Жанжал ресторанга келган Ф. Гафуров, Д. Орифжонов ва Д. Худойбердиевни қўриқчилар ичкарига қўймаганидан келиб чиққани айтилади. Бундан жаҳли чиққан уччовлон рестораннинг эшик ва деразаларини синдириб, қўриқчига тан жароҳати етказганича «Ласетти»га ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетишади.
Мазкур ҳолат юзасидан 21 февраль куни Фарғона шаҳар ИИО ФИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг (ЖК) 277-моддаси (безорилик) тегишли қисмлари билан жиноят иши қўзғатилиб, номи юқорида қайд этилган шахслар қамоққа олинади.
Фарғона вилоят прокуратураси томонидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ва ресторан кузатув камерасидаги тасвирлар назорат тартибида ўрганилганда жиноят иши юзасидан қўшимча ҳолатлар аниқлаган. Яъни, безорилик қилган уч нафар шахснинг бири — Ф. Гафуров уларни ичкарига киритмаган қўриқчи И. Абдуҳамитовнинг ҳаётига тажовуз қилиш мақсадида бошқарувидаги «Ласетти»ни унинг устига қараб ҳайдайди. Бу жараёнда И. Абдуҳамитов ўзини олиб қочишга улгуради, машина эса йўл четидаги вояга етмаган М. Ҳусановга бориб урилади. Бунинг натижасида вояга етмаган М. Ҳусанов «ўнг болдир суяги ташқи ва ички тўпиқлари ёпиқ синиб, ўртача оғирликдаги тан жароҳати олгани»ни судга оид тиббий экспертизада тасдиқлади.
Шундан келиб чиқиб, жиноят иши вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими иш юритувига олинган. Шунингдек, жиноят иши ЖКнинг 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) 2-қисмига қайта малакаланиб, Ф. Гафуровга нисбатан айблов тўлдирилди.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter