Фаластин давлатини тан олишнинг ўзи етарли эмас – испан сиёсатчиси
Европанинг уч давлати – Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластин давлатини расман тан олганини эълон қилди.
Испаниялик таниқли сиёсатчи, «Подемос» партияси раҳбари Ионе Беларра ушбу ҳодисага муносабат билдириб, уни рамзий қадам деб атади. Айни чоқда, у Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу маъмурияти Ғазода амалга ошираётган геноцидни тўхтатиш учун амалий таъзир ва таъсир чораларини кўриш кераклигини таъкидлади.
«Аниқ чораларсиз шунчаки Фаластин давлатининг рамзий тан олиниши Нетаняҳуни ҳамда геноцидни тўхтатишдек ортга суриб бўлмас муҳим вазифани ҳал этмайди. Ҳозирда Фаластиннинг катта ҳудуди Исроил томонидан ноқонуний равишда босиб олинган. (Геноцид ва оккупацияга чек қўйиш учун) Исроил билан дипломатик алоқаларни узиш ва унга қурол-яроғ етказишни тўхтатиш керак», – дейди Ионе Беларра.
Хабарингиз бор, 20 май куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш юзасидан талабнома берди.
Ушбу ҳодисани ёдга олган испан сиёсатчиси халқаро ҳамжамият Исроил маъмуриятига нисбатан аниқ чоралар қўллар экан, у амалий натижа ҳам беришини уқтирган.
Бир неча йил давомида Испания ижтимоий сиёсат вазири лавозимида фаолият юритган Ионе Беларра 2023 йил октябрь ойида Исроил Ғазода қатлиом уюштираётганини қоралаб баёнот берган эди. Сиёсатчи АҚШ ва Европа Иттифоқи Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларига кўз юмибгина қолмай, Тель-Авивнинг инсон ҳуқуқларини бузувчи апартеид ва ишғол сиёсатини қўллаб-қувватлаётганини айтганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter