Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фаластин болалари орзуси: тоза сув, иссиқ овқат ва...

Фаластин болалари орзуси: тоза сув, иссиқ овқат ва...

Исроил бомбардимони ва қамалига дучор бўлган Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси тирик қолиш учун курашмоқда. Уруш бегуноҳ болаларга ҳам беаёв зарба бермоқда.

Anadolu ахборот агентлиги хабарига кўра, кўпдан буён тўйиб овқатланмаётган ғазолик болалар тоза сув ва иссиқ овқатни орзу қилмоқда.

«Сув ҳам, егулик ҳам йўқ. Айниқса тоза сув топиш муаммо бўлиб қолди. Бори ҳам ичишга яроқсиз шўр сув... Исроил ҳарбий самолётлари ҳужумида уйимиз вайрон бўлди. Бомбалардан ҳамма уйлар яксон бўляпти. Қани эди яна дўстларим билан ўйнасам эди!» – дейди 11 ёшли Абдуллатиф Бакир.

Болакай уруш тезроқ тугаши, гўшт тановул қилиш орзусида эканини айтган.

«Оч қоляпмиз. Ҳамиша хавотир ичидамиз. Урушдан чарчадик. Ҳар дақиқада ўлишимиз мумкин», – дейди шафқатсиз синовлар туфайли барвақт вояга етган бола.

Исроил ҳарбийлари ҲАМАС гуруҳининг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазога бомба ёғдирмоқда. 8 октябрдан ҳудуд сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган. Бу эса 2007 йилдан буён қамал ҳолатида яшаётган Фаластин анклавидаги вазиятни янада оғирлаштирди.

БМТ Ғазодаги 2 миллиондан зиёд одам сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолаётгани, гуманитар инқироз чуқурлашаётгани ҳақида бонг урган. Озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа бирламчи зарурий маҳсулотлар ортилган гуманитар карвон Рафаҳ чегара постидан ўтказилмаяпти. Кўп сонли фаластинликларнинг бирламчи эҳтиёжини қондириш учун кунига камида 200 машина гуманитар кўмак керак бўлиши айтилган. Шу маънода салкам уч ҳафта ичида Мисрнинг Рафаҳ пости орқали Ғазога йўлланган бир неча ўн юк машинаси денгиздан томчи деб баҳоланмоқда.

Ғазодаги новвойхоналарнинг бир қисми авиаҳужумларда вайрон бўлган. Соғ қолганлари ҳам электр энергия, ун ва сув тақчиллиги сабаб ишламаётир. Ҳатто болалар ҳам кунига бир маҳал сув ва камтарона егуликка қаноат қилишга мажбур бўлмоқда.

Фаластин томони Исроил 7 октябрдан буён Ғазога 12 минг тонна портловчи модда ёғдиргани, бу эса Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШ томонидан Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган атом бомбаси кучига тенг эканини маълум қилган. 

«Defense for Children International – Palestine» ташкилоти Исроил авиаҳужумларидан ҳар 15 дақиқада бир бола ҳаётдан кўз юмаётганидан огоҳлантирган.

Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёз Мансур сўнгги 19 кун ичида Исроил ҳужумлари оқибатида қарийб 3000 бола ҳалок бўлганини маълум қилган.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ғазода болалар ўлими соат сайин ошиб бораётганидан хавотир изҳор қилиб, уни тўхтатишни талаб қилган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам Ғазодаги ноинсоний қамални ва тинч аҳолига ҳужумларни кескин қоралаган.

Исроил томони ҲАМАС ҳаракати йўқ қилинмагунча ҳарбий амалиёт давом этиши ҳақида баёнот берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг