Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Facebook» газеталарга пул тўлайди

«Facebook» газеталарга пул тўлайди

Фото: BBC

«Facebook» Германиядаги газеталарга пул тўлайди:  ижтимоий тармоқ қатор немис нашрлари билан уларнинг контентини «Facebook News» сервисида ёритиш учун шартнома тузди. Шу келишувнинг ўзиёқ IT-гигант жаҳон жамоатчилиги босими остида ён беришга мажбур бўлаётганини кўрсатмоқда.

Ҳаммаси Австралияда бошланганди — мамлакат ҳукумати янги қабул қилган қонун «Facebook» ва «Google» компанияларига маҳаллий нашрларнинг янгиликларини чоп этгани пул тўлаш мажбуриятини юклади. IT-компаниялар қарорни аввалига кескин, салбий қарши олишди, «Google» ҳатто Австралияда қидирув сервисини ўчириш билан пўписа қилди, кейин эса... йирик нашриёт «News Corp» билан бир неча йиллик ва бир неча юз миллион долларлик битимга келишди.

Австралиядаги сегментида бошида янгиликларга ҳаволаларни эълон қилишни тақиқлашга уринган «Facebook» ҳам узоққа бормади, барча ОАВларга миллиард доллар ажратишга ваъда берди.

Австралиядан ташқари, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германияда ҳам техногигантлар камхарж йўлларни қидириш билан овора — шартнома шартларини ўзлари қўйишса ва камчиқим бўлса.

Бироқ йирик нашриётлар жим тургани йўқ. Масалан, Германияда энг кўп сотиладиган «Bild» газетасининг эгаси — «Springer» ноширлик уйи ҳеч қанақа шартномага қўл қўймаслигини, «Facebook»нинг шартлари кулгили эканини баён қилди.

Ижтимоий тармоқнинг муносабати ҳозирча маълум эмас, бироқ журналистлар ва экспертларнинг тахминича, «Facebook» ўз кучини намойиш этмасдан қўймайди ва «Springer» ижтимоий тармоқдан бадарға қилиниши ҳам мумкин.

Ноширларни блоклаш ва бойкот қилиш билан қўрқитиш муваққат чора, холос. Аслида Марк Цукербергнинг компанияси ҳозир мушкулроқ ҳолатда: бутун дунёдаги назоратчи ва монополияга қарши идоралар унинг фаолиятини тафтиш қилишга зўр берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг