Европа давлатида минглаб одам норозилик намойишига чиқди. Ўзи нима гап?
Шимолий Македонияда оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Пойтахт Скопье кўчаларига чиққан минглаб фуқаролар Болгарияга ён бермасликни талаб қилмоқда, деб хабар беради The Washington Post нашри. Намойишчилар ҳамда полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берган.
Гап шундаки, Шимолий Македония кўп йиллардан буён Европа Иттифоқига аъзо бўлишга ҳаракат қилмоқда. Аммо сўнгги пайтларда ЕИ аъзоси Болгария бунга қарши чиқмоқда. Расмий София Шимолий Македонияга «Европа уйи»га аъзолик йўлида музокара бошлаш учун мамлакат конституциясига болгар миллати ҳақида алоҳида банд қўшиш шартини қўймоқда. Айни чоқда, македон тарихи, тили, маданияти ва ўзига хослиги борасида ҳам мунозара авж олган. Хусусан, Болгария талабига кўра, македон тилининг илдизи болгар тилига бориб тақалиши расман тан олиниши керак.
Франция, ўз навбатида, болгар–македон ихтилофини бартараф этиш учун ўз режасини таклиф қилган. Шимолий Македония маъмурияти эса расмий Париж таклифига рози бўлишга мойил.
Скопье кўчаларига йиғилган кўп сонли намойишчилар ЕИга аъзолик бўйича музокараларда Болгариянинг «камситувчи» талабларини қабул қилмаслик, Франциянинг таклифини ҳам рад этишни сўрамоқда.
«Агар Европа тамаддун соҳиби бўлган биз македонларни қабул қилишга тайёр эмас экан, Македония ва македонларнинг миллий ўзлиги ҳамма нарсадан устун эканини англайдиган сиёсатчилар топилгунча сабр қилиб турамиз», – дейди Шимолий Македония миллий озчилик демократик партияси етакчиси Христиан Мицкоски.
Аввалроқ Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ҳам маҳаллий ҳокимиятни ён беришга ундаш учун Скопьега ташриф буюрган эди.
«Македонияликлар мамлакат номини, маданиятини, тарихини ўзгартиришдан безор бўлган. Улар Болгария ҳамда ЕИдан ҳафсалалари пир бўлганини яширишмаяпти», – деб хабар беради Euronews мухбири Юлиан Стоянов.
Шимолий Македония ЕИга аъзолик йўлида ўз расмий номига ҳам таҳрир киритишга мажбур бўлган. ЕИнинг бошқа бир аъзоси – Греция узоқ йиллар давомида Македония номли вилояти борлигини важ қилиб, қўшни мамлакатдан расмий номини ўзгартиришни талаб қилиб келган. Шу тариқа Афинанинг босими остида 2019 йилда Македония республикаси номи Шимолий Македония республикасига ўзгартирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter