Етилиб келаётган муаммо: cув танқислигини нега ўйламаяпмиз?
Айни дамда Канадада истиқомат қилаётган журналист ва блогер Фарҳод Файзуллаев келажакда катта муаммога айланиши мумкин бўлган сув танқислиги масаласига эътибор қаратди.
Инглиз тилида «there is an elephant in the room» — «хонада фил бор» ибораси мавжуд. Очиқ-ойдин кўриниб турган, аммо одамлар муҳокама қилишни истамаётган муаммога нисбатан ишлатилади.
Хонадаги фил — бу иқлим ўзгариши. 2019 йилнинг июль ойи ўлчашлар бошланганидан буён энг иссиқ ой бўлибди. 2015—2018 йиллар тарихдаги энг иссиқ йиллар деб топилган. Тошкентдаги июль ойи ҳарорати ўртачадан 5—7 даража юқори бўлган.
Масалан, шу йили июль ойининг бир кунида Гренландияда 11 миллиард тонна музликлар эриб кетган. Бир кунда 11 миллиард тонна.
Ўзбекистон президентининг 5742-сонли фармонига кўра, юртимиздаги экинзор ерларнинг сув билан таъминланиш даражаси сўнгги 15 йилда 3048 куб метрдан 159 куб метрга тушиб қолган.
Экинларни суғориш учун сув ўн тўққиз баробарга қисқарган.
Журналист Никита Макаренконинг маълумотларига қараганда, 15 йилдан кейин Ўзбекистонда нафақат экинлар учун, балки одамлар учун ҳам сув етишмай қолади.
Менимча бу ваҳима қиладиган, бонг урадиган муаммо. Бундай кетишда сув танқислиги ва, охир оқибатда, очарчиликка олиб келиши мумкин бўлган вазиятга тушишимиз мумкин.
Албатта, Ўзбекистон атмосферани зарарлантириш бўйича етакчи давлатлар қаторига кирмайди. Хитой, Ҳиндистон, АҚШ каби давлатлар ҳавога жуда кўп зарарли моддалар чиқаради. Аммо сайёра бир. Биз ифлослантирмаяпмиз, деб қўл қовуштирган билан муаммо бизни четлаб ўтмайди.
Шунинг учун биз иқлим ўзгаришига мослашишимиз керак. Сувни тежашимиз, кам сув талаб қиладиган маҳсулотлар етиштиришимиз, қишлоқ ҳўжалигидан кўпроқ илмий ресурс талаб қиладиган маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтишимиз керак.
Орол қуриётган бир пайтда, дунёда сув танқислигидан энг кўп азият чекиши мумкин бўлган давлатда шаҳар кўчаларидаги экинларни суғоришда йўл қўйилаётган исрофгарчиликларни кўриб ёқангни ушлайсан киши — сув жонивор оқиб ётибди.
2014 йил Калифорнияда бўлганимда, у ерда қурғоқчилик эди. Ўзи Калифорнияда, менимча, сув жуда тақчил. Шу сабабли кўчадаги чим шағал ёки дарахт қобиғига алмаштирилаётганди. Сув кранлари автоматига алмаштирилиб, сув кам тушадиган қилинганди. Ҳожатхоналарда ҳам дастагини бурасангиз, озгина сув тушади.
Туркиянинг Антальясида бўлганимда эса кўчадаги ўт томчили суғориш тизимига ўтказилганини кўрганман.
Ишқилиб, иқлим ўзгаришини инкор қилиб бўлмайди. У Ўзбекистонга салбий таъсир қилаётгани ҳукумат томонидан тан олинган. Аммо ҳаракат кам, ҳаракат жуда кам.
Кундалик муаммолар билан ўралашиб қолганмиз. Тонировка, гўшт нархи, сити-митилар. Стратегик масалалар эса четда қолиб кетаётгандек. Ҳозир иқлим ўзгаришининг жамият муаммолари қаторида муҳокама қилинишини кўрмаяпман.
Ваҳима кўтариш керак бўлган муаммо. Ваҳима кўтариб, кейин ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда кеч қолишимиз мумкин.
Айтингчи, иқлим ўзгариши ва сув танқислигини сезяпсизми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter