Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эстония вазири АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байденни коррупцияда айблади

Эстония вазири АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байденни коррупцияда айблади

Фото:«Reuters»

Эстония ички ишлар вазири, радикал йўналишдаги EKRE партияси асосчиларидан бири Март Ҳельме АҚШда ўтган президентлик сайловини кескин танқид қилди. Хусусан, у Қўшма Штатларнинг янги сайланган президенти Жо Байденни коррупцияда айблади.

TRE радиостанциясига интервью берган вазир сайловнинг ҳалол ўтганини рад этган ва Байденнинг ғалабасини шубҳа остига олган.

Радио эфирида Март Ҳельменинг ўғли – айни пайтда Эстония молия вазири лавозимида фаолият юритаётган Мартин Ҳельме ҳам отасидан ўрнак олиб, сайлов сохталаштирилганини иддао қилган. Бундай шароитда демократия ва ҳуқуқий давлат ҳақида гапириш нораво эканини таъкидлаган.

Мунозарали баёноти ортидан ички ишлар вазири Мартин Ҳельме истеъфо беришга мажбур бўлди. Аммо М.Ҳельме АҚШдаги сайлов ва Жо Байден хусусидаги фикрида собит экани, азбаройи сиёсий коалицияни сақлаб қолиш учунгина истеъфо берганини маълум қилган. «Оғзимни ҳеч ким ёпа олмайди. На бош вазир,  на президент, на матбуот», – деган эндиликда собиқ вазир М.Ҳельме.

Март Ҳельме аввал ҳам можароли баёнотлар билан тилга тушган. Хусусан, у  2019 йил декабрда Финляндия бош вазири Санна Маринни ошпаз хотин деб атаган ва унинг сиёсий салоҳиятини шубҳа остига олган. Узр сўраган Ҳельме вазирлик курсини ўшанда сақлаб қолган.

Ота-бола арбобларнинг Қўшма Штатларга нисбатан билдирган баёноти Эстония раҳбарияти томонидан кескин танқидлар билан кутиб олинди. Президент Керсти Кальюлайд Ҳельмеларнинг фикрини демократияга ҳужум ва Эстония хавфсизлигига таҳдид деб баҳолади. Эстония етакчиси мамлакатнинг асосий иттифоқчиси бўлган Қўшма Штатлар раҳбарияти шаънига айтилган номақбул сўзлар миллий хавфсизликка таҳдид солиши эҳтимолини ҳам соқит этмади.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу ҳам ошиғич равишда ота-боланинг баёноти асло расмий Таллин позициясини ифодаламаслигини эълон қилар экан, ҳамкасбларига «АҚШга раҳбарлик»ни бас қилиб, Эстония ички муаммолари билан шуғулланишни тавсия этди.

Айни пайтда мухолифат АҚШдаги сайлов қонунийлигини шубҳа остига олган кичик Ҳельме – молия вазирининг ҳам истеъфосини талаб қилмоқда. Бу борада парламентга ишончсизлик мактуби йўлланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг