Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эртак эмас, ҳақиқат: 16 йилга «кесилган» суд раиси бир йилга қолмай оқланди!

Эртак эмас, ҳақиқат: 16 йилга «кесилган» суд раиси бир йилга қолмай оқланди!

Фото:«Xabar.uz»

Бундан икки йил бурун Президент Шавкат Мирзиёевнинг суд органларидаги аҳвол, айниқса коррупция  аталмиш бало ҳаддан зиёд урчиб кетганини кескин танқид қилиши ортидан тизимда «тозалаш ишлари» бошлаганди. Айни жараёнда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Марат Абдужаббаров вазифасидан озод этилиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди ҳатто. Бир неча ойга чўзилган тергов ишларидан сўнг  ўтган йилнинг баҳорида собиқ суд раиси 16 йилга озодликдан маҳрум қилгани ҳақида узуқ-юлуқ гаплар урчиди, бироқ  бу хабарлар  расман на инкор, на тасдиқ этилди.

Яқинда яна норасмий хабарлар тарқалдики, собиқ раис бутунлай оқланибди.

Узоқ йилга озодликдан маҳрум этилган шахснинг қисқа вақт ичида оқлангани амалиётда қарийб учрамайдиган ҳодиса. Шу боис «Xabar.uz» айни масалага ойдинлик киритишни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига сўровнома юборди.

Бош прокуратура матбуот хизмати М. Абдужаббаров оқланганини расман тасдиқлади. Унга кўра: «Жиноят-процессуал кодекси ва Олий суд Пленуми қарорининг далиллар мақбуллигига оид талабларидан келиб чиқиб, М.Абдужаббаровни айблаш учун асос қилиб олинган далиллар ишни кассация инстанциясида кўриб чиқилишида номақбул деб топилган. Натижада суд жиноят ишининг унга оид қисмини Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-банди (жиноий ҳодиса юз бермаганлиги), 2-банди (қилмишда жиноят таркиби бўлмаганлиги) ва 3-банди (содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги)га асосан тугатган».

Жавобдан кўринадики, оқловга нисбатан Бош прокуратуранинг эътирози  йўқ.

Дарвоқе, собиқ суд раиси қандай жиноятларда айблангани очиқланмаган.

Қачонлардир ноҳақ жавобгарликка тортилиб, оқланиш илижида юрганларга ҳам Марат Абдужаббаровнинг йўлини берсин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг