Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эртага нима бўлади?

Эртага нима бўлади?

Иллюстратив фото

Сайёрамизда шиддат билан ёйилаётган бало — коронавирус инсоният олдига бир қанча саволларни қўйиб турибди шу тобда. Биринчи савол: вируснинг йўли тўсилдими?

Умидбахш хабарлар йўқ эмас, албатта. Бироқ вирус йўли тўла-тўкис тўсилгани ҳақида гапиришга ҳали эрта. Давлатлар кўраётган чораларга қарамай, вирус турли мамлакатларда бирма-бир пайдо бўляпти. Вирусга чалинганларни аниқлашда юзага келадиган мушкулликлар ва унинг юқумлилиги даражасини ҳисобга оладиган бўлсак, дунё бўйича айни инфекцияни ташиб юрганлар сони эълон қилинганидан анча кўп бўлиши эҳтимоли катта.

Буни тан олиш маъқулми ёки инкор қилиш?

Вирус таҳдиди омманинг саросимага тушиши, яъни қўрқув таъсирида кишиларда онгсиз ҳаракатлар қилиш устун келиши, бу эса ижтимоий-иқтисодий инқирозни ва кейинчалик ижтимоий-иқтисодий коллапсни келтириб чиқариши ва вазиятни янада қийинлаштириши билан ҳам қўрқинчлидир. Аммо бу ерда муҳим савол бор — саросима қаердан келиб чиқади, бошқача айтганда, саросиманинг «она»си нима?

Қўрқувнинг манбаси бу — мавҳумлик. Масалан, қоронғуликдан қўрқиш қоронғу жойда нима борлигини билмасликдан келиб чиқади. Демак, қўрқув ва ундан келиб чиқадиган саросимани йўққа чиқарувчи биргина омил — мавҳумлик-қоронғуликни кетказиш, яъни вазиятга ойдинлик киритиш. Қоронғу жойга нур таратсангиз, қўрқув кетади. Ҳатто у ерда хавф турган бўлса-да, қўрқув бирмунча чекинади.

Инчунун:

  • вирус таҳдидидан пайдо бўладиган саросимани олдини олиш учун аҳолини максимал даражада вирус ҳақида маълумотлар билан қуроллантириш;
  • кишилар хавф-хатар даражаси ҳақида воқеликка мос тасаввурга эга бўлишларини таъминлаш лозим.

Ҳолатни яшириш эса, аксинча, қўрқув ва саросиманинг кўпайишига хизмат қилади. Шу билан бирга, бунинг теппа-тескарисига:

  • илмсизлик сабаб бир тоифа кишиларнинг беғам бўлишига,
  • хавфсизлик чораларига беписандлик қилувчиларнинг сони кўп бўлишига олиб келади (бу эса ўта жиддий салбий омил).

Илмсизлик натижасида кишиларда ҳосил бўладиган эътиборсизлик, беғамлик, хавфсизлик талаб этувчи тартибларга амал қилмасликка қарши давлат томонидан кўриладиган мажбурлов чоралари эса катта куч ва маблағларни сафарбар этишга олиб боради. Аммо шунда ҳам бундай чоралар яхши натижа келтирмаслиги мумкин – мавҳумликда қолган одамларнинг бир қисми баттар саросимага берилишлари мумкин.

Катта хатарлар — воқелик чақириқлари. Бу каби чақириқларга муносиб жавоб бериш кенг омманинг иши ва оммавий сафарбарликни талаб қилади — баъзи ташкилотларнинг баъзи тадбирлари билан иш битмайди. Оммавий сафарбарлик тушунчаси эса оммавий онглиликни тақозо қилади. Айнан оммавий онглиликни ошириш хавфсизлик омилларининг ўз-ўзидан ишга тушиб кетишини кўп маротаба осонлаштиради. Шунинг учун оммавий ахборот воситалари (айниқса телевидение) орқали:

биринчидан, коронавирус ҳақида, умуман, вирус ҳақида, унинг хатари, «ишлаш» механизми ҳақида тушунишга максимал осон қилиб таёрланган чиқишлар (хусусан, қисқа фильмлар) қилиниши,

иккинчидан, хатар даражасини оммага борича ошкор қилиш лозим.

Жамият бошига келадиган бундай синовлар фуқаролар қай даражада оммавий сафарбарликка тайёр эканини ҳам кўрсатади. Аммо бу ҳаммаси эмас. Сафарбарликка қодир бўлмаган ҳар бир халқ, айниқса бундай халқнинг ойдинларида бунинг сабабларини таҳлил қилишига фурсат пайдо бўлади.

Моддий фаровонлигидан бирмунча маст бўлиб, ҳушёрлигини йўқотган Европа ёхуд тоталитар тузумлар шароитида фақатгина куч билан тартиб сақлашга «қодир» бўлган халқлар ўзининг «усти-боши»га бир назар солишининг мавриди келди, чамаси.

Катта хавфлар юзага келганда ўтмиши буюк халқларда бирлашиш, бир-бирни қадрига етиш ва, нимасини айтамиз, эс-ҳушнинг жойига келиши кузатилади. Бунинг ортидан эса халқнинг бошига яхшиликлар келади.

Ҳозирда халқ, давлат, жамият ичидаги турли гуруҳлар бир-бирига яқинлашиши, бир-бирининг қадрига етиши, кўп нарсани қайтадан ўйлаб кўриши фурсати келди. Биз ҳам ўтмиши буюк халқмиз, ахир?!

Муҳаммад Шакур

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг