Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эртага Бош прокурор Сенатда ҳисобот беради. Унгача...

Эртага Бош прокурор Сенатда ҳисобот беради. Унгача...

Фото: Бош прокуратура

Эртага, Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисининг иккинчи кунида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг ҳисобот бериши кутилмоқда.

Олиймақом сенаторлар олдида ҳисобот бериш шунчаки ишмас. Бунинг учун яхшигина тайёргарлик талаб этиладики, мамлакат бош қонун посбони ҳам ҳар бир рақам ва ҳолат устида обдон бош қотираётгани аниқ. Эътиборлиси, Бош прокурор нафақат катта машваратга тайёргарлик кўрибди, балки сенаторларни ҳам бунга (ҳисоботини эшитишга) тайёрлашни унутмаган кўринади.

Гап шундаки, ялпи йиғилиши арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг Бош прокуратурага ташрифи кузатилди.

Фото: Бош прокуратура

Мазкур тадбирга оид ахборотда сенаторлар ташриф давомида прокуратура органларининг қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган назорат фаолиятининг натижалари билан бевосита танишгани айтилади. Ўзаро мулоқот жараёнида парламентнинг юқори палатаси аъзоларига коррупцияга қарши курашиш, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси жараёнида қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича прокурорлар секторлари фаолияти каби ўнлаб устувор йўналишларда амалга оширилаётган ишлар натижаларини аниқ мисоллар асосида батафсил маълумотлар берилган. Шу билан бирга, прокуратура органлари фаолиятида янгича ёндашувлар асосида давлат дастурлари ижросини таъминлашга устувор аҳамият берилганлиги таъкидланибди.

Фото: Бош прокуратура

Сенаторлар борган жойда савол-жавобларга алоҳида ўрин берилиши табиий. Бош прокуратурадаги тадбир ҳам бундан мустасно бўлмабди: «Савол-жавоб, қизғин баҳс-мунозара руҳида самимий кечган мулоқотда илгари сурилган таклиф ва тавсиялар нафақат прокуратура органлари ходимлари, балки Сенат аъзолари учун ҳам бирдек муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир», — дейилади ахборотда.

Фото: Бош прокуратура

Энг муҳими — юқорида айтилган гап: сенаторларнинг мазкур ташрифи Бош прокурорнинг ҳисоботи кутилаётган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси арафасида ташкил этилганлигида. Нега десангиз, ҳисобот тинглаш — бошқача, ўша ҳисоботни тизим фаолияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган ҳолда тинглаш — умуман бошқача таассурот беради-да.

Сенатда ҳисобот берадиган амадорлар кам эмас. Улар ҳам Бош прокуратура ташаббусини синаб кўрса чакки бўлмасди. Тўғри, осонмас, аммо қилса бўларкан...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг