Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрон ядровий қурол яратишга жуда яқин келди — BILD

Эрон ядровий қурол яратишга жуда яқин келди — BILD

Фото: BILD

Эрон ўз ядровий қуролини яратишга жуда яқинлашди. Эҳтимол, бир неча ҳафта қолгандир. Бу ҳақда Бонн университетининг Хавфсизлик, стратегия ва интеграция соҳаларида илғор тадқиқотлар маркази директори Улрих Шли BILD нашрига маълум қилди.

Немис мутахассисининг сўзларини депутат, Эрон миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси аъзоси Жавод Каримий Ғадоусийнинг X (Twitter)даги пости ҳам далиллайди. У «мамлакат энди бир ҳафта қолганда огоҳлантириб, ядровий синов ўтказа олиши»ни ёзди.

Ғадоусий тушунтиришича, Эрон раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий буйруқ берса, «12 минг километргача учувчи ракета илк синовини бошлаш» учун ҳарбийларга бир ҳафта етарли бўлади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) директори Рафаэл Гросси Deutsche Welle каналига интервюсида Эрон атом бомбаси яратиш учун етарлича бойитилган уранга эга бўлиши учун «бир неча ойлар эмас, балки ҳафталар қолгани» эҳтимоли катталигини айтган. Бироқ Эрон бир неча ҳафтада ўз атом қуролига эга бўларкан, дейиш ҳам нотўғри.

«Ишлайдиган ядровий каллакни яратиш учун парчаланувчи ашёдан ташқари, унга боғлиқ бўлмаган яна кўп нарсалар керак бўлади», — таъкидлади Гросси.

Эроннинг ядровий қуроли

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг маъмурияти Эрон билан ядровий келишувдан чиққанига олти йил бўлди. Шундан сўнг Теҳрон кўрсаткичлари қурол даражасига яқин бойитилган уранни тўплашга жадал киришиб кетди. Экспертлар бу мамлакат яқин келажакда ўз атом бомбасини яратишидан хавотирдалар. Яқинда бўлиб ўтган Исроил ва Эрон ўртасидаги «ракеталар дуэли» Яқин Шарқ жанг майдонини янада кенгайтирди — унинг оқибатлари ядровий қуролларда акс этиши эҳтимоли билан ҳам даҳшатлидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг