Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрон жаҳон ҳамжамиятидан бу тажовузкор ҳаракатни қоралашни сўрайди – Исмоил Бақоий

Эрон жаҳон ҳамжамиятидан бу тажовузкор ҳаракатни қоралашни сўрайди – Исмоил Бақоий

Эрон жаҳон ҳамжамиятидан Исроилнинг мамлакатга тажовузи ҳамда «тинч мақсадларга йўналтирилганлиги исботланган Эроннинг ядровий дастури»га нисбатан амалга оширилган ҳаракатларни қоралашни сўрамоқда.

Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий «Tehran times» газетасида эълон қилинган мақоласида  Исроил режимининг мамлакатга ҳужуми ва унга қарши жавоб чоралари ҳақида сўз юритади.

Муаллифнинг қайд этишича, 2025 йил 13 июнь тонгида бошланган Исроил режимининг Эронга нисбатан кенг кўламли ҳаво ҳужуми олдиндан огоҳлантирмасдан амалга оширилган.

«Бу ҳаракат сўзнинг тўлиқ маъносида очиқ тажовуз ҳисобланади. Бу режим ҳаводан ракета ва дрон орқали мувофиқлаштирилган ҳужумлар билан аҳоли яшаш ҳудудлари, ижтимомий инфратузилмалар, давлат муассасалари ва Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) назорати остидаги ядровий объектларни нишонга олди.

Бу ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ, хусусан, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамда БМТ Низомининг очиқдан-очиқ ва қўпол равишда бузилиши ҳисобланади. Энг даҳшатли ҳолатлардан бири – бу турар жой биносига қилинган Исроил ҳужуми натижасида 60 нафар тинч аҳоли, жумладан, 35 аёл ва бола шаҳид бўлганидир. Ҳарбий операцияларнинг янги тўлқинида ҳам бу режим инфратузилмалар ва саноат объектларини нишонга олмоқда», – дейди муаллиф.

Бақоий, шунингдек, бу ҳужум учун асос сифатида «Халқаро атом энергияси агентлиги томонидан бир неча бор текширилиб, тинч мақсадларга йўналтирилганлиги исботланган» Эроннинг ядровий дастури келтирилаётгани, бироқ бу объектлар ҳозир ҳам халқаро инспекциянинг қатъий назорати остида эканини айтади.

Қолаверса, у Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг сўнгги фавқулодда йиғилишидаги сўзларидан иқтибос келтириб, тинч мақсадлардаги ядровий объектларга қилинган ҳарбий ҳужум БМТ Низоми, Агентлик Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларини бузиш эканлигини таъкидлайди.

«Исроил режими мустақил давлатларга қарши ноқонуний куч ишлатишда узоқ ва асосланган тажрибага эга. Тинч аҳоли, ҳаётий аҳамиятга эга инфратузилма ва халқаро ҳимоядаги объектларга қасддан ҳужум қилиш, бу режимнинг БМТ Низомида қайд этилган тамойилларга нисбатан мунтазам беэътиборлигини кўрсатади. Яқинда қилинган ҳужум – ўзига хос бир ҳодиса эмас, балки бу режимнинг халқаро ҳуқуқ тизимини доимий равишда бузиш ва босим билан ўз манфаатларини илгари суриш сиёсатининг бир қисми ҳисобланади. Бу ерда нафақат қонун эътиборсиз қолдирилмоқда, балки қасддан йўқ қилинмоқда», – дейди Эрон ТИВ расмийси.

Исмоил Бақоий глобал ҳуқуқ тизими шубҳа остида қолган айни пайтда «ҳуқуқий принципларни танлаб қўллаш ва сиёсий манфаатларни устувор қилиш жаҳон тартибининг асосий қадриятларига – барқарорлик, жавобгарлик ва қонун устуворлигига таҳдид солаётгани»га урғу беради.

У, шунингдек, Эрон томонининг Исроил режими тажовузига жавоби БМТ Низомининг 51-моддасида эътироф этилган ўзини-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига мос келиши ҳамда «халқаро ҳуқуқ қоидаларига тўлиқ мос, асосли, зарур ва мутаносиб» тарзда амалга оширилганини айтади.

Эронлик муаллиф БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бу тажовузкор ҳаракатга қарши қатъий муносабат билдира олмаганини савол остига олади. Жумладан, 1981 йилда Исроил томонидан Ироқнинг Осирак ядровий реакторига қилинган ҳужумдан кейин, Кенгаш 487-сонли резолюцияни қабул қилиб, бу ҳужумни қоралаганини ва тинч мақсаддаги ядровий объектлар дахлсизлигини таъкидлаганини эслайди.

«Бироқ бугун Кенгаш сукут сақламоқда ва музокара жараёнлари сиёсий босим ҳамда бир гуруҳ кучли давлатларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли тўхтаб қолган.

Эрон жаҳон ҳамжамиятидан бу тажовузкор ҳаракатни қоралашни сўрайди ва БМТ Низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига содиқ қолишини таъкидлайди. Миллий суверенитет муҳокамага қўйилиши мумкин эмас. Агентлик назоратидаги ядровий объектлар нишонга олинмаслиги лозим. Куч дипломатия ўрнини босишига йўл қўйиб бўлмайди. Исроил режими ўз хатолари ва қасддан қилган провокациялари орқали халқаро муносабат қоидаларини ўзгартиришга йўл топмаслиги керак. Тинчлик йўли жавобгарлик билан бошланади ва халқаро тизим буни амалга ошириш иродасига эга эканини намоён этиши шарт», – дейилади мақола сўнггида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг