Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пахтачига 44 кишилик «десант» ташланди

Пахтачига 44 кишилик «десант» ташланди

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан жамоат назорати гуруҳи тузилди.

Турли идора ва жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари, таниқли шоир, ёзувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат 44 кишилик «десант» вилоятнинг энг чекка тумани — Пахтачига келиб тушди.

Тўрт секторга 11 кишидан бўлинган тўрт гуруҳ яна кичик гуруҳларга ажралиб, маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида ҳар бир хонадонга кириб, муаммоларни ўрганмоқда. Тўпланган маълумотлар вилоят ҳокимлиги штабига етказиляпти.

Вилоят ҳокими ваколат берган назорат гуруҳи вакиллари туманнинг муайян масала ҳал этилишига бевосита масъул бўлган раҳбарларни ўша хонадонга чақириб, муаммолар бартараф этилишини таъминлашмоқда.

Энг кўп мурожаат ичимлик суви, газ балонлари таъминоти ва ишсизлик муаммолари хусусида бўлмоқда. Пахтачи қурилиш-иқтисод касб-ҳунар коллежини битирган ёшлар деярли ҳар бир хонадонда бор, аксарияти ишсиз.

Бир қанча ечимини кутаётган масалалар соатлар ичида бартараф этилди. Масалан, кеча кечқурун кредит олиб, маҳаллада мини футбол стадиони қураман, деган йигитга эрталабдан «Агробанк» ходимлари кредитни расмийлаштириб беришди. Унга стадион қуриш учун жой берилди.

Бир оиланинг электр энергияси бўйича 1.200.000 сўм қарзи бор, деган даъво билан келавериб, тинкасини қуритган МИБ ходими ва электр таъминоти идораси раҳбари иштирокидаги амалий текширувлардан сўнг, оиланинг қарзи йўқлиги аниқланиб, улардан кечирим сўралди.

Ишсиз ёшларга турли корхоналардаги бўш жойлар таклиф қилинмоқда.

Хонадонларда муaммоларни ўрганиш давом этмоқда. Бу тажриба вилоятнинг барча туманларида қўлланилади.

Каримберди Тўрамурод,
«Xabar.uz» мухбири, жамоатчилик назорати гуруҳи аъзоси.
Пахтачи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг