Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эркин Турдимов ким обуна бўлиши лозимлиги ва пулни қаердан олиш кераклигини айтди

Эркин Турдимов ким обуна бўлиши лозимлиги ва пулни қаердан олиш кераклигини айтди

Бугун Самарқанд вилоят ҳокими Эркин Турдимов Халқ депутатлари кенгаши йиғилишидаги мурожаат билан чиқиш қилди ва йил якунлари ҳамда келгуси йил режалари бўйича ҳисобот берди. АОКА томонидан ташкил қилинган пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари ҳам ушбу йиғилишда иштирок этди.

Xabar.uz мухбири томонидан маълум қилинишича, вилоят ҳокими ўз мурожаати давомида обуна масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

— Обуна бўйича ҳамма билиб олиши керак, одамларнинг газета ўқишга чанқоғи баланд. Кўпчилик интернетдан янгиликларни ўқиб олса бўлади, дейди. Йўқ, интернетни ўқийдиган тоифа бошқа.

Ўзбекистоннинг асосий аҳолиси қишлоқларда яшайди. Маҳаллага кириб, сўраб кўрингчи, ким интернетга кирар экан? Ёши элликдан ошганлардан саноқлиси интернетдан фойдаланади. Аксарияти газета ўқийди.

Нима, чет давлатда газета ўқилмайдими? Ҳамма жойда газета сотилади. Шунчаки у ерда одамлар ўз ихтиёри билан обуна бўлади.

Биз ҳам ўзгаришимиз керак, редакциялар ҳам.

Ҳар бир мактаб битта газетага давлат ҳисобидан обуна бўлиши керак. Биз бирор ўқитувчини обуна бўлишга мажбур қилмаяпмиз. Ҳамма билиб олсин. Мен буни алоҳида гапиряпман.

Мактабга бориб: «Ҳоким айтяпти, обуна бўларкансан», дейдиганларнинг кучи кимга етади? Фаррошга, кейин бечора ўқитувчига етади, улардан пул йиғишни бошлайди.

Ҳаммага мурожаат қилмоқчиман, агар кимдир бориб «ҳоким айтяпти, обуна бўларкансан», деса, бу ноинсоф бизга душман бўлади. Биз ходимлардан пул йиғ, деган гап айтмаганмиз.

Ҳар бир мактабнинг биринчи навбатда ривожлантириш жамғармаси бор, иқтисод қилинган маблағ бор ва агар шунда ҳам етмаса молия бошқармаси, керак бўлса вилоят бошқармасидан пул олиб, обуна ташкиллаштириш керак.

Иккинчидан, мактаб директори фидойи бўлса, ўзи обуна бўлсин. Жуда ватанпарварлик қилса, хўжалик ишлари бўйича мудири бор, у обуна бўлсин. Бўлди, бошқа ҳеч ким мажбурланмасин, — деди Эркин Турдимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг