Эрдўғон: «Тез орада зилзиладан жабрланганларга 75 мингта янги уйни топширамиз»
3 февраль куни Туркиянинг Ҳатай вилоятида бир йил аввалги зилзилада жабр кўрган хонадонларга янги уйларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон қатнашди.
«Бугун 7275 нафар ватандошимизга янги хонадонлар калитини топширмоқдамиз. Уларнинг 6572 нафари вилоят ва туман марказларида, 703 нафари эса қишлоқ ҳудудларида яшовчилардир. Икки ой ичида зилзила рўй берган минтақада 75 минг уй қурилишини якунлаймиз», – деди Туркия раҳбари.
Эрдўғон ҳукумат ўз ваъдасига содиқ қолиб, йил охирига қадар табиий офатда жабр кўрган аҳолига 200 минг янги хонадон топширишини таъкидлади.
Бундан бир йил аввал, 6 февраль тонгида Туркиянинг жануби-шарқий Онадўли минтақасида бошланган зилзилалар натижасида кўплаб вилоятлар, айниқса, Газиантеп ва Қаҳраманмараш катта талафот кўрди. Табиий офат, шунингдек, Ҳатай, Адияман, Диёрбакир, Малатя, Усмония, Элазиг, Килис, Шанлиурфа, Адана вилоятларида ҳам машъум из қолдирди. «Аср фалокати» деб номланган табиий офат оқибатида Туркиянинг 11 та вилояти, 124 та туманида яшовчи қарийб 14 миллион киши жабр кўрди.
Туркия халқининг ирода ва сабр-матонатини тоблаган табиий офат қардошлик, биродарлик муносабатларини ҳам бир қур имтиҳондан ўтказди. Кучли зилзила рўй берган куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилиб, кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафот кўрилгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги гуруҳи қидирув-қутқарув ишларида фаол кўмак берди.
Ўзбекистонликлар табиий офатда жабр кўрган қардошларга моддий-молиявий кўмак ҳам кўрсатди.
Аввал хабар берганимиздек, Туркиянинг юртимиздаги элчиси Олган Бекар кучли табиий офат кунларида Ўзбекистон халқи кўрсатган кўмак унутилмаслигини айтиб, миннатдорлик билдирганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter