Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

«Эр нимага керак» ёхуд «кўча» усулидаги «дарс»лар

«Эр нимага керак» ёхуд «кўча» усулидаги «дарс»лар

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда турли тоифадаги психологлар-у, тренингчилар анча кўпайиб қолди. Уларнинг кўпчилиги аёлларимизга оила сирларидан, ҳатто эр билан бўладиган нозик муносабатлардан дарс берувчилар бўлса, баъзилари ёш болаларни жанговар «машқлари» билан гўёки жасоратга чорлашмоқда.

Тармоқларда тарқалган бир видеотасвирда тренингчи аёл аввалига боланинг журъатсизлигини, камчиликларини ўзига англатган ҳолда, уни буғиб олиб, «ўзига бўлган ишончини» оширмоқда.

Жазавали, сўкинишларга тўла бу ундашлар, эндигина Колизей майдонида қонли жангга киришга шай гладиаторларга бўлаётган чорловлардан кам эмас. «Ўзига бўлган ишонч», боланинг жажжи онгида атрофдагиларга нафрат, руҳий исёнлар билан амалга ошириладими? Ёки йигитларга чинаккам эркак бўлиш, таҳқиромуз танбеҳлар билан ўқлов ўқталиб уқтириларканми? Ўзига хос тўпори фразалари билан бу жайдари психологлар, болаларга биринчи навбатда ўзгадан ҳаққини ажратиб олишни, шу мақсадда ҳеч нарсадан тап тортмасликни ўргатиб, улар тафаккурида «кўча» образларига симпатия шакллантириб қўймаяптимикин? Анъанавий психологиянинг ички хотиржамликка чорловчи биринчи амалиётига парадоксал бу йўналиш нечоғлик хавфсиз?

Шу ўринда қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, аввало мижозлар, ота-оналар ҳам фарзандларининг қанақа методикада тренинг ўтиши, бунинг оқибатига кенг аҳамият бериши керак. Баъзи юмшоқ табиат ўсмирларни психологларга қанча олиб бормасин, фойдаси кам. Ундан кўра, эндокринолог шифокор кўригида гармонал ҳолатини аниқлаш, шу асосда тегишли амалиёт ўтказиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Аёлга эр керакми ёки...

Яна бир тоифа эса, тармоқларда кўп реклама бўлаётган аёлларга ўзини англашида, оилавий муносабатлар шакллантиришида, гўёки «супер натижа» ваъда қилаётган психологларнинг назарияси эса тўлиқ ғарб тенденциясига асосланган.

Тарқалган видеолардан маълум бўлишича, улар эгоизмга асосланган илк дарсиданоқ тингловчига, аввало, жуфтидан ҳақини ажратиб олишни ва фақат «мен»ни, яъни ўзини севишни ўргатмоқда. Баъзи маърузачиларнинг чорловлари содда тингловчилар тасаввурида оила ва эрга нисбатан фобияни шакллантириб қўймасмикан? Улар андоза олаётган жамиятларда ўзи оила индукциясига қандай ёндашилади? «Никоҳ ҳислар панжараси», «ёшлигингда яшаб қол(!)» тамойиллари асосида яшайдиган аксарият сўққабошлар, оқибат ҳувиллаган уйда ёлғиз қолиши одатий ҳол.

Ажримларда оила, фарзандлар тақдиридан кўра, мулк тақсимоти муҳим ўрин тутади. Буларнинг аксарияти ўша ички «мен»ни севиш ва «эркинлик»ни даво қилувчи психологларнинг кўрсатмалари оқибати эмасмикан? Баъзиларида оилага нисбатан шаклланган фобия шу даражага бориб қолдики, айрим «эрксевар» эркаклар суррогат она орқали фарзанд кўраётган бўлса, яна шундай аёллар «эко муолажа» орқали фарзанд кўриб, «тинчгина яшаш»ни маъқул кўришмоқда.

Хўш, энди айтинг-чи, бизга шунақа индивидлар асосидаги жамият керакми?

Истардикки, баъзи «интернет психологлари» ҳам дарсларида оилаларимиздаги келишмовчиликларни муолажа қилишда, ўзимизнинг азалий садоқат, матонат, сабр ва фидойиликка асосланган муносабатларни тарғиб қилишса. Тренингни номаълум ресурслар ҳисобига эмас, менталитетимизга ва эътиқодимизга бегона бўлмаган профессионал таълим асносида ташкил этишса.

Бу борада олийгоҳларимиз ҳам, психология йўналишлари асосини яратишда одатий анъанавийликдан воз кечиб, ихтисослашувни йўлга қўйиши, миллий таълим платформаларини яратиши лозим.

Акс ҳолда дипломли профессионал мутахассислар қолиб, қайсидир курсларни ўтаган «интернет юлдузлари» ўсмирларга «ёрвориш»нию, аёлларимизга «эр нимага керак» деб, «оилапарвар»ликдан сабоқ беришни давом этаверишади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг