Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕОИИ: бирдамлик ва тенглик ҳақидаги гаплар чўпчакка айланмоқда

ЕОИИ: бирдамлик ва тенглик ҳақидаги гаплар чўпчакка айланмоқда

Фото: ТАСС

19 май куни Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг ноанъанавий форматдаги учрашуви бўлиб ўтди. Иттифоқнинг юқори органи саналган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғини коронавирус пандемияси сабабли илк бор видеомулоқот шаклида ташкил этилди.

Онлайн-саммитда Қозоғистон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, шунингдек, Молдова (кузатувчи сифатида) президентлари иштирок этди. Машваратда турли масалалар муҳокама қилинди, аммо энг ёдда қолган ҳодиса Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг маърузаси бўлди. Зеро, қўшни мамлакат раҳбари ўз чиқишида ЕОИИга аъзо мамлакатлар, хусусан, унга кузатувчи сифатида қўшилаётган Ўзбекистонда кўпдан буён хавотир ила муҳокама этилаётган мавзу – миллий суверенитет масаласини кўтарди.

Халқаро тузилманинг 2025 йилга қадар ривожланиш стратегияси хусусида фикр билдирар экан, президент Тўқаев ЕОИИ доирасидаги интеграция аъзо мамлакатлар суверенитетига дахл қилмаслиги лозимлигини таъкидлади. Қозоғистон раҳбарига кўра, интеграция йўлидаги саъй-ҳаракатлар, жумладан, таклиф этилаётган тараққиёт стратегияси энг аввало миллий-ҳуқуқий тизимлар устуворлигига таяниши лозим. Акс ҳолда, бу жараён миллий ҳукумат ва парламентларнинг суверен ҳуқуқлари поймол этилишига олиб келади.

1. Сўнгги виртуал саммит бешовлоннинг муносабати «беш» эмаслигини кўрсатди. Фото: «ТАСС»

Қозоғистон президенти дипломатик мулозаматни бир четга қўйиб, стратегия борасида танқидий муносабат билдиргани бежиз эмас. ЕОИИ Россиянинг империя даъволарини рўёбга чиқариш йўлида ташкил этилган, собиқ СССРни тиклашга қаратилган халқаро лойиҳаси деган қараш мавжуд. Таҳлилчиларга кўра, ЕОИИнинг янги стратегияси ҳам Кремль сиёсий манфаатларига хизмат қилиши мумкин. Гап шундаки, айни пайтда иттифоққа аъзо мамлакатлар сиёсатига аралашувга олиб келувчи тартиб таклиф этилмоқда. Москва таклифига кўра, ЕОИИнинг мувофиқлаштирувчи органи – Евроосиё иқтисодий комиссиясига аъзо мамлакатларнинг учинчи давлатлар билан савдо масалалари бўйича музокараларида иштирок этиши ҳуқуқи берилиши лозим. Бу эса аъзо мамлакатлар нафақат иттифоқ доирасида, балки ундан ташқарида ҳам савдо борасида Кремлнинг қош-қовоғига қараши лозимлигини англатади. Бундан ташқари, Евроосиё иқтисодий комиссиясига соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан бўйича ҳам ваколатлар бериш кўзда тутилмоқда. Яъни халқаро иқтисодий тузилма аъзо давлатларнинг бошқа соҳаларидаги сиёсатига ҳам аралашуви хавфи юзага келмоқда.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Ўрозгали Селтеев ҳам Евроосиё иқтисодий комиссияси миллий ҳукуматлар устидан бошқарув идораси экани, Москва ундан аъзо мамлакатларга босим ўтказиш учун фойдаланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«ЕОИИнинг келажаги мавҳум. У нари борса божхона иттифоқи шаклида фаолият юритиши мумкин, аммо мазкур форматда ҳам ишлар хамирдан қил суғургандек осон кечмаётир. Иттифоқда ваъда қилинган устунлик ва иқтисодий интеграциядан кўра тўсиқ ва чекловлар кўпроқ. Интеграциянинг намойишкорона чуқурлашуви фақат Россия манфаатларига хизмат қилади. Шундай экан, Қозоғистон иқтисодий прагматизм йўлини тутмоғи лозим», – деб ёзади сиёсатшунос.

Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам кўпдан бери ЕОИИ доирасидаги нотенг муносабатдан ёзғириб келади.

«ЕОИИдан кўп нарса кутаётганим йўқ. Сергакликка ундовчи ҳолатлар бисёр, зиддиятлар бир олам ва тоқат қилиб бўлмайдигани – ЕОИИ тобора сиёсийлашиб бормоқда», – деган эди А.Лукашенко журналистлар билан учрашувда.

Қирғизистон ҳам ЕОИИ доирасида жорий этилган турли чекловлардан мамнун эмас. Мамлакат парламенти депутатлари орасида иттифоқ доирасидаги барча битимлар ижросини тўхтатиб туриш тарафдорлари ҳам талайгина.

Арманистон эса Москва томонидан таклиф этилаётган газ нарх-навосидан норози.

Сирасини айтганда, Россия расмий матбуоти ЕОИИни бўлинмас ва якдил бирлашма дея тамсил этишга ҳарчанд уринмасин, иттифоқ ичида зиддиятлар бисёр. Сўнгги онлайн-саммит ҳам бешовлоннинг муносабати «беш» эмаслигини кўрсатмоқда.

2. Олий даражада ўтказиладиган машварат коронавирус пандемияси сабаб бу гал камтарона тарзда – онлайн шаклда уюштирилди. Фото: Қозоғистон президенти расмий сайти

Эслатиб ўтамиз, ЕОИИ 2015 йилда Россия томонидан Беларусь ҳамда Қозоғистон иштирокида таъсис этилган. Кўп ўтмай Арманистон ва Қирғистон ҳам иттифоққа қўшилди ва аъзолар сони бештага етди. Яна бир собиқ совет республикаси – Молдова айни пайтда кузатувчи мақомида.

Олий Мажлис қўш палатаси Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи сифатида иштирокини қўллаб-қувватлаган. Бу борадаги сўнгги қарор президент томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг