Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энтони Блинкен АҚШ бош дипломати сифатида тасдиқланди. У ҳақда нималар маълум?

Энтони Блинкен АҚШ бош дипломати сифатида тасдиқланди. У ҳақда нималар маълум?

58 ёшли Энтони Блинкен 4 йиллик танаффусдан кейин Давлат департаментига биринчи раҳбар ўлароқ қайтди.

Фото:«Reuters»

АҚШ сенати Давлат департаменти раҳбари лавозимига илгари сурилган Энтони Блинкен (Antony Blinken) номзодини тасдиқлади.

Эътиборга молик жиҳати, президент Жо Байденнинг кўп йиллик маслаҳатчиси саналган Э.Блинкеннинг отаси ва амакиси ҳам АҚШ элчилари сифатида фаолият юритган.  Шу боис ҳам янги тайинлаган Давлат котиби ушбу масъул лавозимда оилавий анъаналарни давом эттиражагини маълум қилди.

«Бугун биз рўбарў келган жиддий муаммоларни АҚШ каби қудратли давлат ҳам ёлғиз ҳолда ҳал эта олмайди», – деди Э.Блинкен сенатда ўтказилган суҳбат чоғи. Шунга кўра, у иқлим ўзгариши, терроризм, қуролланиш, ковид пандемияси каби глобал муаммоларга қарши ҳамкор ўлкалар билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш истагини билдирди. Бош дипломат, айни чоғда, АҚШнинг халқаро етакчилигини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшишини таъкидлади.

Энтони Блинкен 1962 йилда Нью-Йорк штатида давлат хизматчиси ва дипломатлар оиласида дунёга келган. Унинг отаси Дональд Блинкен АҚШнинг Венгриядаги, амакиси Алан Блинкен эса Бельгиядаги элчиси сифатида фаолият юритган.

Э.Блинкеннинг оилавий қиссаси эзгулик ва ёвузлик, зулмат ва зиё ўртасидаги курашнинг ёрқин намунаси саналади. Унинг бобоси Морис Блинкен ўтган асрда Россияда авж олган таъқиблар туфайли Қўшма Штатлардан паноҳ топган. Отаси нацистлар концлагерида тутқунлик азобларини бошдан кечирган. Онаси Вера Блинкен эса коммунистлар ҳукмрон сурган Венгриядан АҚШга қочиб борган.

«Ота-онам, бобом ва момом – муҳожирлар, қочқинлар, Ҳолокост қурбонлари бўлган. Кўплаб америкаликлар каби менинг оилам учун ҳам АҚШ Ер юзидаги сўнгги нажот қалъаси вазифасини ўтаган. Уларнинг ҳаёт қиссаси менга ҳамиша илҳом ва куч берган», – дея яқинлари кечмишини ёдга олади Э.Блинкен.  

Шу тариқа болалигидан АҚШ қадриятлари руҳида тарбиялаган бўлажак Давлат котиби икки нуфузли  олий ўқув юрти – Ҳарвард ҳамда Колумбия университетларини тамомлаган. Давлат департаменти, президент Билл Клинтон маъмурияти, АҚШ сенати халқаро алоқалар қўмитасида фаолият юритган. Шу йиллар мобайнида Э.Блинкен атоқли сиёсатчи Жо Байденнинг ишончли маслаҳатчиларидан бирига айланган. 2008 йилда ҳокимият тепасига Барак Обама келгач, Э.Блинкен миллий хавфсизлик бўйича масъул лавозимга тайинланган. 2015-2017 йилларда эса Давлат котибининг ўринбосари вазифасида фаолият юритган. 

Оқ уйга республикачилар вакили Дональд Трамп келгач, Блинкен сиёсий карьерасини тўхтатиб, хусусий бизнес билан шуғуллана бошлаган, хусусан, «WestExec Advisors» консалтинг фирмасини таъсис этган. Ишбилармонлик фаолияти давомида ҳам сиёсий таҳлилчи сифатида нуфузли телеканалларда шарҳлар бериб борган.

Э.Блинкен Қрим ҳамда Украина шарқидаги ҳодисалардан кейин расмий Вашингтоннинг Москвага нисбатан сиёсатини ишлаб чиққан асосий шахслардан бири саналади. Янги маъмурият учун ҳам Россия билан ҳамкорлик масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, тобора ҳаддан ошаётган Хитойга тегишли сабоқ бериш, НАТОнинг мавқеини мустаҳкамлаш, Афғонистон ҳамда Яқин Шарқда вазиятни барқарорлаштириш Давлат котиби ҳал этиши лозим бўлган муҳим вазифалар сирасига киради.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг