Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг чуқур ғор, энг баланд кўприк ва энг сирли маскан – Наманганга борамиз (видео)

Энг чуқур ғор, энг баланд кўприк ва энг сирли маскан – Наманганга борамиз (видео)

Ҳар қандай сайёҳ сафарга чиқаркан кўпроқ жойни кўришни истайди – ажойиб табиат, тарихий обидалар, замонавий кўнгилочар жойлар. Наманган – айнан шундай жой! У ерда чиройли табиат ҳам, тарихий объектлар ҳам, замонавий кўнгилочар масканлар ҳам бор. Хўш, у ерга қандай борилади?

Масофа ва транспорт

Аслини олганда Тошкентдан Наманганга масофа у қадар узоқ эмас, 280 километр атрофида. Аммо йўл довон ошиб ўтгани туфайли бироз вақт талаб қилади, енгил машинада 4,5-5 соат ичида манзилга етиб олиш мумкин. Йўлкира эса бир киши учун 150 минг сўм атрофида бўлади.

Поезд бу масофани ўртача 4 соатда босиб ўтади, нархи ҳам талаб даражасида – купега 170 минг сўмга чипта сотиб оласиз.

Узоқ йўл юришни ёқтирмайдиганлар эса самолётда Наманганга парвоз қилишлари мумкин. Самолётга чипта нархлари ҳам турлича, ҳаммаси қачон буюртма беришингизга боғлиқ. Эконом тоифага 250 000 сўмдан бошланади, комфорт ва бизнес тоифа нархлари эса анча қиммат, 2-3 миллионгача ҳам бориши мумкин. Ҳаммаси чиптани қачон буюртма қилишингизга боғлиқ, қанча эрта ҳаракат қилсангиз, шунча арзон бўлади.

Биз Наманган сари поездда юришга қарор қилдик! Нима учун? Бунинг бир қатор сабаблари бор – биринчидан, водий сари кетаркансиз, тоғлар орасида шундай манзаралар бўладики, кўриб тўймайсиз. Анча-мунча Швейцария тоғларига дам берадиган масканларимиз бор. Манзилга ета етгунча баҳри дилингиз очилиб боради.

Чодак
Наманганга келган одам албатта Чодакни бориб кўриши керак. Попда поезддан тушасиз ва у ердан Чодаккача бўлган масофа унчалик узоқ эмас, ярим соат нари берисида манзилга етиб оласиз. Муҳими – йўлкира ҳам қиммат эмас, киши бошига 30 мингдан.

Чодакда нимани кўрасиз? Ишонинг, у ерда сира зерикмайсиз! Узунлиги 300 метр бўлган тўртта осма кўприк, узунлиги 50 метр бўлган шишали осма кўприк, шаршара ва 400 метрлик бўлган осма дор йўли (зиплайн) сизга керагидан ортиқ адреналин бера олади. Очиғи, ўзим ҳам баландликдан қўрқишимни Чодакка келиб сезиб қолдим!

Яна Чодакда жуда ажойиб ва андак қўрқинчли ғор ҳам бор. Қоронғу ғор, 300 метр баландликда лапанглаб бориб келаётган осма кўприк ва ғизиллаб учаётган дор йўли – буларни бошқа жойдан топишингиз анча оғир масала!

Ахсикент
Чодакни кўриб олгач, қадимги гўша - Ахсикент сари юрдик. Бу ерда дунёга машҳур қиличлар ишлаб чиқарилган, ер ости йўллари бўлган, минг йил олдин ҳам водопровод тизими ишлаб турган.

2016 йилдан эътиборан Ўзбекистоннинг турли соҳаларида кўтарилиш даври бошланди. Бу давр археологияни ҳам четлаб ўтмади ва шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибори билан Ахсикентни очиш ишлари бошланди. Шаҳар бир неча асрлик мудроқ уйқудан аста-секин уйғона бошланди.

Европа ва Ахсикент
Ахсикентликлар жуда тартибли, тоза-озода яшаганлар. Шаҳарда чиқинди ва ювинди сув учун махсус ўралар кавланган. Кўчага чиқинди ташлаш эса қатъиян ман қилинган, қонун билан жазоланган. IX-X асрларда, яъни бундан минг йил илгари Ахсикентда санитария қоидаларига жиддий амал қилинган. Шу сабабли шаҳарда юқумли касалликлар кам тарқалган.

Шу ўринда бир мисолни келтириб ўтсак. Ўтган йили Европада саёҳатда бўлганимизда бир ажойиб манзарага дуч келдик. Бизда унинг фотоси ҳам бор!

Қўҳна Европадаги уйнинг деворига ёпишиб ўсган нок дарахти – манзара шунчалик чиройли эдики! Биз учун анча ноодатий манзара қаршисида селфи ҳам қилиб олдик.

Кейин эса бизни олиб юрган гиддан қизиқиб сўрадик – нима учун нок дарахти уйга ёпиштириб экилган? Гидимиз сўзлаб берганларидан эса, юмшоқ қилиб айтганда, шок ҳолатига тушиб қолдик – эмишки, ўрта асрларда Европа шаҳарларида санитария масаласи жуда оқсаган, хожатхоналар эса муаммоли бўлган. Одамлар тувакдаги ахлатларини шунчаки кўчага тўкиб юборишган экан. Деворга ёпиштириб экилган дарахт эса турли нохуш нарсаларни кўчага шалоплаб тўкилишдан сақлаб, анча-мунча ахлатни ўзида ушлаб қолган эмиш. Бу ҳақида ҳатто интернетдан анча-мунча маълумот ҳам топса бўларкан.

Энди ўша эшитганларимизни Ахсикентдаги ҳолат билан таққослаб кўринг! Албатта аждодлар билан мақтанавериш яхши эмаску, аммо ўрта асрларда санитария масаласи бунақа ечим топганига фақат қойил қолиш керак. Шундай эмасми?



Сув етказиш тизими
Ахсикентнинг яна бир ажойиб жиҳати – унинг сув етказиш тизимидир. Шаҳар гумбазсимон услубдаги ер ости йўли орқали сув билан таъминланган. Ер ости йўлидан сопол қувурлар ўтказилган ва бир неча километр узоқликдаги сойдан Ахсикентга сув олиб келинган. Энг муҳими – қувурлар шикастланган тақдирда таъмирлаш учун ерни қазиш шарт бўлмаган, шунчаки усталар ер остига тушганлар ва қувурларни янгиларига алмаштириб чиққанлар.

Шу ўринда энди бир савол пайдо бўлади, ўйлаб кўринг, IХ–ХII асрларда Ахсикент водийнинг энг гавжум, пойтахт шаҳри бўлса, шаҳар ичи зич уйлар ҳамда дўконлар билан банд бўлса, қандай қилиб бу ер ости иншооти қурилган? Энг қизиғи ҳам мана шунда, ўз замонасининг амалий фанларига таянган қурувчи усталар бу ажойиб иншоотни ҳозирги метро қурилиши усулида бунёд қилганлар. Аввал пишиқ ғиштдан гумбазсимон услубда ўзига хос ер ости йўли қурилиб, унинг тубига катта диаметрли сопол қувурлар ётқизилган. Сув ана шу қувурлар орқали шилдираб оқиб келган.

Эътиборлиси, бу тизимнинг сувни тозалаш, филтрлаш қисми ҳам бўлган. Яъни, ер ости йўлининг маълум жойларида пишиқ ғиштдан қурилган ер ости кузатиш хоналари бўлган. Сопол кувурларда оқаётган сув кузатиш хонасидаги кичик ҳовуз орқали ўтган. Натижада сув таркибидаги қум, майда тош ва бошқа ёт жисмлар ҳовуз тубига чўкиб, қолиб кетган, тоза сув эса хонадонларга борган. Қойил қоларли жиҳати, бу беҳад ажойиб қувур тизими шаҳар аҳолисига энг камида 300 йилдан ортиқ хизмат қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг