Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди ҳудудлар республикадан маблағ кутмасдан, ички йўлларни ўзлари таъмирлашлари зарурлиги айтилди

Энди ҳудудлар республикадан маблағ кутмасдан, ички йўлларни ўзлари таъмирлашлари зарурлиги айтилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

Унда президент карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда, шунингдек, қурилиш материаллари бозори билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Карантин даврида мазкур индустрия корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми 30-40 фоизга камайган. Ўз навбатида, хомашё маҳсулотлари ҳам сотилмай қолган.

Шундан келиб чиқиб, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компаниясига биринчи ярим йилликда маҳсулот ишлаб чиқаришни 10 триллион сўм ва йил охиригача 22 триллион сўмга етказиш вазифаси қўйилди. Бу кўрсаткичларни таъминлашда экспорт бозорлари асосий имконият ҳисобланади.

Импорт ўрнини босувчи маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Юртимизда бунинг учун зарур хомашё олиш мумкин бўлган 275 та истиқболли кон мавжуд. Мисол учун, Ғозғонда 52 миллион долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Президентимиз конларни ўзлаштириш орқали шундай самарали лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилда энергия тежамкор қурилиш материаллари тайёрлаш бўйича 7 та лойиҳани ишга тушириш, келгусидаги объектларни лойиҳалашда ушбу маҳсулотлардан фойдаланишни назарда тутиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Карантин даврида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилишига Инқирозга қарши кураш жамғармасидан қўшимча 1,5 триллион сўм, хусусан, сув таъминоти бўйича 55 та лойиҳага 500 миллиард сўм ва йўл қурилиши бўйича 1 минг 547 та лойиҳага 1 триллион сўм маблағ ажратилди.

Йиғилишда бу лойиҳаларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилди. Пудратчиларни аниқлаб, қурилиш ишларини тез фурсатларда бошлаш муҳимлиги қайд этилди.

Пандемия сабабли халқаро молия ташкилотлари маблағлари иштирокидаги лойиҳалар ҳам тўхтаб қолган эди. Хусусан, ичимлик суви тизимини яхшилаш ҳамда йўл қурилиши соҳасида шундай муаммолар мавжуд.

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, бундай лойиҳаларга тендер орқали маҳаллий пудрат ташкилотларини ҳам жалб қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Давлатимиз томонидан маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш, хусусан, йўл қурилиши учун маблағларни шакллантиришга барча шароитлар яратиб берилди. Энди ҳудудлар республикадан маблағ келишини кутиб ўтирмасдан, ички йўлларни ўзлари таъмирлашлари зарурлиги айтиб ўтилди.

– Умуман олганда, уй-жой қурилиши бўладими ёки инфратузилма объектларими, қурилиш соҳаси янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш, пировардида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун катта имконият ва захира ҳисобланади. Тармоқ раҳбарлари бугунги йиғилишда ўзларига юклатилган масъулиятни чуқур ҳис этиб, ишларни тўғри ташкил этсалар, иқтисодий инқироздан имкон қадар кам йўқотишлар билан чиқиб кетамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг