Энди ҳар ойнинг иккинчи шанба ва якшанбаси «саёҳат кунлари» этиб белгиланди

Мамлакатда туризм соҳасини иқтисодиётнинг муҳим стратегик тармоғи сифатида янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кескин ошириш, янги туризм объэктларини ташкил этиш, соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида Президентнинг «2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-87-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йил якунига қадар туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- республика ҳудудларига 15,8 млн нафар хорижий туристларнинг сафарларини ташкил этиш, туризм хизматлари экспортини 4 млрд АҚШ долларига етказиш;
- ички туризмни ривожлантириш ҳисобига 40 млн та маҳаллий сайёҳларнинг ҳудудларга сафарларини ташкил этиш, қўшимча 378 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиш.
2025 йил 1 июндан Баҳрайн Қироллиги, Қувайт Давлати ва Ўмон Султонлиги фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланади.
2025 йилдан ҳар йили 30 ноябрга қадар келгуси йил туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади.
2025 йилдан ҳар йили ноябр ойининг 3-ҳафтасида Халқаро туризм ҳафталиги ташкил этилади.
2025 йил июн ойидан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурини амалга ошириш учун ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари «Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни» этиб белгиланади.
Республика миқёсида ёшлар ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари ғолиблари қўшимча равишда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмаси билан тақдирланиши белгиланди.
2027 йил 1 январгача тадбиркорлар томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхоналар учун қуйидаги миқдорларда 1 марталик субсидия ажратилади:
- I тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 10 млн сўм;
- II тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 7 млн сўм;
- III тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 5 млн сўм.
2028 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг туризм йўналишидаги ходимлари малакасини ошириш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
2030 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг хизматлари халқаро туризм ва тиббиёт ярмаркалари ҳамда кўргазмаларида тарғиб қилинади.
2025 йил 1 июндан туризм соҳасига оид барча давлат электрон тизим ва платформалари Миллий туризм ягона платформаси доирасида ишлаб чиқилади.
2025 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида «Ипак йўлида туризм» тематик офиси ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter