Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳурматли ҳайдовчи, энди сен доимий кузатувдасан (фото)

Ҳурматли ҳайдовчи, энди сен доимий кузатувдасан (фото)

Светофорнинг қизил чироғидан ўтган транспорт эгаси қайд этилди.

Фото: «Ubdd.uz»

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 18 кун ичида ҳаракат хавфсизлиги қоидалари бузилишига оид 50дан зиёд видеоролик қабул қилди.

Аксарият ҳайдовчиларга теккан бир касаллик бор: қаерда ЙҲХ инспектори бўлмаса ёки кузатув камералари ўрнатилмаган бўлса, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиб кетаверишади. Кўриб қолишмаса, жарима белгилашмаса бўлди, деб ўйлашади. Энди бу усул ўтмайди. Чунки улар доимий кузатувда бўлишади. Қанақасига, дейсизми?

2018 йилнинг 5 март кунидан бошлаб Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси сайтида «мобиль мухбир» номли махсус бўлим ишга туширилгани ҳақида хабар берган эдик. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар ҳар қандай қоидабузарлик ҳақидаги фото ва видеони сайтга жойлаштириш имкони яратилган. Мазкур бўлим тест режимида ишлашига қарамай, ўтган 18 кун ичида сайт фойдаланувчиларидан 50дан зиёд ҳолатлар қабул қилинган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари бу материалларни ҳуқуқбузарликларга қарши далил сифатида кўриб чиқмоқдалар. Муҳими, фото ва видеоёзувларда қоидани бузган автомашинанинг рақами бўлса бўлди. Хабар юборган муаллиф эса аноним бўлиб қолаверади.

Маълум бўлишича, қоидабузарликлар қайд этилган 51та далил «мобиль мухбир»лардан қабул қилинган. Ушбу қоидабузарликлар юзасидан 30 миллион сўмлик маъмурий баённомалар тузилган.

Қарама-қарши йўлдан юргани учун ЭКИҲнинг 10 баробари миқдорида жаримага тортилди.

Мисол учун, юқоридаги фотода келтирилган «Мерседес Бенц» ҳайдовчисини олайлик. У йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига чиқиб кетгани ҳақида видеолавҳа тақдим қилинган. Мазкур ҳолат пойтахтнинг Сандиқўрғон кўчасида рўй берган. Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1971 йилда туғилган Х.А. ушбу қоидабузарлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128х5-1 моддасига асосан ЭКИҲнинг 10 баробари миқдорида жаримага тортилган.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси сайтида шу каби турли қоидабузарликларга йўл қўйган транспорт воситалари ҳақида ахборотлар жойлаштирилган.

Шундай экан, доимо йўл қоидаларига амал қилинг, ҳурматли ҳайдовчилар. Акс ҳолда, кутилмаганда қўлингизга жарима баённомасини тутқазишлари мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг