Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Элмира Боситхонова: «Оила ва никоҳ масаласида Исломий қадриятлар устувор бўлиши лозим»

Элмира Боситхонова: «Оила ва никоҳ масаласида Исломий қадриятлар устувор бўлиши лозим»

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий суди Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда оила фаровонлигини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан катта йиғилиш ўтказди. Видеоселектор шаклида ўтган йиғилишда кўп ва хўб яхши фикр-мулоҳазалар янгради. Айниқса, Бош вазир ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова куйиб-пишиб, таъбир жоиз бўлса, тўкилиб-тўкилиб гапирди.

Дарҳақиқат, опа куюнганича бор экан.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

1

2019 йилда 31 минг 386 та оила бузилди!

2018 йилга солиштирганда, ўтган йили ажрашишлар сони 941 тага камайган. Бироқ рақамлар барибир хавотирли: 2019 йилда 31 минг 386 та оила бузилди! Бу яраштирув комиссияси, хотин-қизлар қўмитаси, ўрни келса, суд органлари ходимлари ўртага тушиб, қанчадан-қанча оилалар ярашганидан кейин ҳосил бўлган рақам. Албатта, оилавий масалалар ўта шахсий характер касб этади. Бироқ ажрашишларга олиб келаётган сабабларнинг ҳаммасиям жиддий эмас. Арзимаган муаммолар билан йўллари айро тушаётган ёшлар оз эмас. Оила — жамиятнинг ажралмас бўлаги экан, ундаги муаммолар ечими ҳар биримизнинг оғриқли дардимизга айланиши керак. Афсуски, бу йўналишда илмий асосланган тавсиялар ва ечимлар етарли эмас, ҳамкор ташкилотлар оилавий ажримларни камайтириш борасида қўллаётган чоралар кам.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

2

Давлатимиз Раҳбари яраштириш комиссиялари фаолиятининг самарасизлигини танқид остига олиб, 2020 йилдан бошлаб «Йилнинг намунали ёш оиласи» республика танловини ўтказишни, шунингдек, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази, Республика Маҳаллалар кенгаши, «Нуроний» фахрийларидан иборат «Фахрийлар ибрати» маслаҳат кенгаши фаолиятини самарали йўлга қўйишни таклиф этди. Шунингдек, «Бу кенгаш маҳаллалардаги яраштириш комиссиялари ҳал қила олмаётган муаммони судга чиқаришдан олдин, янги таъсирчан бўғин бўлиб хизмат қилади», дея вазифани аниқ белгилаб берди.

Дарҳақиқат, МФЙ Яраштириш комиссиялари узоқ йиллардан бери низоларни муроса йўли билан ҳал этиш, яъни яраштириш усули асосида ишлаб келмоқда. Бироқ бугунга келиб, яраштириш амалиётидаги баъзи ёндашувлар етарлича натижа бермаяпти. Шу боис ажрашиш тўғрисидаги иш судга тақдим этилаётганининг шунчаки кузатувчисига айланмай иш услубларини янгилаш, инновацион, креатив услубларни тадқиқ ва татбиқ этиш керак.

3

Нима қилмоқ керак?

Муаммога бирламчи ечим сифатида республика, ҳудудлар ва маҳаллалар кесимида «Фахрийлар ибрати» маслаҳат кенгашини шакллантириш тақозо этилмоқда.

Кенгаш бир неча йўналиш бўйича фаолият юритиши эътиборидан, унга 30 нафар маҳалла фаолидан ташкил топган ишчи гуруҳларни бириктириш мақсадга мувофиқ.

«Фахрийлар ибрати» маслаҳат кенгаши жамоатчилик асосида бўлиб, қуйидаги вазифаларни фаолиятининг устувор йўналиниши қилиб белгилаш таклиф этилади:

  • оила қадриятини мустаҳкамлаш, оила муқаддаслигини тарғиб этиш, ёшларни оилага тайёрлаш, низоли оилалардаги муҳитни мўътадиллаштириш, ўзаро муносабатларни соғломлаштиришда янгича ёндашувларни қўллаш;
  • эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва оилавий зўравонликни олдини олиш;
  • оилада соғлом турмуш тарзи, репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш;
  • миллий ҳамда оилавий қадриятларимиз ва маънавиятимизга таҳдидларга қарши тизимли ишларни амалга ошириш;
  • оилада фарзандлар ва айниқса, қизлар тарбиясига бўлган эътиборни кучайтириш;
  • оилавий тадбиркорлик ва хотин- қизлар тадбиркорлиги ҳамда бандлиги масалаларини тизимли амалга ошириш;
  • Исломда оила, никоҳ, фарзанд тарбияси, эркак масъулияти ва бошқа ижтимоий масалаларнинг талқинини тарғиб этиш.

4

 «Йилнинг намунали ёш оиласи» республика танловини ўтказиш ҳам яхши таклиф. Бирни кўриб шукр қил, бир кўриб зикр қил, деган ҳикмат бежизга эмас. Намунали оилалар ибрат қилиб кўрсатилар экан, бундан фақат хайрли натижа кутиш мумкин. Шу пайтгача бундай оилалар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёритиб келинди. Бироқ қисқа кўрсатув ёки мухтасар мақолаларнинг таъсири кам бўлаётганини тажриба кўрсатмоқда. Демак, танлов — яхши акс-садо бериши мумкин бўлган чоралардан биридир.

5

Яна нималар қилиш лозим?

Оилавий ажрашишларнинг сабаблари юзасидан ўтказилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар муаммо аксарият ҳолларда маънавий даража, психология ва тарбияга боғлиқ эканини кўрсатади. Бироқ иқтисодий маънода ишсизлик, миграция, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимининг етарлича йўлга қўйилмагани каби муаммолар ҳам вазиятни ўнглашда тўсиқ бўлётганини ҳам унутмаслик керак. Шу боис ўша сабаб ва муаммоларни бартараф этишнинг чуқур илмий асосланган усулларини яратиш ва амалиётга жорий этиш ҳам кун тартибига чиқиши керак.

Низоли оилалардаги муҳитни мўътадиллаштириш, соғломлаштириш мақсадида миллий мезонларни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш, янгича механизм Оилавий медиация усулини фаолиятда кенг қўллаш, «Медиация тўғрисида»ги қонун ижросининг таъминланиши ҳам чакки самара бермайди.

Оила психологияси, оилага кириш, ҳар бир оила аъзоси билан индивидуал иш олиб бориш усуллари, стандартлари ва этика қоидалари юзасидан илмий асосланган йўналишларни жорий этиш ҳам лозим

Никоҳ ёшидаги йигит ва қизлар билан ишловчи «Оила дорилфунуни» ва «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» самарадорлигини ошириш чораларини кўриш устида ҳам жиддий бош қотириш лозим.

«Никоҳ шартномаси»ни, учинчи шахс аралашуви билан оила бузиладиган бўлса, қонун бўйича жавобгарликка тортилишини тез-тез эслатиб туриш ҳам зарар қилмайди. Чунки, кўряпмиз — кўпгина оилавий ажримларга учинчи шахслар (ота-оналардан тортиб, қўни-қўшни, амма-холаларгача...) сабаб бўлаётир.

Қиз болани келин бўлиб тушган уйига доимий рўйхатга қўйиш тартибини белгилаш юзасидан тезроқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳамон долзарб бўлиб турибди. Шунингдек, ажрашиш жараёнида аёл ва боланинг мулкка бўлган ҳуқуқини ҳимоялаш бўйича қонунчиликка таклиф бериш, ФҲДЁларнинг никоҳнинг ҳуқуқий масъулияти ва оқибатлари борасидаги тарғиботни кучайтириши каби масалалар ҳам ўзининг долзарблигини йўқотгани йўқ.

6

Оилавий-маиший зўравонлик оқибатида ажрашишга келиб қолган оилалар бўйича алоҳида иш олиб бориш, ишсизлик ва Миграциянинг таъсирида ажралаётган оилалар улушини таҳлил этиш ва глобализациянинг салбий таъсирини илмий асослаган ҳолда алоҳида таҳлилий маълумот тайёрлаб Ҳукуматга тақдим этиш устида бугуноқ иш бошлаш талаб этилмоқда.

Бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги «Аёллар маслаҳатхонаси», вилоят кўп тармоқли болалар марказларидаги «Қизлар саломатлик маркази» каби тузилмаларнинг қизлар ва ёш аёлларни саломатлик, оилавий ҳаётдаги муносабатларга тайёрлашдаги таъсири кўнгилдагидек эмас. Бу борадаги ишларни янги поғонага кўтариш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири ҳисобланади.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

7

Видеоселекторда юқорида қайд этилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди, тегишли тўхтамларга келинди.

Энди бор гап уларнинг сифатли адо этилишида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг