Эквадор мафияси исён кўтарди
Мафия ва гиёҳванд картеллари Эквадорда фуқаролар урушини бошладилар.
Президент фармони билан мамлакатда фаолият юритаётган 20 та халқаро жиноий гуруҳ террорчи ташкилот деб тан олди. Шундан сўнг Эквадорда мафия исён кўтарди.
Жиноятчилар мамлакатга ваҳима солмоқда: улар TC Televisión телеканалининг жонли эфири вақтида бошловчи ва ходимларни портловчи моддалар билан гаровга олишди, Гуаякил университетига ҳужум қилишди, машиналарни ёқиб юборишди ва кўчаларда одамларни ўғирлаб кетишди.
Маҳаллий ижтимоий тармоқлар полиция ва ҳарбий зобитларнинг гаровга олингани акс этган видеолар билан тўлди – камерада уларнинг бошига қурол тираб турилгани кўринади.
Президент Даниэл Нобоа фавқулодда ҳолат эълон қилди ва ички қуролли можаро ҳақида фармон чиқарди.
Гуаякилдаги TC Televisión студиясидан олинган кадрлар бутун дунё бўйлаб тарқалди: ниқобли безорилар қўлбола портловчи қурилмалар ва гранаталарни силкитиб, телебошловчининг чўнтагига бомба қўйишади... Телекомпания ходимлари даҳшатга тушган ҳолда ерда ётишибди...
Журналист Бернарда Cэваллоснинг айтишича, ҳужумчилар ахборот дастури бошланишидан ўн дақиқа олдин бинога киришган.
«Бир дўстим қўнғироқ қилди ва бақирди: «Ўнта қотил студияга югурди!» Мен келганимда, ташқи эшиклар ёпиқ эди. Отишма эшитилди. Журналистларнинг бир қисми томга югуриб чиқди, бошқалари ҳожатхонага яширинди...»
Телевидение ходимлари ижтимоий тармоқларда ваҳимали хабарларни ёзишди: «Улар барчамизни ўлдиришмоқчи!»
Полиция ҳолатга аралашди. Маҳаллий нашрнинг ёзишича, телевидениеда гаровга олинганларнинг баъзилари қўйиб юборилган (бири ўқдан яраланган) ва айрим жиноятчилар ҳибсга олинган.
Гуаякил университетида ҳам даҳшатли воқеалар содир бўлди — у ерга қуролли мафиозлар бостириб киришиб, талабалар ва ўқитувчиларни ўғирлашга уринишди.
Мамлакатнинг турли шаҳарларида наркокартел жангарилари кўчаларда машиналарни ёқиб юборишди, ҳарбийлар ва полициячиларга қарши ўт очишди.
Гуаякил метросида ва ҳатто Китодаги президент саройи ёнида отишмалар овози эшитилди.
Бу террорнинг сабаби нима эди?
Эквадор наркотик картеллари мамлакати бўлиб, у кокаин савдоси бўйича дунёда биринчи ўринлардан бирини эгаллайди. Мексиканинг машҳур Синалоа картели Эквадорни ўз оғусини экспорт қилиш учун асосий транзит нуқтасига айлантирган. Маҳаллий тўдалар энг хавфли қуролли тузилмаларга айланди.
Ўтган йилнинг август ойида президентликка номзод, коррупция ва жиноятчиликка қарши курашган Фернандо Вильявисенсио сайловолди ташвиқоти йиғилишида бошига уч марта ўқ узилиши оқибатида ҳалок бўлганди.
Сиёсатчи ўлимидан бироз аввал Синалоа картелининг ёрдамчиларидан бири, Лос Чонерос тўдаси раҳбари Фито лақабли жиноятчининг қўл остидагиларидан таҳдидлар олганини айтганди.
Ўша Фито – Адолфо Маcиас 2011 йилдан бери Гуаякил қамоқхонасида 34 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди. 8 январь куни у ўз камерасидан «йўқолиб қолди». Расмийлар, Фито қаттиқ қўриқланганига қарамай, бу қандай содир бўлганини аниқлай олмади. Масиас айнан қачон ғойиб бўлганига қамоқхона ходимлари жавоб бера олишмади. Эътиборлиси, Вильявисенсио қотиллигида гумон қилиниб ҳибсга олинган олти киши қамоқхонада ўлдирилган – мафия изларни шундай ёпган.
Фитонинг қочиб кетишидан ғазабланган президент Нобоа Эквадорда фавқулодда ҳолат эълон қилди, наркобаронни қидириш учун уч минг хавфсизлик кучини юборди ва қамоқхоналарда тартиб ўрнатишни буюрди. Бунга жавобан мамлакат бўйлаб кенг тарқалган террор бошланиб кетди.
Президент нафақат полицияни, балки армияни ҳам «мамлакат суверенитети» учун курашга чақирди.
Наркобаналари ҳам таслим бўлиш ниятида эмас. Сўнгги янгиликларга кўра, жангарилар мактабларда отишма бошлади, ҳукумат мамлакатдаги ўқувчилар учун барча дарсларни бекор қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter