Экспертлар қора чойдаги хавфни аниқлашди
Германиянинг «ZDF Wiso» теледастури экспертлари лабораторияда олти турдаги чойни текшириб, улардаги хавфли хусусиятларни аниқлашди, деб хабар бермоқда «Actualnews». Маълум қилинишича, қора чойнинг таркибида саратонга сабаб бўлувчи бир неча хил пестицидлар бор экан.
Масалан, «Eilles Assam Spezial» чойида бир пайтнинг ўзида 10 турдаги заҳарли модда ва Европа иттифоқида тақиқланган антрахинон моддаси борлиги аниқ бўлди. Антрахинон қушларни қўрқитиш учун қўлланилувчи канцероген саналади.
Синовдан ўтказилган чойлар орасида фақат «Ostfriesen Teefix» таркибида антрахинон топилмади. Расман чой ишлаб чиқарувчилар пестицидлар меъёрига амал қилишади, шунга қарамай заҳарли моддаларнинг топилиши ташвиш уйғотади. Канцерогенлар саратонни келтириб чиқарувчи омиллардан бири экани анчадан бери фанга маълум.
Экспертларнинг фикрича, чойга заҳарли моддалар улар етиштириладиган жойда хавфсизлик талаблари бўшлиги ва пестицидларга рухсат этилгани боис тушади. Ўсимликларга меъёрдан ортиқ кимёвий ишлов берилиши тупроқни заҳарламоқда ва чой орқали организмга ўтмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter