ЕИ элчиси Марказий Осиёда сув манбаларидан оқилона фойдаланиш йўлини айтди
Ўзбекистонда сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш соҳасида сув сиёсати бўйича миллий мулоқот жараёни бошланди. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи учрашувида маълум қилинди. Мазкур ташаббус Европа Иттифоқи, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти шафелигида амалга оширилмоқда.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи учрашувида иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан минтақада сув манбаларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш шартига тўхталди.
«Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш борасида муваффақиятга фақатгина ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мулоқотни кенгайтириш орқали эришиш мумкин. Сув сиёсати бўйича миллий манфаатдор томонлар ўртасидаги кўп томонлама мулоқот Ўзбекистондаги қимматли сув манбаларини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг сув сиёсати масалалари бўйича секторлараро мулоқотни кенгайтириш ва ушбу соҳага сармоя жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», – деди элчи Шарлотта Адриан.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги томонидан ЕИ молиявий кўмагида ташкил этилган йиғилишда сув сиёсатини такомиллаштириш, адолатли ва хавфсиз таъминот, санитария ҳамда трансчегаравий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
ЕИнинг Марказий Осиёда сув сиёсати бўйича миллий мулоқотларни шакллантириш ва такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаси 2019 йил сентябрда бошланган бўлиб, 2023 йилнинг февралига қадар давом этади. У «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: сув ресурслари, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик» (WECOOP) дастури доирасида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрь ойида Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форумида ҳам муҳим мавзулар қаторида яшил тикланиш масаласи муҳокама этилганди. Хусусан, Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида яшил сармоя иқтисодиётининг аҳамиятига тўхталган.
Аввал хабар берганимиздек, ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг саҳрога айланаётган ҳудудни тиклаш бўйича хатти-ҳаракатларига кўмак сифатида жорий йил охиригача Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экиш мажбуриятини ҳам зиммасига олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter