Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ бош дипломати Ғазодаги «даҳшатли вазият» ҳақида гапирди

ЕИ бош дипломати Ғазодаги «даҳшатли вазият» ҳақида гапирди

Исроил қамал остидаги Ғазода яшаётган кўп сонли аҳолини сув, озиқ-овқат ва электр энергиядан маҳрум қилиш билан халқаро ҳуқуққа зид иш тутмоқда, деб ҳисоблайди Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель.

Reuters агентлиги хабарига кўра, ЕИ бош дипломати Ўмон пойтахти Масқат шаҳрида Яқин Шарқдаги беқарорлик юзасидан ўтказилган халқаро машварат якунида шундай баёнот берган.

«Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, лекин бу – халқаро ҳуқуқ, гуманитар ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ҳолда амалга оширилиши керак. (Исроилнинг) айрим қарорлари халқаро ҳуқуққа зиддир», – дейди Ж.Боррель. 

Сиёсатчи бу ўринда Ғазодаги кўп сонли аҳоли сув, озиқ-овқат ва электр энергиядан маҳрум этилганини назарда тутаётганини айтган.

ЕИ бош дипломати Ғазонинг 150 минг аҳолиси бошпанасини тарк этгани (БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, Исроил бомбардимонлари ортидан 264 минг фаластинлик ўз уйини ташлаб кетган – таҳр.), ҳудуддаги гуманитар вазият даҳшатли эканини таъкидлаган.

Қўпорувчилик ҳаракатларини қоралаган Боррель Фаластин–Исроил зиддиятини сиёсий йўл билан ҳал этиш, тинч аҳоли вакилларига ҳужум қилмаслик, гаровдагиларни озод қилиш лозимлигини ҳам қайд этган.

Хабарингиз бор, 7 октябрь куни ҲАМАС кучлари ҳамда Исроил армияси ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Ғазодан ракета учирилиши ортидан Исроил ҳудудни ҳарбий авиация билан бомбардимон қила бошлади.

2,3 миллион нуфусли Ғазо ҳудуди 2007 йилдан буён қамал шароитида яшаб келади. ҲАМАС билан кескинлик кучайиши ортидан, 8 октябрь куни Исроил ҳудудга электр энергия ва ёнилғи етказилишини тўхтатди. 9 октябрь куни эса яҳудий давлати мудофаа вазири Йоав Галант Ғазо тўлақонли қамалга олиниши, ҳудудга озиқ-овқат ва сув ҳам етказилмаслигини эълон қилди.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш урушаётган томонларни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирар экан, Ғазо тўлақонли қамалда қолганидан чуқур хавотир изҳор қилган.

Жаҳон матбуоти ҳудуддаги барча шифохоналар тўлиб кетгани, ўликхоналарда ҳам жой қолмагани ҳақида хабар берган.

БМТ Ғазо аҳолисини «қора кунлар» кутаётганидан огоҳлантирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг