Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Егуликка ҳам пули бўлмаган: машҳур шоирнинг ғамгин ҳаёт йўли

Егуликка ҳам пули бўлмаган: машҳур шоирнинг ғамгин ҳаёт йўли

Эдгар Аллан По – энг романтик, шу билан бирга росманасига ажабтовур адиблардан бири. У гўё ғамгин улкан одам каби Америка адабиёти саҳифаларидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Шу билан бирга қимор ўйинлари ва ароқхўрликка муккасидан берилиб кетгани боис Виржиния университетидан ҳайдалган эди.

Кейинчалик Эдгар мавжуд йўриқномаларга риоя қилмагани учун Вест-Поинтдаги ҳарбий академиядан ҳам четлатилган.

У казармада ўтириб шеърлар ёзар, бир вақтнинг ўзида бошқалар каби ҳарбий машқ ўтказиладиган майдонда милтиқ билан бажариладиган усулларни адо этарди.

Ёшлик йилларида етим қолган По тамаки билан тадбиркорлик қилувчи бой-бадавлат киши томонидан асранди ўғил қилиб олинган эди. Ниҳоят, бу одамнинг ҳам тоқати тоқ бўлдими, асранди ўғлидан воз кечишни маъқул кўрди. У Эдгарни таёқ билан уриб, уйдан ҳайдаб юборди, меросдан маҳрум қилди, ҳатто яшаши учун бир чақа ажратмади.

Понинг уйланиш тарихи ҳам абадий асарнинг энг гўзал лавҳаларидан бири бўлиши мумкин эди. У холасининг қизи Виржиния Клемга уйланганди. Ўша пайтда Понинг пули йўқ эди. Дарвоқе, унинг ҳеч қачон маблағи бўлмас, нимаики қилмасин, барибир пулга эга бўлолмасди. По сув аралаштирилмаган спирт ичарди. Унинг ягона синглиси ақлдан озган эди. Айримлар эса, Понинг ўзини ҳам ярим тентак, деб таъкидлашарди.

Эдгар По ўзининг ёш хотинидан икки баробар катта эди. У 26 да, хотини эса 13 ёшда эди. Қадимги ривоятларга кўра, бундай никоҳ тезда завол топиши лозим. Аммо уларнинг иттифоқи, аксинча романтик муваффақиятга сазовор бўлди. Эдгар По ўзининг ёшгина хотинига салкам сиғинарди. Унинг Виржинияга нисбатан сўнмас муҳаббати назокатли шеърий сатрлар яратишига илҳомлантирди. Бу эса инглиз тилини абадул-абад чиройли сўзлар билан бойитди.

Эдгар По шеърлар ва ҳикоялар ҳам ижод қилди, улар дунё адабиётининг нодир намуналари сафидан муҳим ўрин эгаллади. Аммо у ҳаёт кечириши учун ўзининг ана шу дурдона асарларини сота олмасди. Масалан, По ўлмас деб ҳисобланмиш ушбу достонини бутун дунёга тақдим этганди:

Китоб жавоним кўраман
У сержило, у бебаҳо,
Минерва ҳайкалидан
Бирор томон кетмас асло.
Қора Қарға ўлтиради –
Нияти балки қаро,
Нигоҳи шунчалар ўткир
Муз бўлагин тешар, ҳатто.
Руҳим мисли муз бўлаги,
Қотиб қолган тин олмай,
Кўтармас, кўтара олмас
Оғир, вазмин қаддин асло.

Эдгар По «Қарға» достонини қайта ишлаб, мисралар устида тер тўкиб, танаффуслар билан ўн йил давомида поёнига етказди. Нашр эттирганидан сўнг унга бор-йўғи икки фунт ҳақ тўлашди, бу – икки чақа пул, дегани эди. Масалан, Ҳолливуд актёри Жон Берримор экранда бир дақиқа кўриниб, бундан кўп гонорар олган. Афтидан, кинематография шеъриятга нисбатан кўпроқ даромадли кўринади.

Хуллас, По ўзининг «Қарға» достони учун ҳаммаси бўлиб икки фунт олган эди. Қарангки, қўлёзманинг ўзи кейинчалик ўнлаб минг фунтга сотилди. Демак, савол бериш ўринли: нима учун биз даҳоларимизнинг тириклик чоғида ярим оч ҳолда яшашларига йўл қўйиб берамиз-у, улар вафотидан сўнг қолган қўлёзмаларига ҳаддан зиёд фантастик маблағлар тўлаймиз?

Нью-Йоркдаги гавжум майдонлардан бирининг ёнида По ва Виржиния истиқомат қилган коттеж бўларди. По ижарага олган ушбу турар жой ярим вайрона кулбани эслатган. Ҳозир у қайтадан қурилган уйлар билан ўраб олинган. Аммо ўша вақтда бу гўша кенг боғ ўртасида бамисоли шинам уя каби кўринарди. Баҳор келганида, ҳаво гуллаган сирень ва гилосларнинг ифори билан тўларди. Асаларилар ғувиллаши қулоққа чалинарди. Бу ҳақиқий жаннат, афсоналарга лиқ тўла бурчак эди.

По иморатни ойига 12 шиллинг тўлаш шарти билан ижарага олган, аммо ана шу арзимас пулни тўлашга ҳам унинг қурби етмасди. Кўпинча тўламасди ҳам. Ўшанда хотини сил касали билан оғриб, азият чекканида, По, ҳатто унинг учун егулик сотиб олишга пул топа олмаган. Улар кўпинча оч юрганлар. Баҳорда, ҳовлида момақаймоқ очилганида, ҳар куни шу ўтларнинг бошини кесиб олиб, қовуриб тановул қилишарди.

Виржиния шу ерда оламдан ўтди. Ўлимидан бир неча ой муқаддам у сомон солинган тўшакдан тура олмади, исиниш учун дурустроқ кийими йўқ эди ҳатто. Виржиния ҳаддан зиёд совқотиб қолганида, онаси унинг қўлларини, По эса оёқларини уқаларди. По Виржиниянинг қалтираган танасини ўзининг эски, ҳарбий хизматдан қолган плашчи билан ўрар, бу кийимни у Вест-Пойнтда бўлган давридан буён киярди. Тунда эса эркалатиш ва панд-насиҳатлар ёрдамида хотинини оёғига мушукни қўйиб ухлатишга кўндирарди.

Бундан бир неча йиллар муқаддам Нью-Йорк шаҳри маъмурияти шоир яшаган коттежни ўз тасарруфига олиб, мемориалга айлантирди. Кўпчилик учун у муқаддас, хаёлдан кетмас ғамгин ўй-фикрлар юритадиган илоҳий гўшадир. Бу масканга борадилар-у, аммо осонгина тарк этолмайдилар.

Виржиния январь ойида вафот этди.

Ойлар ўтди ва ва яна баҳор келди. Боғ узра ой кўтарилди, уфқда эса юлдузлар чарақлаб кўринди. По эса сукут сақлаб ўтирар, Виржинияни ўйлаб азият чекар, уни соғинарди. Шоир ана шу ҳиссиётлар оғушида Виржинияга ишқий хитоб билан мурожаат қилар, бошқа ҳар қандай эркак бундай хитобни ўз хотинига бағишлай олмаган бўларди:

Ой ёғду сочар экан,
Нури ила келтирур,
Эннабел Ли ашкини.
Гар юлдузлар порласа,
Демак, гўзал, шодон файзли,
Ул эрурки, Эннабел Ли.
Узун тунлар сингиб кетгум
Меҳрибоним оғушига.
Ер чеккасин энг қоронғу
Тўлқин урган қирғоғида.

«Машҳур кишилар ҳаётидан
номаълум саҳифалар» китобидан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг