Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ учта ҳолатда Қирғизистондан олиб ўтилган психотроп моддалар партиясини фош қилди (видео)

ДХХ учта ҳолатда Қирғизистондан олиб ўтилган психотроп моддалар партиясини фош қилди (видео)

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Оқолтин туманидаги «Сардоба» ЙПХ масканида ўтказилган тезкор тадбирда, «Тошкент-Жиззах» йўналишида ҳаракатланаётган Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс бошқарувидаги «Кобальт» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина юкхонасига 3 080 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий шериги бўлган – Бахмал туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди.

Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган.

ДХХ ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан келтирилган 2 799 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 65 млн сўмга сотган вақтида ушланди.

Фарғона вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда, Фарғона туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасида белгиланган тартибни қўпол равишда бузиб, Қирғиз Республикасидан 5600 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб ўтган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Бу йўналишда ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди.

Унда «Тошкент-Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси Хазорасп туманида тўхтатилиб кўздан кечирилди ва унинг юкхонасидаги маиший кондиционер ичига яшириб қўйилган 1 кг. 814 гр. «опий» моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Ушбу ажал оғуси 1991 йилда Хазорасп туманида туғилган фуқарога тегишли эканлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва у кондиционерни қабул қилиб олган вақтида ушланди. Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 158 гр. «опий» ва 1 кг. 988 гр. «гашиш» моддалари олинди.

Бундан ташқари, мазкур шахсни гиёҳвандлик воситалари билан таъминлаб келган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1989 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам ушланиб, улардан бирининг яшаш хонадонидан 424 гр. «опий» моддаси олинди.

Ушбу ҳолатда наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан олиб келинганлиги аниқланди.

ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Қўрғонтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон шаҳри томон ҳаракатланаётган «Нексия» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар фуқарога тегишли бўлган ва Қирғиз Республикасидан келтирилган 4кг. 861 гр. «Прегабалин» номли кучли таъсир қилувчи модда борлиги маълум бўлди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу кучли таъсир қилувчи моддаларни қабул қилиб олган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи, 2001 йилда туғилган шахс ушланди.

Шунингдек, унинг танишлари бўлган Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи, 1987 ва 1992 йилларда туғилган 2 нафар аёл ҳам процессуал тартибда ушланиб, улардан 1 кг. 987 гр. «Прегабалин» моддаси ҳамда 1 342 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилуви дори воситалари олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг