Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ Тошкент ва Самарқандда таъмагир адвокатларни жиноят устида қўлга олди

ДХХ Тошкент ва Самарқандда таъмагир адвокатларни жиноят устида қўлга олди

ДХХ томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида адвокатлар фаолиятидаги ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати, 1985 йилда туғилган шахс ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тадбиркорга МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан молиявий жарима қўлламаслик эвазига 23 минг доллар талаб қилиб, мазкур пул маблағини олган вақтда ушланди.

Шу билан бирга, пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда Мирзо Улуғбек туманидаги адвокатлик фирмаларидан бирининг адвокати фуқародан 12 минг доллар олган вақтда қўлга олинди.

Маълум бўлишича, адвокат гўёки суд идораларидаги мансабдор танишларининг имконияти орқали фуқаронинг турмуш ўртоғига нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосини бошқа енгил турдаги жазога ўзгартириб бериш эвазига 9 минг доллар ҳамда фуқарога муқаддам юридик хизматларни кўрсатганлиги учун адвокатлик тўловларини амалга оширган бўлишига қарамасдан, судга ҳаражат қилганлигини рўкач қилиб, таъмагирлик йўли билан қўшимча 3 минг доллар талаб қилади.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати суд идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқаронинг Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган турмуш ўртоғига нисбатан бошқа енгилроқ жазога алмаштириш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига ундан 10 минг доллар беришни талаб қилади. ДХХ томонидан ИЖҚК департаменти ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда адвокат сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг