ДХХ бир гуруҳ шахсларни ушлади

Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фирибгарлик билан шуғулланган бир қатор шахслар ушланди.
ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Наманган шаҳрида яшовчи Туркия Республикаси фуқароси гўёки вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида ишловчи танишлари орқали биометрик ва хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий фуқародан фирибгарлик йўли билан 200 АҚШ доллари ва 2 млн. сўм пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, мазкур шахс Туркия Республикасидан депортация бўлган бир нечта фуқароларнинг ушбу давлатга кириш ҳуқуқларини тиклаб беришни ваъда қилиб, муқаддам улардан чет эл валютасида пул маблағлари ҳам олган.
ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Пахтакор туманида яшовчи «Т.С.»нинг ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйилди.
Ваколати бўлмаса-да, Т.С. «Сирдарё – Зарафшон» ирригация тизимлари бошқармасига тегишли бўлган Пахтакор туманидаги 29-К-2-2 коллекторнинг муҳофаза ҳудудига кирувчи 30 сотих ер майдонини маҳаллий фуқарога
12 млн. сўмга сотишга келишиб, ушбу пулларни олган вақтида ушланди.
ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Термиз банк коллежи директори ўринбосари «Б.Ў.» Музработ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирганлик тўғрисида сохта диплом расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, фуқародан 8 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у мазкур масалада ёрдам беришини айтиб, муқаддам 2 млн. сўм олганлиги ҳам маълум бўлди.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter