Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёнинг оламшумул беш хазинаси: миллиард долларлик бойлик ва бошқалар...

Дунёнинг оламшумул беш хазинаси: миллиард долларлик бойлик ва бошқалар...

Дунёнинг оламшумул хазиналари археологлар гуруҳи ҳамда оддий одамлар томонидан кутилмаганда топиб олинадиган ўтмишдаги ерости бойликлари ҳисобланади. Уларни ўрганадилар, улар билан фахрланадилар. Энг муҳими эса, бундай дафиналар ўтмишнинг шу чоққача маълум бўлмаган сирларидан воқиф этади...

Миллиард долларлик бойлик

2011 йил июнь. Ҳиндистон жанубидаги Керал вилоятида жойлашган Шри Падманабхасварни ибодатхонасининг олтита ерости кошонасидан олтин ва қимматбаҳо тошлардан иборат хазина топилди. Унинг қиймати бир неча миллиард долларни ташкил этарди.

Мазкур топилма 500 миллиард рупияга баҳоланди (7 миллиард фунт стерлинг атрофида). Бу эса ибодатхонани Ҳиндистондаги энг бой масканга айлантирди. Топилмалар орасида вазни 2,5 килограмм бўлган олтин маржонлар, тилла камон, олтин тасма, билагузуклар, бежирим кумушлар, безаклар кўринишидаги майда-чуйда бир тонна олтин, қоп-қоп жавоҳир, олмос ва зумрад қопланган минглаб заргарлик осори-атиқалари бор эди. Шунингдек, Ост-Ҳинд компаниясининг 16,8 кг олтин тангалари, 18 та Наполеон тангалари, ипак боғламга ўралган қимматбаҳо тошлар ҳамда 1772 йил муҳри босилган марваридлар чиқди.

Шри Падманабхасвами XVI асрда Траванкор қироллиги ҳукмдорлари томонидан барпо этилган. У Траванкор ҳукмдорларининг қироллик бутхонаси сифатида хизмат қилмоғи керак эди. 2011 йилнинг июнь ойида Олий суд археология ва ўт ўчириш хизматига ибодатхонанинг махфий гўшасини очиш ва у ерда нималар борлигини текширувдан ўтказиш ҳақида кўрсатма берди.

Бунгача Ҳиндистондаги энг бой ибодатхона Андхра Прадеш жанубий штатидаги бутхона ҳисобланиб, у ерда 320 миллиард рупия қийматида хазина сақланган.

Хонумандхок хонақоҳида!

2011 йил 28 июнь. Непалнинг Катманду музофотидаги узоқ асрлик Хонумандхок саройи биносини таъмирлаётган ишчилар олтин ва кумуш зеб-зийнатлари бўлган улкан махфий хонақоҳга дуч келишди.

Эски сарой мажмуининг махфий жойида яширилган бойликларга Малла ҳукмронлиги даври санаси қайд этилган эди. Мазкур қироллик Притхви Нараян Шоҳнинг Непални бирлаштиришдан икки ярим аср муқаддам мавжуд бўлган.

Хазина уч қути қимматбаҳо анжомлар, жумладан, уч килограмм олтин ва саксон килограмм кумуш тақинчоқлардан иборат эди. Мазкур бойликлар яширилган хонақоҳ асрлар давомида ёпиқ ҳолатда бўлган.

Болға йўқотгач, дафинага!

1992 йил 16 ноябрь. Англиянинг Саффолк графлиги Хоксн қишлоғида металл изловчилар томонидан Рим империяси даврига хос кумуш ва олтинлардан иборат хазина топилди.

Мазкур дафина қишлоқ шимоли-ғарбидан 2,4 километр наридаги фермерлик майдонида бўлган. Болғасини йўқотган ижарачи Питер Уотлинг дўсти, собиқ боғбон ва металл изловчи Эрик Лоуздан уни излашда ёрдам беришини сўради. Металл излаш ускунаси билан майдонга келган Лоуз кумуш қошиқлар, олтиндан ясалган заргарлик буюмлари, шунингдек, кўплаб тилла ва кумуш тангаларни топди. Яна бир нечта шундай қимматбаҳо анжомлар кавлаб олингач, ортиқча қазиб қўймасликка қарор қилдилар. Шу тариқа Лоуз ва Уотлинг хазина ҳақида замин эгаси ва полицияга хабар қилишди.

Кейинги куни Саффоклдан ташриф буюрган археологлар жамоаси зудлик билан қазилма ишларини бошлаб юборди. Хазина тўла-тўкис бир кун мобайнида кавлаб олинди. Илмий қазилмалар учун йирик яхлит қурилиш материалининг маълум қисми қолдирилди, холос.

Унча катта бўлмаган сандиқдаги хазина қимматбаҳо металлардан иборат бўлиб, навларга ажратилган ҳолда алоҳида сараланган эди. Айрим анжомлар кичикроқ ёғоч қутиларга, бошқалари қоплар ёки газламаларга жойланган. Топилган тангалар эрамизгача 407 йил санаси билан қайд этилган, бу давр Буюк Британиянинг Рим империяси вилояти бўлишни тўхтатгандан кейинги вақтга тўғри келади. Қазиб олиниб, тартиб билан саранжомланган хазина ўша замоннинг бадавлат оиласига тегишли эканлиги тахмин қилинди.

IV аср охири V аср бошлари қайд этилган 14865 та Рим тилла, кумуш ва бронза тангалари, тахминан 200 та кумуш ва олтин емакхона анжомлари – хазина ана шулардан иборат эди.

Мазкур қимматбаҳо топилмаларнинг айрим намуналари Британиядаги Лондон музейида, қолгани эса доимий экспозиция сифатида сақланмоқда.

1993 йили хазиналарни баҳолаш қўмитаси мазкур дафинани 1,75 миллион фунт стерлингга баҳолади. Бугунги нархда мазкур рақам 3,02 фунтни ташкил этади.

2 минг ёшли археологик топилма

1970 йил. Олти кунлик урушдан сўнг Зибенберглар турмуш қуришди ва Қуддусдаги эски шаҳар қисмининг яҳудийлар мавзесидан уй сотиб олишга қарор қилишди.

Янги уйга жойлашган Тео Зибенберг бу гўша археологик топилмалар устида барпо этилганини ҳис эта бошлади. Айни шу вақтда Зибенбергларга қўшни мавзеда яҳудий университети томонидан археологик ишлар олиб борилаётганди. Янгиликлар тўғрисида газеталарда мунтазам ёзиларди. Аммо археологлар Зибенбергнинг кўнгли сезишига ишончсизлик билан қарашди, натижада Теонинг ўзи мустақил равишда қазилма ишларини олиб бориш ва бу ишни молиялаштиришга қарор қилди.

Уйдаги қазиш ишлари оз эмас, кўп эмас, 18 йил давом этди. Бу вақт давомида қояга ишлов берилган ҳолда барпо этилган қадимий яшаш хоналари, диний маросимга оид ванналар, осма қувурлар, шоҳ Сулаймон ва византия замонидаги Биринчи, Иккинчи ибодатхона даврига тегишли улкан цистерна ҳамда дахма қолдиқлари кавлаб топилди. Шунингдек, кулолчилик, шиша, қадама нақшлар, тангалар, кўза ва қуроллар бўй кўрсатди.

Айни кунда «Зибенберглар уйи» Қуддусдаги Эски шаҳар музейига айланган.

 Стаффрдшир хазинаси

2009 йил 5 июль. Англиянинг Стаффордшир шаҳрида истиқомат қилувчи Терри Герберт уйидан унча олис бўлмаган жойда хазинага дуч келди. У ўн тўрт йиллик металл излаш асбоби билан дала майдонида қазилма ишларини олиб бораётган эди.

VII асрга тегишли деб ҳисобланган ушбу хазина 5 кг олтин ва 2,5 кг кумушдан иборат бўлиб, олдинги топилмаларга нисбатан анча кўп эди. Хазинадаги кўплаб анжомлар ҳарбий соҳага тааллуқли, жумладан, қимматбаҳо тошлар билан нақш берилган қиличнинг дастаси ва ясси қисмидан иборат эди. Экспертлар хулосасига кўра, 1500 та буюмдан ташкил топган мазкур коллекция VII ёки VIII асрларни қамраб олиб, саксонларнинг Мерси қироллик хонадонига тегишли бўлган.

Металл детектори билан 18 йил мобайнида иш олиб борган жаноб Герберт дўстига тегишли ерда қазиш билан шуғуллангач, хазинага дуч келган. У шундай изоҳ берди: «Баъзида шундай деб такрорлайман: «Ўтмиш руҳлари мени тангалар мавжуд бўлган жойга етаклайди». Аммо бу сафар «тангалар» ўрнига «олтин» сўзини ишлатдим. Нима учун бундай деганимни билмайман, бироқ кимдир эшитди ва мени ўша жойга йўналтирди... Балки шундай бўлиши кутилгандир, эҳтимол, олтинларни менинг қазиб олишим керак бўлгандир, бу ҳақда билмайман».

Хазина 3,285 миллион фунт стерлингга баҳоланди ва Бирмингем музейи, кулолчилик маҳсулотлари музейи, бадиий ва расмлар галереяларидан жой олди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг