Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёдаги энг адолатли судья ва унинг қойилмақом ҳукмлари

Дунёдаги энг адолатли судья ва унинг қойилмақом ҳукмлари

Ишонаверинг, худди шундай: у дунё миқёсидаги энг одил судья! Адолати шундаки, бу жаноб ҳамиша судланувчининг имкониятларидан келиб чиқади. Уни жавобгарликка тортишни эмас, балки қонун исканжасидан озод қилишга ҳаракат қилади. Моддий имкониятларини ҳисобга олади. Жарима тўлашига мумкин қадар йўл қўймайди, жуда бўлмаса камайтиради. Яқинда у ўзбек ҳамюртимизни ҳам суд қилди ва 10 та қоидабузарликдан фақат биттаси бўйича ҳукм чиқарди.

Хўш, дунёдаги бу энг одил судья ким ўзи?

Ота сабоғи

«Провиденсда ушланган»: миллионларнинг севимлиси Фрэнк Каприо – Америка шаҳарларидан бирининг судьяси – дунёдаги энг адолатли судья! Унинг ўзига хослиги шундаки, кўпинча судланувчининг фарзандларидан қарор чиқаришга ёрдам сўрайди, жарималар миқдорини камайтиради ва маъмурий жавобгарликлардан озод қилади. Каприо раислик қиладиган суд мажлислари видеога олинади ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб томошабин йиғади.

Фрэнк Каприо – Провиденс (Род-Айленд штати) муниципал бош судьяси. У майда жиноятлар ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид ишларни кўриб чиқади. Каприо раислигидаги суд жараёнлари 20 йилдан зиёд вақт мобайнида маҳаллий телевидение орқали намойиш этилган. Унинг укаси роликларни YouTube платформасига қўйгач, ўткир вирус каби тарқалиб кетди. 2018 йилнинг 24 сентябридан «Провиденсда ушланган» АВС6 канали орқали Америка бўйлаб кўрсатила бошланди. Мазкур шоуни 100 миллиондан кўп томошабин кўрди. Унда актёрлар ва саҳналаштирилган ҳукмлар йўқ: ҳаммаси росманасига рўй беради.

Франческа (Фрэнк) Каприо 1936 йил 23 ноябрда Провиденсда Антонио ва Филомена Каприолар оиласида туғилган. Унинг отаси италиялик муҳожир, онаси америкалик эди. Каприо Марказий ўрта мактабни битирди, идиш-товоқ ювувчи ва пойафзал тозаловчи бўлиб ишлади.

– Менинг ота-онам фарзандлари жамиятда муваффақият қозонишини ва яхши, интизомли, ҳалол инсонлар бўлишини орзу қилишарди, – деб эслайди Каприо. – Отам сут сотувчи эди. У эрта тонгда, соат тўртда мен ва укамни уйғотар, биз юк машинасига сут ортиб кетишимиз керак эди. Отам доимий равишда бизга шундай деб таъкидларди: «Агар сизлар ҳаётингизнинг қолган қисмида бу ишни қилишни хоҳламасангиз, коллежга кириш йўлини қидиринг, чунки мен сизларга бундай имкониятни беролмайман».

Антонио Каприо Фраческага яна шундай деган эди: «Сен вояга етсанг, юрист бўласан. Бироқ қандай шароитда ўсганингни унутма. Агар ҳозир бизга юрист керак бўлганида қурбимиз етмасди. Камбағаллардан ҳеч қачон пул олма, бойлардан пул ишлашга эса улгурасан».

Судья автомат эмас!

Фрэнк Каприо нафақат ҳуқуқшуносликка ўқиди, балки ҳуқуқ доктори ларажасини ҳам олди. У 1985 йилдан буён муниципал судья бўлиб ишлайди. Уйланган, беш нафар фарзанди, етти невараси ва икки эвараси бор.

Каприони дунёдаги энг адолатли судья ҳисоблашлари бежиз эмас: у жарималар миқдорини пасайтиришдан ташқари одамларни мутлақо жазосиз қўйиб юборади.

– Хўп, аёл светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетибди. Ҳозир унинг ҳаётида шунчалик муаммолари кўпки, агар жарима солинса, уни бахтсиз қилади ва кечқурун болаларига ҳеч нима едира олмайди. Кимдир айтиши мумкин: «Қонун қонундай бўлсин. Жарима!» деб. Аммо ҳаммаси шунчалик оддий бўлса, судьяларнинг нима кераги бор? Юраги йўқ автомат: «Айбдор, айбдор эмас» деган бўларди». Судда инсоний қадр-қиммат муҳим, – дейди Каприо бир интервьюсида.

Каприо шоусининг муваффақияти шундаки, у «инсоний давлат»ни намойиш этади. Бу эса нафақат америкаликларга, балки бутун дунё томошабинларига ёқади. Ҳамдард бўлиш ва тушунишни телевидение орқали кўриш ёқимли. Ахир бундай ёндашув ҳозирги кунда жудаям ноёб.

Уч норасиданинг онаси

Баъзилар Каприони ортиқча мулойимликда айблашади, одамлар бундан фойдаланар эмиш! Бироқ судья шундай жавоб беради:

– Мендан фойдаланишмайди, ишонинг. Камина бутун умр ишчилар синфи билан ўзаро боғланганман. Мен газета тарқатувчи бўлганман, поайфзал тозалаганман, отамга сут етказишига ёрдамлашганман. Бу одамларни биламан, ҳеч ким мендан фойдаланмайди. Бироқ шундай ўйлайман: агар мен давлат фойдасига хато қилсам ва судланувчидан тўлашга қурби етадиган миқдордан кўп пул олсам, бу уни синдиради, мен учун эса уят-номус. Давлат ҳокимияти алоҳида инсон ҳокимияти билан мутлақо мутаносиб эмас. Ва, агар камина ўз судимнинг ваколатини ошириб юборсам ва бир инсонни умрининг охиригача синдирган бўлсам, тфу менга! Хато қилиш бошқа томонга бўлиши керак. Молиявий жиҳатдан шаҳар ҳокимияти зарар кўрсин... Мен даромадларни ошириш бўлими ходими эмас, балки судьяман».

Автомобилини нотўғри қўйгани учун Вьетнам уруши фахрийсига 100 доллар миқдорида жарима хавф соларди. У врач ҳузурига шошилгани боис шундай қилганини тушунтирди. Фрэнк фахрийга мамлакат учун кўрсатган хизматлари боис, бу жаримани тўламаслиги кераклигини айтди. Нима сабабдан шундай ҳукм чиқарганини Вьетнамда фахрийларга қандай муносабатда бўлишларини тушунтириб, изоҳ берди.

Юқоридаги интервьюсида Фрэнк Каприо яна шундай деган.

– Уч болали аёлнинг иши кўрилмоқда. Унга биргина нигоҳ ташлаб, пуллар билан боғлиқ муаммоси борлигини англаб етиш мумкин. Болалар фалажланган: уларни дуб қопламали суд залига олиб келишган, ён-атрофда байроқлар, эгнига ридо кийган судья кирганида ҳамма ўрнидан туради, залда қуролланган қўриқчилар... Бу болаларни қўрқитиб юбориши мумкин. Шунчаси етмагандай, мен уларнинг онасига: «Сиз фарзандларингизга қандай ўрнак бўляпсиз? Даҳшат бу!» десам, нимани ҳис қилишади? Кейин эса энг катта жарима ёзиб бераман. Бу шундай якун топади: жарима тўлаш учун аёлнинг пули йўқ, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйишади. У машинани ҳужжатсиз ҳайдашда давом этади, чунки болаларини анчадан бери олиб юради, Ҳужжатсиз икки марта ушлайдилар. Жиноий иш очилади ва 10 кунга қамаб қўйишади. Хўш, болалар суд ва давлат аппарати ҳақида нима деб ўйлашади? Шафқатсиз, ноинсоф, оналарини хафа қилган ва уларнинг оғир ҳаёти билан иши йўқ, деб эмасми?

Фрэнк Каприо ана шунақа судья. Унинг ишларини, чиқарган ҳукмларини ўзбек ҳамкасблари ҳам кўришса яхши бўларди. Ўшанда ташкилотлар, нашриётлар, сайтлар бошига солаётган миллионлаб, миллиардлаб сўм жарималари борасида ўйлаб кўришармиди?

Ўзи бизда халқ тан олган адолатли судьялар бормикан? Билмадим, билолмадим...

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг