Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё қўрқув исканжасида. «Совуқ уруш» янги шаклда қайтмоқда (1-қисм)

Дунё қўрқув исканжасида. «Совуқ уруш» янги шаклда қайтмоқда (1-қисм)

Фото: «rusvesna.su»

АҚШ жорий йилнинг 1 февралида «Ўрта ва яқин узоқликдаги ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги битим»дан чиқишга қарор қилди. Бу ҳужжат «Ракетага қарши мудофаа тизими бўйича шартнома, Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома»нинг бири ва яхлит қисми саналади. Таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат ядро бомбаси ёки каллакларини ишлаб чиқаришни эмас, уни етказиш воситаларини йўқ қилишни назарда тутади.

АҚШ ва Россия тарихий битимдан чиқди

Келишув 1987 йил 8 декабрда Совет Иттифоқи ва АҚШнинг ўша вақтдаги етакчилари М.Горбачёв ва Р.Рейган ўртасида Вашингтонда имзоланган эди.

Фото: «MediaSole»

1988 йил 1 июндан кучга кирган шартнома ердан учириладиган ўрта (1000-5500 км) ва қисқа (500-1000 км) масофадаги баллистик ва қанотли ракеталарнинг барча мажмуаларини йўқ қилиш, келгусида бу каби ракеталарни ишлаб чиқармаслик, синовдан ўтказмаслик ва ривожлантирмаслик мажбуриятларини юклайди.

Бу вақтга қадар қисқа масофага учувчи СССРнинг ОТР-22 «Темп-С», ОТР-23 «Ока», АҚШнинг «Першинг-1А» ракеталари бўлган. Ўрта масофада собиқ СССРнинг РСД-10 «Пионер», «Р-12», «Р-14», ерда жойлаштирилган РК-55 қанотли, АҚШнинг эса «Першинг-2» ва «BGM-109G» («Tomahawk») ракеталари «кўҳна қитъа»да мавжуд бўлган эди.

Шундан кейин «совуқ уруш» даврида Европанинг ҳар икки блокига кирувчи мамлакатлар ҳудудларидаги ушбу тоифага мансуб ва ядро каллакларига эга ракеталар олиб чиқиб кетилди ва халқлар эркин нафас ола бошлади.

1991 йил июнга келиб СССР 1846 та, АҚШ эса 846 ракета комплексини, мос равишда 825 та ва 289 та ракеталарни ишга туширувчи қурилмаларни, 69 ва 9 та ракета базаларини йўқ қилди. 2001 йил 31 майда томонлар қилинган барча ишларни назорат қилиш фаолиятини ҳам тугатди.

Бу башарият тарихида қуролсизланиш йўлида қўйилган мислсиз янги қадам эди. Аслида ўрнатилган мазкур минглаб ракеталар СССРга саноқли дақиқаларда НАТОнинг Ғарбий Европадаги барча ҳарбий инфратузилмаларини йўқ қилиш, ўз навбатида АҚШ томонидан СССРнинг Европа қисмига ўнгланиб бўлмас зарба бериш имконини яратар эди.

Шартноманинг амал қилиши муддатсиз чекланмаган бўлиб, ундан чиқиш учун томонлардан бири ишонарли фактларни тақдим этиши зарур. АҚШнинг ракетага қарши янги мудофаа тизимлари Шарқий Европага жойлаштириш бўйича фикрларни билдира бошлаганида Россия буни дастак қилиб қолди ва ҳужжатдан бир томонлама чиқишини эслата бошлади.

Москванинг нуқтаи назарига кўра, АҚШнинг Европада эҳтимолий ракета ҳужумларига қарши ўрнатажак қурилмаси назарий томондан фақат ҳимоя мақсадида эмас, балки ҳужумкор қанотли ракеталарни учиришда фойдаланилади.

Қолаверса, Россия собиқ мудофаа вазири Сергей Иванов айтиб ўтганидек, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея, Хитой, Эрон ва Исроил каби давлатлар бундай турдаги ракеталарга эга бўлгани ҳолда руслар ундан воз кечиши хато бўлар эди.

РС-24 «Ярс» қитъалараро баллистик ракетаси. Фото: «MilitaryRussia.Ru»

2014 йил июлда АҚШ президенти Барак Обама ўз ҳамкасби Путинни шартномани бузиб, ўрта масофага ердан учириладиган қанотли ракеталар синовини ўтказганликда айблади. Жумладан, 500 кмгача масофага учадиган 9М729 ракетаси, Р-500 қанотли ракетаси, РС-24 «Ярс» қитъалараро баллистик ракетаси синовларини кескин танқид қилди.

2019 йил 15 январда Женевада шартномадаги муаммолар бўйича Россия ва АҚШ ўртасида кечган музокаралар муваффақиятсиз тугади. Шу йилнинг 1 февралида эса АҚШ Президенти Дональд Трамп шартномадан узил-кесил чиқиш жараёнлари бошланганини расмий маълум қилди. Эски битим ўрнига АҚШ ва Россиядан ташқари бошқа иштирокчиларни ҳам қўшиб, янги шартномани имзолаш таклифини илгари сурди.

2 февралда президент В.Путин ҳам АҚШ ҳаракатига жавоб тариқасида шартномадаги иштирокини тўхтатишга қарор қилди.

Фото: «Vesty»

Томонлар нималар қилиши мумкин?

Ҳозирча томонлар олти ойдан кейин шартномадан тўлиқ чиқиб кетгач, бу ракеталарни қаерга жойлаштириши бўйича режасини ошкор қилмади. Аммо ҳамонки, АҚШ уларни ишлаб чиқаришни бошласа, ўзида сақлаб туришда мантиқ йўқ.

НАТОнинг Шарққа кенгайиши билан бундай ракеталарни АҚШ Россия чегарасига жуда яқин келтириши ва устунлик мустаҳкамлаш эҳтимоли ошади. Россияда эса АҚШга чегарадош давлатлар билан ҳарбий иттифоқчилик муносабатига эга бўлмагани сабабли бундай ракеталарни унинг чегарасига яқин ҳудудда ўрната олмайди. Натижада жўғрофий олислик қимматли вақтдан йўқотишга олиб келади, бу эса тактик ва стратегик ютқазишга тенг.

Шу сабабли ҳозир Кремл нима қилиб бўлса ҳам Европага бундай турдаги ракеталарни келтирмасликка интилмоқда.

Расмий Москва америкаликлар яратаётган Руминия ва Польшадаги «Иджис» мажмуаларида рус ракеталарини уриб тушириш ниқобида ядро каллагик билан жиҳозланган 48 та «Томагавк» қанотли ракеталарини жойлаштирилади, деб бонг ураётгани бежиз эмас, албатта.

РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу бу ракеталар Россиянинг бутун Европа қисмига реал хавф солишидан ташвишга тушган ва муносиб жавоб қайтариш чораларини кўрмоқда.

Ўз навбатида, аксарият европаликлар қитъанинг қуруқлик қисмида бундай ракеталарни ҳам АҚШ, ҳам Россия томонидан ўрнатилишига норози бўлмоқда.

АҚШ ҳам буни ҳисобга олиб, ҳозирги босқичда қуруқликдан кўра денгиздаги кучлари ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлайди. Масалан, Испаниядаги Рота бандаргоҳидаги 4 та эсминецида 120 та қанотли ракета мавжуд. Бундан ташқари, «Tomahawk» ракеталарини модернизация қилишни аллақачон бошлаган.

«Tomahawk» ракетаси. Фото: «forums.airbase.ru»

Ўз навбатида, АҚШнинг Европага суқулиб киришига йўл қўймаслик мақсадида Россия Калининградга янада кўпроқ ракеталар келтиради. Ҳозир бу ерда навбатчиликда турган «Искандар» ракеталари соатига 2100 км тезликда учиб, 50-500 километрдаги нишон йўқ қила олади. Уларга техник ишлов бериб, 2000-5000 кмгача учиришга мослаштириш ҳам мумкин.

Россиянинг ўзига чегарадош, лекин АҚШга хайрихоҳ сиёсат юритаётган Европа давлатларига яқин ўз ҳудудларида ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни жойлаштира бошлайди.

Мисли кўрилмаган харажат талаб қилса-да, «Авангард» каби 20-25 махгача (соатига 25 минг км.гача) тезликка эга ракеталарни ривожлантиришни бошлайди. Яқинда «Ханжар» гиперракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилган эди. 

«Циркон» кемаларга қарши гипер овозли қанотли ракетаси 350-500 км масофада сувдаги мўлжални бехато уради. У 2018 йил 10 декабрдаги синовларда соатига 8 махгача (ёки 9600 км) тезлик билан ҳаракатланди.

«Циркон» гипер овозли қанотли ракетаси. Фото: «Свободная Пресса»

Бу дегани 500 километргача бўлган нишон бир неча дақиқа ичида яксон қилинади. Ҳозирча жаҳоннинг ҳеч бир қудратли давлатининг мудофаа тизимлари 5 махгача бўлган тезликдаги ракетани ушлаб қолишга қодир эмас. Шуни ҳисобга олсак, Европа учун нақадар таҳликали вазият вужудга келаётгани ойдинланади.

РФнинг стратегик вазифаларни бажарувчи ракета қўшинларига қўшимча маблағ ва кўпроқ куч-эътибор ажратилиши мумкин. 60 минг ҳарбийга эга бу қўшинлар ядровий тийиб туриш вазифасини бажармоқда ва Россиянинг ердаги барча ядро шахталари ҳамда ҳаракатдаги қитъалараро баллистик ракеталари билан қуролланган. 

Ёки Сурияда жангарилар билан уруш чоғида денгиздан учирилган ўрта масофадаги «Калибр» ракеталарини оз фурсатларда ердаги базаларга кўчириш бошланади. 500 кмгача учадиган замонавий 9М729 ракетасининг масофаси узайтирилиши, 5000 кмгача етиб борадиган Х-101 авиация қанотли ракеталари сони кўпайтирилиши ҳам мумкин.

АҚШ ҳудудидаги стратегик муҳим объектларни ишдан чиқариш муддатларини қисқартириш мақсадида Арктикага ҳужум қуролларини жойлаштириш эҳтимоли ҳам экспертлар томонидан қайд этилмоқда. Қўшимчасига ҳарбий-денгиз кучлари кемалари, ҳарбий космик кучлар учоқлари ҳам кучайтирилади. Москва АҚШ қирғоқбўйларига яқин жойларда ўз сувости атом кемаларини кўпайтиришга интилади.

Ҳеч шубҳасиз, бу каби қуролланиш ва гиперкалибр ядро қуролининг (100 мегатонна тротил эквивалентидан ортиқ) ишлаб чиқара бошланиши бир кун келиб, инсоният тақдири учун фалокатли бўлиши башорат қилинмоқда.

Лазиз Ҳасан ўғли

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг