Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дори ҳам, текширув ҳам, жарроҳлик амалиёти ҳам текин» – бу имтиёздан кимлар фойдаланиши мумкин? (видео)

Энг қиммат операция, энг қийин жарроҳлик амалиёти, энг узоқ муддат қилинадиган жарроҳлик... Дунёда хасталик кўп, дард кўп. Айтишадику, қаеринг оғриса ўша еринг жон, деб. Айниқса, мия билан боғлиқ хасталиклар жуда узоқ диагностикани, яъни  ташхисни ва давони талаб қилади.

Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида мия билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Тасаввур қилинг: қилдан ингичка асаб толалари устида жарроҳлик амалиёти ўтказилишини ёки оёқ томирига қилдай симни жойлаштириб миягача етказишни, мияни очмай томир орқали операция қилишни...

– Авваллари йилнинг бошида бизга давлат томонидан маълум миқдордаги пул ажратиларди. У пул ойликка, дори-дармонларга кетарди, озгина қисми беморларнинг операцияси учун қоларди. Чунки қон-томир операцияси учун жуда катта маблағ талаб қилинади, – дейди тиббиёт маркази директори, профессор Ғайрат Қориев. – Қон-томирга ўрнатиладиган махсус аппаратуралар жуда қиммат туради. 2021 йил 28 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан бизнинг тиббиёт марказимиз шартнома тузди. Энди ахборот тизими асосида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) томонидан уларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини стандартлар асосида баҳолаш, ажратилган маблағлар самарадорлигини назорат қилиш имкони бор. 

Дарвоқе, ушбу даво масканида имтиёзли шахсларга кўрсатилган юқори технологик тиббий ёрдам харажатлари Жамғарма томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.  

Хўш, бу имтиёздан кимлар фойдаланиши мумкин?

Улуғбек Асадуллаев, бош шифокор:

– Бу имтиёз, яъни йўлланма 18 ёшгача бўлган болалар, нафақа ёшидагилар, ногиронлар, афғонда хизмат қилган уруш қатнашчилари, сурункали касалликлар билан рўйхатда турганлар, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган, деб эътироф этилган оилаларнинг аъзоларига ёрдам кўрсатилади.

Бош мия ўсмаси, қон томир касалликлари, қон босими ошиши натижасида қон томирлари ёрилган беморларни даволаймиз. Президентимизнинг 51-99 қароридан кейин қон-томир касалликларини жарроҳлик йўли билан даволаш йўлга қўйилди. Аввал бу нарса бизда йўқ эди. Фақат беморга ташхис қўйиш билан чегаралана олардик. Ташхис қўйганимиздан кейин бемор операция учун кетадиган материални, томир ичига қўйиладиган катетерларни ўзи сотиб олиши керак эди. Бу эса беморга жуда оғирлик қиларди.  Яъни, 30-50 миллион пул керак бўлади ўша нарсаларни сотиб олиш учун. Бемор маблағ топса даволанарди, тополмагани: «мен пул топа олмадим кейинроқ даволанаман» деб даволанишни ортга сурарди. Ўтган йилнинг сентябрида Жамғармадан бизга пул ажратилди. Бир ой ичида барча операция ва беморга ўрнатишга керак бўладиган материалларни олдик, уч ой ичида умидсиз кетган касалларни чақирдик. Камбағал одам ўлиб кетавераркан, деб умидсизланган беморларга нима дейишни билмасдик. Чақирган беморларимиз декабрь ойида келишни бошлади. Январь ойида 33 та операция қилдик. Касалларга 55 млн., 70 млн., 80 млн. сўмлик операцияларни текинга қилдик. Касаллар шунақа миннатдорлик билдиришди. Кўзингиз ёшга тўлади. Кетган харажатлар ҳужжатига қўл қўйишаётганда «Жамғармадан шунча пул менга ажратилдими», дейишди.

Эпилепсиянинг баъзи турлари жарроҳлик билан бартараф этилади

Наврўз Ҳосилбеков, шифокор:

– Бу касалликни аниқлашнинг ўзи қийин. Чунки бу хасталикни беморнинг қариндошлари яширишади. Бу бекитилган касаллик. Эпилепсия МСКТ, МРТда аниқланиши қийин, лекин махсус 3 тестли МРТлар бор аниқланаяпти. Вақтида даволанмагани, дорисини вақтида ичмагани учун мияда чандиқлар пайдо бўлади. Ва шу чандиқлар, яъни хуруж ўчоғини олиб ташланса хуруж тўхтайди. Аммо бунда жарроҳлик ўтказгунча жуда узоқ масофа ва муддат талаб қилади. Текшириш керак, дорилар билан даволаб кўриш керак, ана ундан кейин, 3 йиллик кузатув ва текширувлардан сўнг операция қилиш қарорига келинади.

Гулсара Назарова, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри:

– 25 ёшли ўғлим Россияда ишлаб юрганида йиқилиб мияси лат егач  операция бўлганди. Икки йилдан кейин оёқ қўли ишламай қолди. МРТга тушганда миясида ўзгариш бўлганини айтишди. 2020 йил битта кўзи кўрмай бошлади. Биз карантин пайтида  Россияда қолиб кетдик. Миясида ўсимта бор экан. Бир йиллар юраверди ўша касали билан. У ёқда операцияга 250 минг рубль сўради. Мен имконим борича топиб бердим. Россияда ҳам шунақа суғурта бор экан. Яъни полиси бўлса текин қилинаркан.

Менга бу ерга келишимизни поликлиникамиз тавсия қилди. Барча текширувлар текин бўлди. Энди операцияни, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси йўлланмаси билан текин қилишмоқчи.

Муаммо ҳам йўқ эмас

Мия билан боғлиқ жарроҳлик амалиётида энг қиммати бу томирга қўйиладиган катетерлар, спираллар....

Нейрохирургияда прогноз қилиш жуда қийин, дейишди мутахассислар. У уйғонадами, уйғонгач ногирон бўлиб қолмайдими? Қолаверса, улар реанимацияда икки, уч ой қолиб кетаркан. Демак, яна маблағ масаласи кўндаланг бўлади. Яъни, беморга ажратилган миқдор  бемор узоқ муддат ётиб қолса ўша маблағ етмайди. Аслида бемор 14-15 кун ётиб чиқиши керак экан. Балки бу беморнинг ҳолати 3-6 ой ётишни талаб қилар, мия узоқ вақт ўзига келиш учун узоқ вақт талаб қилади.

«Мен шифокорман аммо, касалларга кетадиган маблағни ҳисоб-китоб қиладиган менежерга айланиб қолаяпман», – дейди тиббиёт маркази директор Ғайрат ака. – Яна бир муаммо вилоятларда бошқача ташхис билан жўнатишади, чунки уларда аниқ ташхис қўйиш имкони йўқ. Бизга бемор бошқа шифрофка билан келади. Биз беморни бу ерда бошқатдан текширамиз, мия қопқоғини очиб ўсимтанинг қай даражада эканлигини аниқлаганимиздан кейин бошқа ташхис чиқади. Демак, вилоятда аниқланган маблағ операция ўтказганимиздан кейин умуман ўзгариб кетади. Мана шу жараённи бошқатдан ўрганиб чиқиш керак.

Яқинда президент ўз мурожаатида халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини таъкидлади. Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланишига, ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилишига, келгуси йил бу тизим Тошкент шаҳрида бошланиши, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинишига алоҳида урғу берилди.

Демак, келгуси йил Давлат тиббий суғуртаси жамғармасида иш ҳажми янада ортади, беморларнинг соғайиши учун маблағ ажратилиши кўпаяди ва юқорида санаб ўтилган камчиликлар ҳам эътибордан четда қолмайди.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг