Диний китоблар нега қиммат? Муаммо таҳлили
Анчадан бери ичимни кемирадиган бир муаммо ҳақида сўзламоқчиман. Бунинг сабаблари кўп.
Тошкент Ислом маъҳадида дарс бериш билан бирга, йигирма йилдан ошди, матбуот ва ноширлик фаолияти билан шуғулланаман. 2003—2009-йиллари «Fikr Media» номли фирмада диний мазмундаги китоблар нашрини амалга оширдим. Шу давр мобайнида «Fikrat» номли журналга муассислик қилдим. «Fikr Media»нинг фаолияти судланиш билан якунланди. Корхона мол-мулкининг мусодараси, катта миқдорда жарима ва уч йил ноширлик фаолияти билан шуғулланмаслик менга берилган жазо бўлди. Камига фаолиятим қораланган телекўрсатув ҳам намойиш қилинди.
2014 йилдан «Qaqnus» корхонаси таъсис этилди. Ҳозир корхона қошида нашриёт ва босмахона фаолият юритмоқда.
Буларни мен ҳолидан шикоят қилиш ёки ўзидан қаҳрамон ясаш мақсадида ёзмаяпман. Чунки диний китоблар қимматлиги учун мени айблаб постлар қўйилганда ҳам, фаолиятимдаги муаммолар ҳақида ҳеч кимга нолимаганман. Фақат буларни ҳозирда изҳор қилишдан мақсадим, айтмоқчи бўлган масалам бўй-басти билан кўринсин. Ва асосийси ана шу муаммоларни ҳозирда бартараф этиш вақти келди, деган мулоҳазам бор.
Хуллас, мамлакатимизда диний китоблар нашри борасида бир қатор муаммолар бор. Масалан, китобларнинг Диний қўмита (Дин ишлари бўйича қўмита) томонидан экспертиза қилинишига тўхталсам. Қаттиқ меҳнат ёки катта ҳақ эвазига нашрга тайёрланган китобни Диний қўмитага топширасиз. Ҳали экспертизадан ўтмаган китобни нашрга тайёрлаш жараёнидаги таҳлика ҳақида ҳеч нарса демадим. Мазкур давр жараёнида уйда, кўчада ё ишхонада қўлга тушиб қолсангиз, рухсат олинмаган китобни нашрга тайёрлаш ёки тарқатиш айби билан судга тортилишингиз ҳеч гап эмас. Чунки бу тўғридаги қонунчилик хоҳлаган томонга бурилиш имконини берар даражада ноаниқ. Китобни Қўмитага топшириб, улар рухсат беришларини ойлаб ва ҳатто йиллаб кутишингиз мумкин. Худо ёрлақаб китобингизга рухсат чиқиб қолса, рухсатнома бланкасида Ўзбекистонда диний китоб нашрини монополия қилган 3-4 нашриёт ва босмахонанинг номи (бундай чеклов қайси қонун ва қарорга асосан амалга татбиқ қилинаётганини ҳали-ҳануз тушунмайман. Сўраганимда оғзаки буйруқ бор, дейишган), китоб тиражи ва нашр этиш муддати (ҳозирда шу жиҳат бекор қилинган) белгиланган бўлади. Рухсатномани белгиланган тўловни амалга оширгач қўлингизга оласиз ва яна тираж миқдорича голограммага ҳақ тўлаш мажбуриятида қоласиз. Ундан кейин нашриётлар нархини суриштириб, монополия соясида чиқариб берилган қиммат нархли нашриёт билан шартнома тузасиз (айни китобни сиз ўзингиз нашриёт ва босмахонангизда икки баробар арзонга чоп этишингиз мумкин. Лекин бунга ҳаққингиз йўқ). Агар нашриёт китобни экспертиза хулосасида кўрсатилган муддатда нашр қилиб бера олса, хўп-хўп, акс ҳолда яна қайта ҳаражат билан Диний қўмитадан рухсат олиш мажбуриятида қоласиз.
Охирида Қўмитага қилинган харажат ва монополист нашриёт қўйган нарх билан қимматлаган китобни китоб бозорига таклиф этасиз. У ердаги уддабурон сотувчилар бири китобингизни кўтарасига сотиб олади. Табиий, олдиндан пули тўланган, чекланган нусхада нашр этилган китобни сотувчи хоҳлаган нархида сотади. Шундоғам қиммат китоб нархи икки-ўн баробар қимматлашади. Чунки буёғи талаб ва таклифдан келиб чиқади.
Китоб нархини ушлаб туриш учун ношир уни кўтарасига сотмаслиги ҳам мумкин. Аммо қарзга олинган маблағни қайтариш мажбурияти ва сотувчиларнинг уддабуронлиги сабаб, барибир китобни кўтарасига сотишга мажбур бўлади.
Бу китобни ноширдан то ўқувчи қўлига етгунгача бўлган жараён. Бунда китобнинг муаллиф ёки таржимон қўлида тайёр бўлгунча бўлган қийинчиликларни айтмайман.
Энди муаммонинг мен тушунмайдиган жиҳатлари ва амалий таклифларга ўтсам.
Тушунмаган жиҳатларим: Диний соҳадаги қарийб ўттиз йиллик, матбуотдаги йигирма беш йиллик ва ноширликдаги ўн беш йиллик тажрибам бўла туриб ҳам, бу соҳада ҳамма қонуний ва молиявий жиҳатларни риоя қилиш мақсадида юридик шахслар ташкил этиб ҳам, ўз нашриёт ва босмахонамда нега диний адабиёт нашр ва чоп этишим мумкин эмас? Нима, шу китобларни экспертиза қиладиган, нашр ва чоп этадиган ташкилотдаги кишилардан кўра динни ҳамда сиёсатни кам тушунаманми? Агар динни улардан кам тушунган тақдиримда, давлатнинг масъул идорасидан экспертиза қилинган китобни наҳот ўз корхонамда нашр ва чоп қилишга ҳуқуқим бўлмаса? Бу саволнинг қадрини юридик шахс ташкил қилиб, ўнлаб кишиларни иш билан таъминлаб, давлатга солиқ тўлаётган кишилар жуда яхши тушунишади.
Бу соҳада ишларни тўғри йўлга қўйиш учун амалий таклифларим:
1. Диний мазмундаги китобни экспертиза қилиш, майли керакдир. Аммо уни диний билимга чуқурроқ эга бўлган кишилар томонидан, кўриб чиқиш муддати қатъий белгиланган тарзда амалга ошириш керак (охирги берган китобларим экспертизада 14 ойдан бери ётибди).
2. Китобнинг тиражини чекламаслик керак. Чеклаш китобнинг нархи кўтарилиб кетишига ва ҳозирда ҳукуматимиз томонидан қўлланаётган Ислом маърифатини кенг оммага етказиш ишига қаттиқ зарба беради.
3. Диний китобларни нашр этиш ҳуқуқини муайян нашриётларга бериш орқали бошқаларни чекламаслик лозим. Бу ҳолат зарарли монополияга олиб боради, китоб ва китобхонлик ишларига путур етказади ва асл мутахассис корхоналар ҳуқуқини ер билан яксон қилади. Қолаверса, диний экспертизадан ўтгандан кейин китоб жамият учун хавфсиз саналади. Шундай экан, бу китобни нашрга тайёрлаган нашриёт чоп қилишининг нима ёмон томони бор. Бу бировнинг боласини қўлидан тортиб олиб, бегонага бериб юборишга ўхшамайдими?
Хуллас, менинг бу борада гапим шу. Буни соҳадаги мантиқсизликлардан узоқ йиллардан бери азият чекаётган кишининг фикрлари, деб қабул қилинг. Муаммолар пайдо бўлганига анча вақт бўлган. Шунинг учун ҳозир бунга масъул бўлган идора ва шахслар гапларимни ўзингизга олманг. Балки ҳозирги ислоҳотлар даврида фикрларимни инобатга олсангиз, бундан фақат ютарсиз.
Буларни изҳор қилишимдан мақсад, юзага келган имкониятдан фойдаланиш, айримларга раддия бериш ва соҳадага ишларни ислоҳ қилишга ожизона бир уриниш холос.
Мубашшир Аҳмад
«Azon.uz» порталидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter