Қаловини топса... Наманганда матбуотни қандай қутқаришмоқда?
Тиниб-тинчимас Аҳадхон Абдуҳамидов яна бир хайрли ишга қўл урсами?! Ўзи таъсисчи бўлган Косонсойдаги «Заковат» нашриёт уйига лизинг шартномаси асосида 313 минг 800 АҚШ долларига тенг босмахона ва қадоқлаш жиҳозлари олиб келиб ўрнатди. Шундай қилиб, Наманган вилоятидаги босма нашрлар таҳририятларининг бошқа минтақаларга боришига эҳтиёж қолмади.
Аҳадхон Абдуҳамидов серқирра мутахассис: агрохимик-тупроқшунос, журналист-иқтисодчи. Журналистикада ҳам нон, ҳам ном топишни аллақчон исботлаб қўйган: «Заковат», «Кино плюс ТВ», «Интерфутбол», «Интерспорт» газеталарини ташкил этгани кўпларга маълум. Босмахона ва қоғоз харажатлари белини букиб қўймаслиги учун босмахона асбоб-ускуналарини сотиб олди. 2007 йилдан тумандаги қурилиш участкаси биносида ижара асосида фаолият юритди. Кейинроқ — 2016 йилда тугатилаётган эски бинони 0,50 гектар ери билан сотиб олди. Босмахона анжомларини ўрнатди. Ўзи ташкил этган газеталарни чоп этиб келди. Бу орада иқтисодий жиҳатдан туман «Косонсойнома» газетасига ҳам беш йил раҳбарлик қилди.
Фаолият кенгайтириш устида изланиб, икки марта Ҳиндистонга борди. Хитой ва Кореяда бўлди. Босиш, қадоқлаш дастгоҳларининг самараси ва нархини обдон ўрганди. Ҳозиргача ишлаб келаётган 35 нафар ишчи ёнига яна шунча қўшилиши унинг орзуси эди. Мана, орзу ушалди: 313 800 АҚШ долларига тенг 11 турдаги Ҳиндистон ва Хитой жиҳозларини келтирди. Унинг атиги биттаси — газета босиш машинаси янги йил арафасида — 31 декабрь куни ишга туширилди. Тўрт бўёқлик замонавий босиш дастгоҳи бир соатда 60 минг нусха газета боса олади. Ўрнатилган яна бир янги дастгоҳ босма машиналарига форма тайёрлаб беради. Кейингисида эса кенг ҳажмдаги — 12 метрли баннерлар тайёрлаш мумкин.
Наманган вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Раҳимжон Ирисовнинг хурсандлигини айтинг: «Бугун ўқувчиларга тез ва сифатли ахборот керак. Ноқулай об-ҳаво шароитида газеталарнинг бошқа вилоятларда чоп этиб келтирилиши оқибатида обуначиларга вақтида етиб бормас эди. «Заковат»чилар ўзлари чоп этган газеталарни таҳририятларга етказиб беришни ҳам зиммага олган. Бу босма нашрлар жамоасига ҳам бир мунча қулайликлар яратади».
Санжарбек Ҳамидов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter