Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депутатларни тонировкага «тиши ўтмайди», бу жойга келганда… Тезлик учун жаримани пасайтириш танқидларга сабаб бўлмоқда

Депутатларни тонировкага «тиши ўтмайди», бу жойга келганда… Тезлик учун жаримани пасайтириш танқидларга сабаб бўлмоқда

Фото: Xabar.uz

Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Депутат Қодир Жўраевнинг хабар беришича, лойиҳада қуйидагилар таклиф қилинмоқда:

  • ҳайдовчилик гувоҳномаси, «тех паспорт», суғурта полиси каби ҳужжатларни ёнида олиб юриш талабини бекор қилиш;
  • транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларга bluetooth, қулоқчин каби қўлни банд қилмайдиган аксессуарлардан фойдаланган ҳолда телефонда гаплашишга рухсат бериш;
  • транспорт воситаси салонининг олд қисмига монитор ўрнатганлик учун жавобгарликни бекор қилиш;
  • тезликни ошириб юборганлик учун радарлар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташлаган ҳолда жавобгарликка тортиш (ҳозирда фақат энг минимал тезликдан айирилади, кейинги поғона юқори тезликда айирилмайди).

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасига депутатлар тезликни оширганлик учун жаримани камайтиришни ҳам таклиф қилишмоқда. Унга кўра, депутатлар белгиланган тезликни 20-40 км/соатга оширганларга жаримани амалдаги БҲМнинг 5 бараваридан 3 бараварига туширишмоқчи.

Депутатларнинг тезлик учун жаримани пасайтириш ташаббуси танқидларга сабаб бўлмоқда.

«Юқоридаги ҳамма ўзгариш тўғри, лекин тезликни оширганлик учун жаримани камайтиришга мутлақо қўшилмайман. 70 белгиланган жойда 110 тезликда келса, атиги 810 минг сўм жарима қўлланиши нотўғри. Бу ахир катта тезлик, қанчадан қанча одамнинг умрига зомин бўлиши мумкин.

Рухсатсиз тонировка ҳеч кимга зиён қилмаса ҳам салкам 7 млн сўмдан 11 млн сўмгача жарима белгиланган бир пайтда юзлаб одамлар ўлимига сабаб бўладиган юқори тезлик учун жаримани камайтириш мантиқсизлик (аҳмоқлик дейишга истиҳола қилдим). Хўп, тушундик, депутатларни тонировка масаласига "тиши ўтмайди", бу жойга келганда улар кўр ва карга айланиб қолади, лекин тезликни оширганлик учун жаримани камайтиришга бало борми, ҳайронман? Бўладиган ишни қилсангларчи...», деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

«Қарорни фақат машинада юрадиган одамлар қабул қилса, шунақа бўлади: фақат ўзига қулай бўлишини истайверади. Депутатлар тезлик учун жарима миқдорини туширмоқчи экан. Депутатларимиз ҳам ўзимизга хос», дея муносабат билдирган Davletovuz.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг