Давлатга топширилган шоли пули тадбиркорга ундириб берилди
Нукус туман ҳудудида фаолият юритаётган «Мамбет» МЧЖга туман ҳокимининг 2018 йил 18 июндаги қарори билан 32 га ер майдонга шоли экиш учун режа белгилаб берилган. Фермер белгиланган режа бўйича шоли етиштирган ва 2018 йил 4 октябрь куни «Қорақалпоқдонмаҳсулотлари» АЖ билан 32 гектар ер майдонга 38,4 тонна давлат эхтиёжлари учун шоли уруғларини харид қилиш бўйича контрактация шартномасини тузган ҳамда шартномага асосан давлатга 38,4 тонна шоли топширган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туман бўлими аниқлашича, тузилган контрактация шартномаси бўйича «Мамбет» МЧЖга «Қорақалпоқдонмаҳсулотлари» АЖ томонидан шартнома пуллари ўтказилиб берилмаган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг «Xabar.uz»га хабар беришича, ушбу ҳолат ўрганиб чиқилиб, «Мамбет» МЧЖ томонидан топширилган 129 миллион 127 минг 148 сўм уруғлик шоли пуллари «Қорақалпоқдонмаҳсулотлари» АЖдан ундириб берилди ва амалий ёрдам кўрсатилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter