Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат хизматчиси ахлоқ қоидаларини бузса...

Давлат хизматчиси ахлоқ қоидаларини бузса...

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳокимлар фаолияти билан боғлиқ турли маълумотлар тарқалиб, ҳокимият вакилларига бўлган халқ ишончини муайян даражада пасайишига, уларга нисбатан муросасиз кайфиятнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Гувоҳи бўлганимиздек, ҳокимлар томонидан йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари бевосита уларнинг этикаси билан боғлиқ бўлмоқда. Яъни, ҳокимлар ўзига юкланган этика талабларини бузмоқда ва ушбу ҳолатлар халқнинг танқидига учрамоқда.

Хориж тажрибаси

Японияда давлат хизматининг хулқ-атвор стандартлари «Миллий давлат хизматининг этикаси тўғрисида»ги Қонун ва ҳар бир вазирлик ва идорада ўрнатилган ахлоқ кодексларида баён этилган. Уларда юқори лавозимли амалдорларнинг 5 000 иенадан юқори бўлган қийматдаги совғалар, хайрия ва ҳоказоларни олганлиги ҳақида ҳисобот бериш мажбурияти ҳамда жуда юқори лавозимдаги амалдорларга ўз акциялари ва даромадлари тўғрисида ҳисобот бериш мажбурияти юклатилган. Кадрлар Миллий Бошқармаси (National Personnel Authority) ҳузуридаги Давлат хизматининг Этика Кенгаши (National Public Service Ethics Board) давлат хизмати этика қоидалари билан боғлиқ масалалар, жумладан, семинарлар ўтказиш, ҳисоботларни кўриб чиқиш, этикага зид хатти-ҳаракатларни тергов қилиш ва жазолаш масалалари бўйича маъсул ҳисобланади.

Шунингдек, хорижий давлатларда этика масалалари бўйича давлат хизматчиларига семинарлар ташкил этиш мажбурий ёки ихтиёрий ёхуд иккала кўринишда ҳам мавжуд. Масалан, Австралия, Франция, Япония, Корея, Польша каби давлатларда мажбурий равишда давлат хизматчилари учун семинарлар ташкил этилса, Канада, Норвегия, Испания каби давлатларда улар ихтиёрий равишда олиб борилади. Баъзи давлатларда эса, семинарлар ўтказилиши махсус агентликлар томонидан мажбурий деб топилган ёки эгалланаётган лавозим семинар ўтказилишини мажбурий этиб белгиланган ҳолларда мажбурий ташкил этилиши мумкин. Ва энг асосийси, хорижий давлатларда давлат хизматчилари томонидан хулқ-атвор стандартларига риоя қилинишини мониторинг қилиш йўлга қўйилган. Масалан, бундай назорат АҚШ ва Туркияда давлат органлари ва идораларининг инспекция бўлимлари, Италияда Молиявий ва давлат хизмати инспекцияси, Польшада Назорат Департаменти, Испанияда Текширув Бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилган ҳолларда қўлланиладиган интизомий чоралар эса қуйидагилардан иборат:

- Оғзаки ёки ёзма равишда огоҳлантириш, танбеҳ бериш ва чақириқ, маслаҳат бериш;

- Жарима солиш ёхуд иш ҳақи ёки қўшимча имтиёзларни чеклаш ва камайтириш йўли билан моддий қийинчиликка солиш;

- Жарима;

- Иш ҳақини ушлаб қолиш.

- Иш ҳақини камайтириш, нафақаларни камайтириш.

- Пенсия миқдорини пасайтириш;

- Пенсиядан маҳрум қилиш;

- Ҳозирги ёки келажакдаги карьерага таъсир кўрсатиш: ишдан бўшатиш, лавозимга ўтишнинг секинлашиши, унвондан маҳрум қилиш ёки яшаш жойини ўзгартириш билан лавозимидан четлаштириш, вақтинча ишдан бўшатиш.

- Ишдан бўшатиш, дисквалификация.

Таклифлар

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда давлат хизматчилари этикасини тартибга солувчи қонунчиликка қуйидаги таклифларни бериш мумкин:

Биринчидан, одоб-ахлоқ қоидаларини давлат хизматчиларига ўқув дастурлари, маълумот ва маслаҳатлар бериш орқали етказиш амалиётини йўлга қўйиш лозим.

Иккинчидан, Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш усулларини белгилаш, бунда жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Яъни давлат хизматчилари томонидан мазкур Қоидаларга риоя этилишини аниқлаш усулларига жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, Одоб-ахлоқ Комиссияси текшируви натижалари, юқори турувчи орган тақдимномаси ва бошқа асосларни ҳам киритиш мумкин.

Учинчидан, давлат хизматчиларининг этика қоидаларига зид хатти-ҳаракатларини учун жавобгарликка тортиш ва уларга қўлланиладиган чоралар бевосита Одоб-ахлоқ қоидаларининг ўзида белгилаб қўйилиши керак. Бунда жавобгарлик чоралари давлат хизматчилари томонидан йўл қўйилган хатти-ҳаракат (ҳаракатсизликлар) юзага келтириши мумкин бўлган оқибатига кўра тоифаларга ажратилиши мақсадга мувофиқ. Шунга кўра, жавобгарлик чораларини огоҳлантириш, лавозимдан пасайтириш, ваколатларни амалга оширишни муайян даврга тўхтатиб қуйиш, пенсия миқдорини камайтириш ёки ундан маҳрум этиш, ишдан бўшатиш, қоидаларни бузган давлат хизматчиларига ўз ихтиёри билан ишдан кетиш бўйича маслаҳатлар бериш, зарарларни қоплаш, интизомий жавобгарлик белгилаш ва ҳуқуқбузарликни турига қараб қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа жавобгарлик чораларидан иборат таркибда белгилаш мумкин.

Тўртинчидан, Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш механизмини такомиллаштириш, бунда Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишларини давлат органи ходимларидан иборат таркибда кўриб чиқиш тартибини бекор қилиш мумкин.

Бешинчидан, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш орқали давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларга риоя этишилиши механизмларини белгилаш лозим.

Адиба Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг