Давлат шифохоналарига босқичма-босқич молиявий мустақиллик берилади – лойиҳа
ССВ аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизими бўлишини айтаётган 2024—2030 йиллар учун «Аҳоли саломатлиги — 2030» миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқди.
Унга кўра, замонавий ва самарали бошқарув усуллари ҳамда молиявий механизмларини жорий қилиш орқали тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 2030 йилга қадар давлат соғлиқни сақлаш тизимида юридик мақомга эга бўлган тиббиёт муассасаларига молиявий мустақиллик бериш ва молиявий фаолиятини «Бизнес режа» асосида юритиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек, соғлиқни сақлашнинг қуйи (бирламчи), ўрта (иккиламчи) ва юқори (учламчи) бўғимларидаги муассасаларни молиялаштириш манбаси, дори-дармон, тиббий буюм, жиҳоз ва ускуналар билан таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш ҳажми ва шакллари ҳамда бошқарув усуллари белгиланган янги миллий тиббий ёрдам тизими тўлиқ шакллантирилади.
Тиббиётнинг барча даражалари учун ҳар йили янгиланиб бориладиган кафолатланган тиббий хизматларнинг аниқ ҳажми белгиланади, пуллик тиббий хизматлар тури кенгайтирилади ҳамда стационар тиббиёт муассасаларида клиник-харажат гуруҳларига асосан «ҳар бир даволанган ҳолат» учун ҳамда амбулатор-поликлиникаларда бириктирилган аҳолига нисбатан «аҳоли жон бошига» молиялаштириш орқали Давлат тиббий суғуртаси механизмларига тўлиқ ўтилади.
Бундан ташқари, тиббиёт тизимини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида тиббиёт соҳасининг ялпи ички махсулотдаги улуши 5 фоизга етказилади.
Бирламчи бўғин муассасаларининг 30 фоизи, вилоят муассасаларининг 50 фоизи, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва Республика муассасаларининг 70 фоизи миллий аккредитациядан ўтказилади.
Кафолатланган тиббий хизматлар доирасида кўрсатиладиган хизматларини сотиб олиш шарти билан оилавий шифокорлик пункти ва поликлиника биноларини қуриш, жиҳозлаш ва ходимлар билан таъминлаш ишларга маҳаллий ва хорижий инвесторлар жалб этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter