Давлат бюджетидан жорий этилган 127 турдаги субсидиянинг 15 тасидан фойдаланилмаяпти
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган иқтисодиёт тармоқларига йўналтирилган имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилишда таъкидланишича, экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган субсидиялар ҳам ўз натижасини бериб, тадбиркорларнинг ташқи бозорга чиқишига мадад бўлмоқда.
Биргина ўтган йилда 280 миллиард сўмдан ортиқ шундай субсидиялар ажратилган бўлиб, унинг 220 миллиардга яқини экспорт бўйича транспорт харажатларига йўналтирилган. Натижада 2 минг 800 та корхона илк бор ташқи бозорга чиққан.
Шунингдек, экспортчи корхоналарга халқаро стандартлаш ва сертификациялаш, суғурта ва ҳатто реклама харажатлари қисман қоплаб берилмоқда. Натижада электр техникаси тармоғида берилган ҳар бир сўм субсидия эвазига 870 сўмлик экспорт амалга оширилган. Бу кўрсаткич тўқимачилик соҳасида 555 сўм, қурилиш материаллари соҳасида 273 сўмни ташкил этган.
Тадбиркорларга кўмаклашиш учун кредит фоизларини компенсация қилиш ва кредит кафолатлари бериш тизими яратилди. Уларга кредит юкламаларини камайтириш мақсадида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 6 триллион 100 миллиард сўмлик мажбуриятлар олинган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 2 триллион 500 миллиард сўмлик компенсациялар тўлаб берилган.
Лекин, жойларда имтиёзлардан самарасиз ёки мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Масалан, давлат бюджетидан 127 турдаги субсидия жорий этилган бўлса-да, амалда уларнинг 15 тасидан фойдаланилмаяпти.
Тармоқлар ва соҳалар бўйича ҳам имтиёзлар самарадорлиги бир хил эмас. Мисол учун, қишлоқ хўжалигига берилган ҳар 1 сўм имтиёз эвазига соҳада 33 сўм қўшилган қиймат яратилмоқда. Бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 30 сўм, таълимда 22 сўм, ахборот технологияларида 16 сўмни ташкил этмоқда.
Йиғилишда имтиёзларнинг самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter