Дамашқ кимёвий ҳужум ортидан КҚТТни текширув ўтказишга таклиф қилди
10 апрель куни Сурия ҳукумати Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти(КҚТТ)га Дума шаҳрига келиб кимёвий ҳужум юзасидан текширув ўтказиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Франциянинг «Европа 1» радиоси «Сана» ахборот агентлигига асосланиб хабар берди.
«Сурия ташкилот билан ҳамкор қилишга тайёр», — дея баёнот берган Сурия ташқи ишлар вазирлигининг ходими. «Вазирлик КҚТТга Думага ҳолат юзасидан далилларни ўрганиш ва текширув ўтказиш учун экспертлар гуруҳини жўнатишни сўраб расмий таклифнома юборди», — дея қўшимча қилди расмий вакил.
Шунингдек, 10 апрель куни БМТ ХК Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилганини текшириш учун халқаро текширув механизмини яратишни кўзда тутувчи резолюция лойиҳасини муҳокама қилиши керак. Уни АҚШ тайёрлаган. Ўз навбатида, Суриянинг энг яқин шериги Россия ҳам текширувга КҚТТни ҳам жалб қилиш сўралган ўз резолюцияси лойиҳасини илгари сурмоқда.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ташкилот ходимлари ўз вазифаларини бажариш учун воқеа жойига боришлари лозимлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига қараганда, Россия ҳамда Сурия кучлари экспертлар учун барча шароитларни яратиб беради.
Бироз олдинроқ ташкилот қисқа фурсат ичида текширувчилар гуруҳини юборишини маълум қилган ва Суриядан ташриф учун барча шароитларни яратиб беришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 7 апрель куни Суриянинг исёнчилар жойлашган Дума шаҳрига кимёвий ҳужум уюштирилиши туфайли 40 нафар киши, жумладан ёш болалар ҳам вафот этди. АҚШ бошчилигидаги халқаро ҳамжамият ушбу ҳужумда Сурия ҳукумати ҳамда унинг энг яқин шериги бўлмиш Россияни айбламоқда. Аммо улар бу айбловларни кескин рад этиб, Думада ҳеч қандай кимёвий ҳужум бўлмаганини айтишмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter