CSIS: Украинада ҳалок бўлган рус аскарлари сони аввалги 20 та урушида бўлган йўқотишлардан ошиб кетди
Россиянинг Украина урушида берган қурбонлари сони 1945 йилдан кейин бўлган барча тўқнашувларидаги йўқотишлардан ошиб кетди. Бу ҳақда АҚШнинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) ҳисоботида келтириб ўтилди.
CSIS маълумотларига кўра, 2022 йилнинг февралидан 2023 йилнинг февралигача бўлган даврда Украинада 60 мингдан 70 минггача россиялик ҳарбий ҳалок бўлган.
Бошқачароқ айтганла бир йилда Украинада ўлдирилган рус аскарлари сони Чеченистонда 15 йил (3 йиллик танаффус билан) ичида ўлдирилган рус аскарлари сонидан тахминан икки-беш баравар кўп.
Ушбу ҳисоб-китобларга Россия Қуролли Кучлари, Миллий гвардия, Федерал хавфсизлик хизмати ва Федерал қўриқлаш хизматининг оддий аскарлари, шунингдек, Донецк ва Луганск халқ милицияси ҳамда Вагнер гуруҳи каби хусусий ҳарбий компаниялар ёлланувчилари ҳам киради. Умуман олганда, урушнинг биринчи йилида Россияда ярадорлар, ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сони 200 000 дан 250 000 гача етган.
Украина Бош штаби Россиянинг йўқотишлари ҳақида берган маълумотлари анча юқори рақамларни – тахминан 150 минг кишини кўрсатади.
Расмий маълумотларга кўра, Украинага тўлиқ бостириб киришдан олдин Афғонистонда 14-16 минг совет аскари (1979-1989 йиллар), чеченларнинг ҳар иккала юришида 12-25 минг рус аскари (1994-1996, 1999-2009 йиллар) Қрим ва Донбасда эса 6-7 минг киши (2014-2022 йиллар) ҳалок бўлган, деб ёзади CSIS ўз ҳисоботида.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ҳар қандай Совет ёки Россия урушига қараганда Украинадаги йўқотишларнинг даражаси ҳам анча юқори. Урушнинг биринчи йилида Россия Украинада ойига ўртача 5000 дан 5800 гача мунтазам ва сафарбар этилган аскарларини йўқотган. Таққослаш учун, Чеченистонда Россиянинг ҳар ойда ўртача 95 дан 185 гача аскари ҳалок бўлган. Совет Иттифоқи Афғонистондаги урушида эса ҳар ойда ўртача 130 дан 145 гача аскарини йўқотган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter