«Чўнтак адвокатлари»: сирлар фош бўлмоқда, қиёфалар очилмоқда...
Зангиоталик бир адвокат бир кунда 162 нафар одамга хизмат кўрсатибди?! Бу ҳақда «advokatnews.uz» ёзмоқда.
Тасаввурга сиғмас ҳолат, тўғрими?
Рост-да, бир кишига ўн дақиқа юридик маслаҳат берилгандаям 162 нафар одам учун 1620 дақиқа керак бўлади, бу — 27 соат деганидир?! Зангиоталик азаматнинг хизмати эса «юридик маслаҳат» беришдан иборат бўлмаган. У катта эҳтимол билан бир кунда шу-унча одамнинг терговида «қатнашган», айбланувчининг ҳуқуқларини зўр бериб ҳимоя қилган гўё. Ва шунга яраша гонорар ҳам олган (ҳар бир ишдаги «иштироки» учун беш юз минг сўм!). Гонорар сўзини қўштирноққа олмадик, чунки, бу факт!
Ўйлайсизки, о-ла, қулоққа тепманг, оғайни, одамлар амалда ҳеч нарса қилмаган адвокатга ҳақ тўлайдиган даражада аҳмоқ эмас, деб. Йўқ, гонорарни одамлар эмас, давлат тўлайди. Нега десангиз, фуқаронинг ҳимоя ҳуқуқи кафолатланган. Яъники, адвокат ёллашга имконияти бўлмаган одамга тегишли органнинг ўзи ҳимоячи топиб беради ва унинг хизмати ҳақи давлат томонидан қопланади. Маълумотларга қараганда, бунинг учун 2009 йилнинг 2018 йилгача давлат бюджетидан 75 миллиард сўм ажратилган экан. Мазкур маблағнинг мақсадли сарфланиши ўрганилганда юқоридаги манзара лоп этиб юзага чиқибди: зангиоталик адвокат 2 январь кунининг ўзида 162 нафар одамга хизмат кўрсатибди?!
Ҳамма бало шундаки, бу рақам фақат давлат маблағлари ўмарилаётганини кўрсатмайди. Бу рақам 162 нафар шўрликнинг ҳимоя ҳуқуқи амалда таъминланмаганини ҳам англатади. Яъники, терговчи «билганини қилиб», ишни якунлагач, ўзига қарашли «чўнтак адвокатини» чақиради-да, «дело»га имзо қўйдириб олади. Тамом — ҳаммаси тўғри, ҳаммаси қонуний. Қани, ҳимоя ҳуқуқинг бузилганини исботлаб кўр-чи?! (Суд жараёнида эса вазият бироз бошқачароқ: унда ҳимоячининг иштироки шарт. Бироқ «ёруғлик» кутиш маҳол: унга «ҳимояси» остидаги судланувчининг тақдиридан кўра вақт ўтиши муҳим, гонорари нақд!)
Кўряпсизки, бундай «фаол» адвокат давлатгаям, жамиятгаям кони зарар. Бунақа нусхалар мамлакатимизда битта эмаслиги инобатга олинса, келтирилаётган зарар кўламини тасаввур қилиш қийин эмас. Энг даҳшатлиси, бунда «чўнтак адвокатлари»га «иш» топиб бераётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳам «муносиб ҳисса»си бор.
Бунга чек қўйиш учун Адвокатлар палатаси қандай чора-тадбирлар кўрмоқда?
Бош прокуратура нима дер экан?
Бу энди алоҳида мақола мавзуси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter