Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чилладан чиққан Путин, боши эгик Меркель ва Нью-Йорк узра ўлим шарпаси (фото)

Чилладан чиққан Путин, боши эгик Меркель ва Нью-Йорк узра ўлим шарпаси (фото)

Анъанага кўра Хabar.uz муштарийлари эътиборига ҳафта давомида рўй берган энг муҳим 7 ҳодиса ҳавола этилмоқда.

1. Европа мамлакатларида 8 май куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги байрам қилинди.

Фото: «Getty Images»

Мағлуб мамлакат раҳбарлари – Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва канцлер Ангела Меркель Берлинда уруш қурбонларига атаб барпо этилган ёдгорлик пойига гул қўйди. Ўтмишда ватандошлари йўл қўйилган мудҳиш хато сабабидан олмон давлати раҳбарларининг боши ҳамон эгик. 

2. 9 май куни Россияда ҳам ғалаба муносабати билан чекланган тартибда тадбирлар ўтказилди.

Фото: «Reuters»

Хусусан, президент Владимир Путин салкам 40 кун давом этган чилла – карантиндан кейин илк бор жамоат масканида кўриниш берди. У номаълум аскар ёдгорлигига гул қўйди ва қисқа маъруза қилди. Давлат раҳбари ташрифидан бир кун олдин ушбу маскан обдон дезинфекцияланди. Таҳлилчиларга кўра, Путин 20 йиллик фаолияти давомида ўзини жамоатчиликдан бу қадар узоқ муддат иҳоталамаган. Коронавирус хавфи туфайли у 26 мартдан буён кам сонли мулозимлар билан бевосита мулоқот қилмоқда. 

3. Нью-Йорк узра ўлим шарпаси кезмоқда!

Фото: «AFP»

Машҳур Озодлик ҳайкали яқинида тизилиб турган музлаткичли юк машиналари айни пайтда ўликхона вазифасини бажармоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, Нью-Йоркда 333 минг киши коронавирусга чалинган, ундан вафот этганлар сони эса 21 мингдан ортиб кетди.

4. Польшада президент почта орқали сайланиши мумкин.

Фото: «AP»

10 май кунига белгиланган сайлов СOVID-19 инфекцияси сабаб номаълум муддатга кечиктирилди. Мамлакат парламенти – Сейм сайловчилар почта орқали овоз бергани маъқул деб ҳисобламоқда. 

5. Таиланд пойтахти Бангкокдаги кафе ва ресторанлар иш фаолиятини бошлади.

Фото: «AFP»

Аммо умумий овқатланиш муассасалари коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида столлар орасини пластик парда билан тўсишга мажбур бўлди. 

6. 7 май куни дунё аҳолиси «Супер Ой» деб аталган табиат ҳодисасини томоша қилиш имконига эга бўлди.

Фото: «Reuters»

Ернинг йўлдоши яқин масофага келди ва одатдагидан хийла улкан кўринди. Тўлин ойнинг Истанбул узра кўриниши. 

7. Коронавирус Таиланддаги тутқун филларга озодлик туҳфа этмоқда!

Фото: «AP»

Пандемия ортидан жорий этилган карантин чоралари сабаб улкан жониворларни боқиш муаммо бўлиб қолди. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда 2 мингдан зиёд фил очликдан ҳалок бўлиши мумкин. Шу боис Филларни қутқариш жамғармаси тавсиясига кўра жониворлар ёввойи табиат бағрига қўйиб юборилмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг