Chevrolet Trailblazer янгиланди (фото)
General Motors компаниясининг Жанубий Кореядаги бўлинмаси компакт Trailblazer йўлтанламаси (кроссовери)ни янгилади. Автомобилнинг кўриниши агрессивлашди, шунинг учун кўпроқ Trax моделини эслатади, деб ёзди «Авторевю» нашри.
Янгича дизайн натижасида йўлтанламаснинг олд чироқлари юқори бўлмалари янада ингичкалашди (базавий талқинида чўғланма лампалар, қимматларида ёруғлик диодлари қўлланилади). Бампер ва орт чироқлар ҳам ўзгарган, машина кузови ранглари кўпайди. Умуман олганда, у кўпроқ компакт Chevrolet Trax моделига ўхшаб кетади.
Янгиланган машина LS, LT, RS ва Activ комплектацияларида тақдим этилади.
RS талқинининг фарқи — радиатори панжаралари бошқача, ғилдираклари 19 дюймли, бампери учун ҳимоя қопламалари ўрнатилган, ёмон йўллар учун махсус шинали 17 дюймли ғилдиракларга эга.
Trailblazer интерьери (салони) ҳам Trax модели билан бирхиллаштирилган. Аввалги Trailblazer машиналарида аналог асбоблар панели ва медиатизим экрани ўрнатилган бўлса, янгиланган талқинида 8 дюймли дисплей ҳамда 11 дюймли мултимедиа тизими тачскрини мавжуд. Автомобил Chevy Safety Assist комплекси билан таъминланган.
Техник жиҳатдан ўзгаришлар йўқ. Машина капоти остидаги уч цилиндрли турбомотор ўша-ўша. АҚШ учун мўлжалланган олдтортар Trailblazer машинасига 1.2 литрли, вариатор билан ишловчи 139 от кучига эга двигател ўрнатилган. 157 от кучига эга мотор ўрнатилган талқинида эса икки хил трансмиссия кўзда тутилган: вариаторли олдтортар ҳамда тўққиз босқичли автоматли тўлиқтортар.
Янгиланган Chevrolet Trailblazer йўлтанламасларини 2023 йилнинг кузидан Шимолий Америка бозорларига етказиш бошланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter